РАЙХОН САРДОР РАҲИМХОН, ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ, УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ, АКБАР, ЖАҲОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ, АЛИШЕР УЗОҚОВ БИЛАН ЯНГИ ДУЭТЛАР ТАРОНАЛАР! ИЛК КОНЦЕРТДАН КЕЙИНГИ ТАЪСУРОТЛАР.
Ниҳоят, кеча Райҳоннинг узоқ кутилган ва катта шов-шувларга сабаб бўлган концертининг биринчи куни бўлиб ўтди. Саҳнани кўрибоқ, юбилейга анча тайёргарлик кўрилганини англаш қийин эмас эди. Айтганимиздек, баҳайбат экран саҳнанинг орқа томонини тўла эгаллаган, саҳнанинг олд томонидаги ўзгаришни эса ҳеч ким кутмаганди. Фавворалар! Қизиқ, ташқарида ёмғир шаррослаб ёғяпти, ичкарида томошабинлар "сув ўйин”ларидан лаззатланяпти! Хуллас, ҳаммасини фактлар билан келтириб ўтишни лозим топдик:
1.Концертда ҳар бир қўшиққа алоҳида саҳна кўриниши билан ёндашилган. Деталлар роса кўп: саҳна тепасидан тушиб келган оппоқ қанотли фаришта образи, ҳаракатланувчи зинапоялар...
2.Акбар Атамуҳамедов раққосадан "пайдо бўлган” бўлса, "оқ уйча”даги раққос Улуғбек Раҳматуллаевга "айланди”.
3.Хит тароналарини хонанда янги услубларда аранжировка қилдириб, тажриба сифатида синаб кўрган. Натижа ёмон эмас.
4.Согдиана саҳна ортида анча пойлаб, кейин залдан ўз жойини топди. Унинг гулдастасига гап йўқ. Концертни кўзойнакда томша қилар экан, гул бериш учун Райҳоннинг пастга тушишини кутди.
5.Дуэтларнинг саноғи йўқ: Акбар, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Жаҳонгир Позилжонов, Алишер Узоқовлар билан...
6.Энг кутилмаган дуэт Озодбек Назарбеков билан ижро этилди. "Ҳаёт” деб номланган қўшиқда Яратгандан одамларга эзгуликлар сўралди. Сокин тарона, бироқ, жуда мазмундор. Дарвоқе, иккала санъаткорнинг бир хил рангдаги ажойиб либосларда чиққани алоҳида эътибор тортди. Айтишларича, Назарбековнинг шоколод рангли костюм-шимини машҳур дизайнер Дилдора Қосимова яратган.
7.Катта экранда намойиш этилган видеолавҳада хонанда концертнинг моҳиятини ташкил этадиган савол "Севги-бу нима?” дея томошабинларга мурожаат этди. Лавҳалардаги фалсафийлик сизни ўйлантириб қўяди. Ғоя кимдан чиққан бўлса ҳам, баракалла!
8.Концертнинг иккинчи қисмини "Миллий куйлашда ўзни синаш ва уринишлар” деб номласа бўлади. Хонанданинг либосидан тортиб, саҳнада тез ўзгариш топган миллий декоратив ўзгаришлар, қўшиқлар ҳаммаси хонанданинг шу пайтгача ўтган концертларида илк бора кузатилди десак муболаға бўлмас. Хонанданинг "Аёллар”, "Алла”, "Тўй” каби қўшиқлари ўзгача ҳамоҳанглик касб этди.
ДАВОМИ БОР!
Сўнгги хулоса шундай: концерт бошида хонанда бўғзига изтиробу аламлари тиқилиб, онасининг концертида иштирок эта олмаётгани, унинг дардига шифо сўрашларини айтганида кўпчилик кумирининг дардига бир инсон сифатида шерик бўлгандай кўринди. Райҳон юрагини қиёнаётган дардларини ичига ютиб, кўзёшларини зўрға тутиб, қайғусини табассумга айлантира олгани учун кучли санъаткорлигини яна бир бор исбот эта олади. Ҳақиқатан ҳам, ўз танангдаги дардингни енгиш осонроқдир...Бироқ, онажонинг, меҳрибонингни сўндириб бораётган оғриқларни била туриб, кўра туриб, қўлингдан ҳеч нарса кела олмаса? Устига устак, ёлғиз Яратган, ёлғиз онанг каби бошқа сирдошинг бўлмаса...Хонанда аламларини томошабинларга билдирмади. У саҳнада ҳам ҳаяжон билан, ҳам мана шу қалб қийноқлари билан курашди. Энг муҳими, у ғалаба қозонди! Концерт кутилганидан ҳам аъло даражада ўтди!