Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида яшаб, мактабда дарс берувчи Рустам Шоимов ичкиликка берилиб кетди. Ундан ўрнак олган ўғли Бобомурод Шоимов ҳам икки фарзанднинг отаси бўлишига қарамай, ичкиликбозликни касб қила бошлайди. Бу ҳақда UZ24 хабар бермоқда.
1984 йилда туғилган Шоимов 2014 йил 23 январь куни синфдошлари билан спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда ота-онасининг уйига боради. Бу пайтда отаси ҳам ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражада маст эди.
Илгари бир неча маротаба танбеҳ эшитгани туфайли отасига нисбатан кўнглида адоват сақлаб юрган ўғил бирдан отаси билан тортишиб қолиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида бир учи синиб, ўткир предмет шаклига келиб қолган гайка бурагич билан отасининг бошига зарб билан урди.
Отаси олган оғир тан жароҳати натижасида вафот этди.
Суд жараёнида ўғил қилган жиноятини тан олмай, жиноят содир бўлган кун у синфдошлари билан спиртли ичимлик ичганлигини, кеч соат 21:00ларда ота-онасининг уйига борса, айвонда отаси йиқилиб ётганини кўрганлигини, уйда чироқ йўқлиги туфайли унинг нима учун ётганлигини билмаганлигини айтади.
Қотил ўғилнинг онаси Бибисора Поёнова эса тергов жараёнида «Эримни мен ўлдирганман», деб кўрсатма беради.
Тергов-суриштирув идоралари ходимларининг синчковлик билан олиб борган тезкор тергов ҳаракатлари туфайлигина ҳақиқий жиноятчи ким эканлиги аниқланади.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди қарорига мувофиқ, Б. Шоимовга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.