Сочда қазғоқ кўпайиши сизни ташвишга солаётган бўлса, қуйидаги рецептлар ёрдамида бунинг олдини олиш мумкин:
Қичитқи ўт (газанда). Янги узилган ёки қуруқ газанда баргларини эзиб, 1 стакан қайноқ сувга солиб, бир кунга дамлаб қўйинг ва эртаси куни суюқликни докадан сузиб олинг. Дамламани 2 ой давомида ҳафтада 2 марта бош терисига суриш лозим.
Асал. Бир чой қошиқдан асал, сметана, канакунжут мойи ва икки бўлак эзилган саримсоқпиёзни аралаштиринг. Бу восита сочларингиздаги қазғоқларни камайтиришда самарали ёрдам беради. Мазкур ниқобдан ҳафтада бир марта фойдаланишингиз мумкин.
Лимон шарбати. Яримта лимонни сиқиб, шарбатини ажратиб олинг. Канакунжут, зайтун ва кунгабоқар ёғидан бир чой қошиқдан олиб, лимон шарбатига аралаштиринг. Ушбу аралашмани соч ювишдан ярим соат олдин сочларингизга суринг.
Лимон пўстлоғи. 6 дона лимон меваси пўстлоғини ажратиб олиб, 1 литр сувга солинг. Аралашмани 15 дақиқа қайнатиш лозим, оловни ўчириб, дамламани совутинг, докада сузиб олинг. Ушбу дамламада сочларингизни ҳафтада бир марта ювишингиз мумкин.
Ёғли қазғоқ бўлса ёки соч тўкилса, бош терисига ҳафтада 2-3 марта календуланинг спиртли дамламаси суриш мумкин. Сочлар сочиқ билан ўралиб, 30 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювилади.
Зайтун ёғи. Тўрт ош қошиқ зайтун ёғини қиздириб, унга яримта лимондан олинган шарбатни аралаштиринг. Илиқ массани бош терисига суринг. Бир соатдан сўнг сочларингизни одатий ҳароратдаги сувда ювиб олишингиз мумкин. Агар фойда бермаса…
Агарда юқоридаги рецептлар, дамламалар, ниқоблар қазғоқларни йўқотишга ёрдам бермаса, фойдаланаётган шампунингизни алмаштиринг. Улар, эҳтимол сочларингиз, бош терингизни керагидан ортиқча қуритиб ёки намлантириб юбораётгандир. Доимо катта-катта шаклдаги қазғоқлар сизни безовта қилса, дерматологга мурожаат қилиб кўринг: қазғоқларни тери замбуруғ касалликлари чақирган бўлиши ҳам мумкин. Қазғоқдан умрбод қутулишнинг иложи йўқ, тери маълум фурсат ичида янгиланиб туриши одатий ҳаётий жараёндир. Бироқ уларни юқоридаги рецептлар ёки мутахассис маслаҳати ва кўмаги билан камайтириш мумкин.