Меню
Поиск
Фотоалбом
Сундтреки
. Tabib-Sara hi kiyo (soundtreck koreya)
. Sherlock Holmes - soundtreck (mix)
. Vorislar - Soundtreck (serial korea)
. Qalbim Chechagi-soundtreck3
. Saroy Javohiri-Soundtreck4
. O'zga Sayyoralik Mahbubim - Lyn My Destiny
. Iyun Oqshomi - Yagmur (soundtreck)
. Bola Uyda yolg'iz-[Один Дома] soundtreck2
. Ayol Qalbi - True Love
. Sevgi iztirobi - Soundtreck (Turk serial)
. Qalbim Chechagi-soundtreck
. Qaqnus - Soundteck (korea)
. Efir Sirlari - Soundtrack 4
. Romeo va Juletta - soundtreck
. IRIS-soundtreck [New 2012]
Главная » Файлы » MAHALLIY HABARLAR (UZB)

ОМОНАТ ДУНЁ (ҲАЁТИЙ ҲИКОЯ)

Нафақат  Ўзбекистонда  балки  Ўрта  Осиёнинг    шимолий  худудларида  ҳам  бундай  қаҳратон  қиш  камдан-кам  ҳоллардагина  кузатиларди. Мен  туғилиб  ақлимни  танибманки,  бундай  аёзли  қиш  бўлганини  эслай  олмасдим.  Эллик  беш,  олтмиш  ва  ундан  катта  ёшли  кишилар  эса  бундай  қаҳратон  қиш  68-йилларда   ҳам  бўлиб  ўтганини  эслашар,  аммо  совуқ  иқлим  бунча  узоқ  вақт  туриб  қолмаганди   деб   қайта-қайта  такидлашардилар.  Янги  йил  арафасидаги  ёққан  қор  изидан  кириб  келган  25*-30*  даражали совуқ  янги  йилнинг  феврал  ойига  ўтиб  ҳам  чекинишни  хохламасди.  Яна  бу  йиги  қиш  мавсумининг  бир  ноодатий  жиҳати  шунда  эдики,  бу  совуқ  иқлим  шимолдан  жанубга  қараб  Қозоғистондон   Эронгача,   ғарбдан  шарққа  қараб  эса  Каспий  денгизидан  то  Помир  тоғларигача  бўлган  ҳудудларни  қамраб  олганди. Катта  магистрал  йўлларда ҳам  ҳаракатланиш  жуда  мушкул  бўлиб,  дастлабки  кунларданоқ  мана  шу  улкан  ҳудуддаги  барча  автомобил  йўлларида  ёққан  қор  шиналар  босими  билан  прессланиб  асфалтьга  қўшилиб  музлаб  қолганди.  Чекинишни  хохламаётган  совуқ  эса  уни батамом   тозалашга  ҳам   ёки  туз  сепиб  эритишга  ҳам  имкон  бермаётганди.  Йўлларда  ҳосил  бўлган  сирпанчиқ  натижасида  ҳаракатланиш  жуда  қийин  эди.  Қуёшли  ўлка  ҳисобладиган  бу  ҳудуд  кишилари  бундай  совуққа  кўникмаган  ва  тайёр  ҳам  эмасдилар.  Шунинг  учун  ҳам  кишилар  фақат  ўта  зарур  бўлган  ҳоллардагина  узоқ  йўлларга  чиқардилар.   Ҳамма  ёқ  оппоқ  қор  совуқ  бутун борлиқни  ўз  ҳукмида  сақларди. Одамлар  уй-уйларига  биқиниб  олган  айниқса  қишлоқ  жойларда  кўчада  бирор  кишини  учратиш  душвор  эди.  Қисқа  қиш  кундузлари  ҳам  иммиллаб  ўтаётгандек туюлар,  бекорчилик  ва  ҳаракатсизликдан  барча  безор  бўлиб  бўлганди.  Ёшу-кекса  бари  кунлар  исиб  кетишини  интизорлик  билан  кутаётганди.   Одатда  мен   куз  фасли  кириб  келиши  билан  тезроқ  совуқ  тушиб  қор  ёки  ёмғир  ёғишини  интизорлик  билан  кута  бошлардим.  Совуқ  об-ҳаво  ва  қорни  шунинг  учун  ҳам  хуш  кўрардимки,  у  менда  куз  фасли  кириб  келиши  билан  бошланадиган аллергик  ринитга  дарҳол  барҳам  берарди  қўярди.  Аммо  бу  йилги  совуқ  ва  қор  меъёрдан  ошиб  тушиб  узоқ  давом  этаверганидан  мени  ҳам  бутун  вужудимни  кучли  эринчоқлик  ва  зерикиш  ҳиси  қоплаб  олганди.  Ҳар  кунги  қиладиган  ишим  музини  синдириб  қудуқдан  бир  неча  челак  истеъмол  учун  сув  олиш  ва  бир  оз  теварак  атрофни  айланишдангина  иборат  бўлиб  қолганди.  Сўнгра  яна қайтиб  уйга  кирардим.  Қишлоқдаги  барча  оилалардек  биз  ҳам  уйимизнинг  кичик  бир  хонасига  барча  ашқол-дашқолларимиз  билан  жойлашиб  олгандик.  Овқатланиш  ҳам,  ётиб  туриш  ҳам  шу  хонада  эди.  Қаттиқ совуқ  туфайли  оқма  газнинг  босими  ҳам тушиб  кетган  бўлиб  шу  кичкина  хонани  ҳам  базўр  қиздирарди.  Қолган  хоналарда  ҳеч  қандай  иситиш  воситаси  ишламаётгани  учун  ҳатто хона  ичкарисида  ҳам  сув музларди.  Мен  қиш  фаслида  одатда  бўш  вақтларимни  ўз  хонамга  кириб  олиб  бирор  илмий  ёки  бадиий  китобларни  титкилаш  билан  ўтказардим.  Бу  йилги  қиш  совуғи   бу анъанани  алоҳида  хонада  давом  эттиришга   ҳеч  қандай  имкон  қолдирмаганди. Аммо  мен  барибир  ўз  одатимга  содиқ  қолиб  шу  ҳам  ошхона,  ҳам  ётоқхона  вазифасини  ўтаётган  кичкина  хонада  мутоала  учун  ўзига  хос  шароит  яратиб  олдим.  Эрталаб  барвақтдан  уйғонардим  ва  столлампани   ёруғлигини  бир  нуқтага тушадиган  қилиб  ўрнатиб  бошқаларга  зиёним   тегмасдан  китоб  ўқирдим.  Аммо  кунларнинг  қарийиб  бир  ярим  ой  давомида  бир  зайлда  ўтиши  натижасида  ҳосил  бўлган  зерикиш  ҳиссиётини  биргина  китоб  мутоаласининг  ўзи  тарқата  олмай  қолаётганди.  Мен  қанчалик  бетоқатлик  қилмай  барибир  ҳеч   қандай  чора  йўқ  эди.  Барча  инсонлар  каби  мен  ҳам  табиат  инжиқликлари  олдида  ожизу- нотавон  эдим. Барибир  яна  ҳар  кун  эрталабдан   уйғониб  олиб  китобга  термулардим.  Ва  яна  гарчанд  унга  ҳеч  қандай  эҳтиёж  бўлмасада  уйғонган  вақтимдаёқ  замонамиз  янгилиги  бўлган  қўл  телефонимни  ҳам  ишга  тушириб  қўярдим.  Гўёки,  ундан  мен  учун  муҳим  бир  хабар  келадию   сўнгра  мен  бундай  зерикиб  ўтиришдан  халос  бўламан.  Феврал  ойи  бошланган  бўлсада  соат  8  бўлмасдан  кун  ёришмасди.   Мен  эса ҳар  куни  соат  5 дан  бошлаб  уйғоқ  бўлардим.  Ўша  куни   ҳам  бир  соатча  китоб  ўқиганимдан  кейин   мутоаладан зерикиб  ўрнимдан  туриб  дераза  олдига  келдим.  Атроф  ҳали  қоп-қоронғу  фақат  ташқаридаги  неон  лампа  ёруғи  тушиб  турган  жойдагина  сокин  ва  совуқ  ҳавода  айланиб-айланиб  тушаётган  қор  заррачалари  кўзга  ташланарди.   Ёққанига  бир  ойдан  ошган  бўлсада  бир  мисқол  ҳам  эримаган  қор  устига  ёғаётган   янги  қор  парчаларини  томоша  қилиб  турардим.  Соат  тахминан  6 лар  атрофида  эди.  Шу  пайт  кутилмаганда  қўл  телефоним  жиринглай  бошлади.  Болаларни  уйғотмаслик  учун  дарҳол  телефонимни  қўлга  олиб  нариги  хонага  чиқдим.  Телефон  келаётган  рақам  шаҳарлик  дўстимга  тегишли  бўлсада  бу  рақамдан  анча  вақтдан  бери  телефон  келмай  қўйганди. Шундай  бўлсада;

- Алло  эшитаман-деб  жавоб  қайтардим .

Дўстим  дастлаб  мени  телефон  рақамим  ҳали  ўзгармагани  учун  Оллоҳга  шукр  қилди.  Сўнгра  ҳол-аҳвол  сўрашиб  бўлиб  мақсадга  кўчди.

- Дўстим,  домло  Умарбеков  кеча  соат  кундузги   3 лар  атрофида  оламдан  ўтибдилар  бугун  соат  10 да  дафн  маросими  экан.  Домлонинг  яқинлари   мендан  сенга  шу  хабарни  етказиб  қўйишимни  илтимос   қилдилар – деди.

       Мен  нима  деб  жавоб  қайтаришга ҳайрон  эдим.  Дафн  маросими  ўтказиладиган  жой  билан  орамиздаги  масофа  80 кмлар  чамаси  чиқарди.  Бундан  ташқари  йўллардаги  ноқулайлик  ва  уйдаги  шароитнинг  танглиги  менга  дарҳол  етиб  бораман  деб   жавоб  қайтаришимга  тўсқинлик  қилаётганди.  Шу  сабаблардан  келиб  чиқиб;

-         Бугун  боришим  шарт  эмасдир,  бирор  кун  шаҳарга  тушганимда  кириб  таъзия  билдириб  ўтарман-дедим. 

     - Биласанми,  таъзия  хабаридан  ташқари  яна  қандайдир  фақат  сенга  таъллуқли  бўлган  бир  гап  бор  шекилли  сени  манзилинг  ва  телефон  рақамингни  домлонинг  укалари  кеча  роса  қидиришибдилар.  Ахири  мени  олдимга  келган  эканлар.  Кеча  кечқурун  телефон  қилсам   телефонинг  ўчирилган  экан.  Шунинг  учун  ҳозир  барвақтдан  телефон  қилаяпман – деди. 

   Умарбеков  билан  менинг   муносабатларим   ташқаридан  қараган   кишига  жуда  яхшидек  туюлсада  аслида  ундай  эмасди.  Аммо  буни  ҳам   мен  ва  Умарбековдан  бошқа   ҳеч ким  билмасди.  Бизнинг  ўзаро  учрашувимиздаги  барча  суҳбатларимиз  фақат  фикрий  қарама-қаршиликлардангина    иборат  бўлиб  қоларди.  Ҳатто  охирги  учрашувимизда   Умарбеков  мени  ёқтирмаганини  яшириб  ҳам  ўтирмаганди. Бунга   ҳам  икки  йилдан  ошганди.  Биз  ҳозирги  вақтда  худди  бегоналардек  эдик.  Мени   назаримда  Умарбеков  бу  зангори  гумбаз  остида  мен  ҳамон  нафас  олаётганимни  аллақачон  унутгандек  эди. Энди  нега  у  дунёдан  ўтиб  бўлгандан  кейин  мени  йўқлаб  қолдилар?.  Бу  нарса  менга  жумбоқ бўлаётганди. Дафн маросимига  қатнашиши  шарт  бўлганлар  рўйхатига  киритилганлигим  ҳақида  ўйлашни  ўзи  кулгили  эди.  Қанча  бош  қотирмай  барибир  мен  бу  қисқа  сўзлашув  муҳлатида  бу  саволга  жавоб  топа  олмасдим,  гапни  чўзишдан ҳам  фойда  йўқ  эди. Шу  қисқа мулоҳазаларга  асосланиб  дўстимга;

- Демак  боришим  шарт   нима  учун  бунчалик  зарур  бўлиб  қолганимни,  таъзиядан  бошқа  яна  нима  гаплари  борлигини   сен  ҳам  билмайсан  тўғрими-деб  сўрадим. 

- Домло  институтга  келмай  қўйганларига  ҳам  анча  йиллар  бўлди.  Қазо  қилганларини  мен  ҳам  кеча  кечқурун  эшитдим-деди  у  ва  изидан  домло  ўлими  олдидан  сенга  бирор   мерос  васият  қилганлар  шекилли  деб  ҳазиллашиб  ҳам қўйди. 

    Мен  домлони  беш-олти  йилдан  бери  қандли  диабет касаллигидан  озор  чекишини  билардим.  Аммо  домло  олтмишдан  ошган  бўлсада  ҳали  анча  тетик  бу  касалликдан  ўлим  топганига   ишониш  қийин  эди.  Чунки  унда  яшашга  иштиёқ  катта  бўлиб,  бу  касалликка  қарши  курашиш  ҳадисини  олганлар  тоифасидан   эди.

 -  Домло  касалхонада  эдиларми  ёки  бошқа  бирор  сабаб  билан  вафот  этдиларми-деб  сўрадим.

-         Касалликдан  эмас  автаҳалокатдан  вафот  қилибдилар-деган  жавоб  эшитилди  нариги  томондан. 

Мен  албатта  боришимни  айтиб  алоқани  уздим.  Дастлаб  буни  қандай  юз  берганини  билмасамда  хаёлимга  домло  қаҳратон  қишнинг  қурбонига  айланибдида  деган  фикр  келди.  Кейин  бошқа  хаёллардан  тезроқ  чалғиб  марҳум  ҳақидаги  ёмон  хотираларни  эсламаслик   учун   дераза  олдига  келиб  ташқарига  термулдим.  Ҳалиям  атроф  қоп-қоронғу  қаттиқ   музсимон   қор  парчалари   шивалаб  ёғишда  давом  этарди.  Бироз  яна  ёғаётган  қорга  қараб  қолдим.  Танамдан  совуқ  ўта  бошлагач   ётоқхонага  қайтдим.  Иккала  қизим  ва  хотиним  қалин  кўрпага   ўралиб  олганча   ҳалиям  ширин  уйқуда   эдилар.  Печка  олдига  ўтириб  ликкилаб  ёнаётган  газ  устига  бир  нечта  бўлак  ўтин  ташладим.  Ўтин  аста-секин  чирсиллаб  ёна  бошлади.  Бир  оздан  кейин  хона  анча  қизиди.  Таъзияга   тезроқ  етиб  бориш  фарз  амаллардан  ҳисоблансада    мен  шошилмадим.  Чунки  тонг  отмасдан  йўлга  тушиш  кўп  муоаммо  туғдирарди.  Хона  жудаям  кичкина  бўлгани  учун  бу  ерга  ётиш  учун  бирорта  кроват  ёки  диван  ҳам олиб  кирмагандик.  Полга  тўшалган  тушак  устига  жой  солиб   бир  қатор  бўлиб  болаларни   ўртага  олиб  ётардик.  Агар  ҳамма  бир  вақтда  уйғониб,  бир  вақтда  ўрнидан  турмаса  хонада  ҳаракатланиш  жуда  мушкул  бўларди. Шунинг  учун  мен  печка  олдида  ўтириб  хаёллар  гирдобига  ғарқ  булганча  тонг   ёришишини   кута  бошладим. 

    Домлони  мен  илк  бора   институтга  кириш имтиҳонлари  топшираётган  вақтларимда  учратгандим.  У  шундай  бир  муҳим  ҳал   қилувчи  палла  эдики,   домло  Умарбеков  ҳақида менда  жудаям  яхши  таассурот  ҳосил  бўлганди.  Ўшанда  у  ҳал  қилувчи  паллада  сукут  сақламай   ҳақ  сўзни  айта  олганди.  Воқеа  бундай  бўлганди:

   Танлаган  мутахассислигимга  ўқишга  кириш  учун   физика,  математика  ва  она-тили  фанларидан  имтиҳон  топширишим  лозим  бўларди.   Мен  физика  имтиҳонидан  беш  баҳо  олгандим,  кейингиси  эса  математикадан  эди.   Имтиҳон  топшриш навбати  менга  келди.  Менда  имтиҳон  чиптасидаги  саволларга  тўлиқ  жавоб  ёзилган  бўлиб   келтирилган  масала  ҳам  тўлиқ  ечилган  эди.  Ёзганларимни  имтиҳон  олаётган  ўқитувчиларнинг  ўзимга  яқин  турганига  топширдим.  У  ёзилган  жавоблар  ва  ечилган  масалани  текшириб  чиқиб,  менга  математикадан  саволлар  бера  бошлади.  Мен  жавоб  қайтаравердим.  У  саволга  тутишни  тўхтатмасди.  Мен  ҳам  деярли  ҳаммасига  жавоб  қайтараведим.  У бир  зум  савол  беришдан  тўхтаб  ёнидаги ўқитувчиларга  менга  эшиттирмасдан  нималарнидир  тушинтирди,  мени  ёзма  жавобларнимни   кўрсатди  ва  яна  аллақандай  вараққа  ишора  қилди.  Имтиҳон  олаётган  ўқитувчилар  сафи  уч  кишидан  иборат  эди.  Шундан  кейин  қолган  икки  ўқитувчи  ҳам  мени  чалғитишга  уриниб    ҳар  хил  саволлар  бера  бошладилар.  Мен  бирорта  жавобда  ҳам  тутилиб  қолмадим.  Улар  яна  нималарнидир  маслаҳатлашдилар  ва  охири  Умарбеков  келсинчи  деган  қарорга  келдилар.  Менга  эса  ечиб  туриш  учун  бир  геометрик  масалани  топширдилар.  Мен  масалани  ечиб  бўлиб  аввалги  домлога   топширган  ҳам  эдимки,  шу  пайт  хонага  қорачадан  келган  басавлат  бир  киши  кириб  келди.    У  оқ  куйлак  ва  қора  шим  кийиб  чиройли  галстук  ҳам  тақиб  олганди.  Учала  ўқитувчи  ҳам  уни  ўрнидан  қўзғалиб  ҳурмат-эҳтиром    билан  қарши  олдилар.  Ўқитувчиларнинг  ёши  каттаси   менинг  ёзма  жавобларимни  унга узата  туриб: 

    - Мана бу  йигит  ҳамма  саволга  тўғри  жавоб  ёзибди  мисолни  ҳам  тўғри  ечган,  аммо... – аммо   дедию  гапидан  тўхтаб  қолди.  Шу  пайт  мен  ечган  кейинги  масалани  текшираётган  ўқитувчи; 

   - Бунисини   ҳам  тўғри  ечибди-деб  унинг  гапига  қўшимча    қилди. 

           Мен  хонага  кириб  келган  одам  Умарбеков  эканини  тушуниб  етгандим  бунга   энди  ҳеч  бир  шубҳа  қолмаганди.  Умарбеков  мени  ёзма  жавобларимга  унча  ҳам  эътибор  қилмасдан  имтиҳон  варақасини  сўради.  Унга  мени  имтиҳон  варақамни  олиб  бердилар.  У  имтиҳон  варақасини  кўриб  туриб,  баланд  овоз  билан

- Бу  йигитча биринчи  имтиҳондан  беш  баҳо  олибдику - деб  менга  бир оз  тикилиб  турди.  Сўнгра  ўқитувчиларга  қарата; 

- Бизга  бундай  талабалар  керак  баҳосини  қўйинглар-деди. 

Шунда  ўқитувчиларнинг  ёши  каттаси  Умарбековга  қарата:

    - Бу  йигитчанинг  билими  ва  бўлиб  туриши  ўртасидаги  таофут  мени ажаблантираяпти   қаранг   у  тақдири  ҳал  бўладиган  имтиҳонга  футболка  кийиб  келибди,  бошқа  кийимлари  ҳам  талабалик   эстетикасига  мос  келмайди – деб  ўз  эътирозини  билдирди. 

Бу  эътирозга  жавобан  Умарбеков  мендан.

-  Ота-онанг  борми?-деб  сўради.

 Мен.

-  Ҳа – деб  жавоб  бердим.                                                                                              

 -Ҳозир  уларнинг  бирортаси  сен  билан  бирга  келганми?-деб  сўради. 

Мен.

 -  Йўқ – деб  жавоб  қайтардим.

Бу  жавобдан  кейин  у  ўқитувчиларга:

   -    Майли  унга    беш  бўлмасаям  тўрт  баҳо  қўйинглар-деб  хонадан  чиқиб  кетди.

    У  кетгандан  кейин  менга  тўрт  ҳам  эмас  уч  баҳо  қўйдилар.  Мен  эътироз  билдира  олмадим.  Муҳими  мен  имтиҳондан  ўтган  эдим ва  бунга  сабабчи  бўлган  Умарбеков  эса  хотирамга  адолат  тимсоли  сифатида  муҳрланганди.  Чунки  менга   ўша  пайтгача  таниш-билишлар  ва  яқинларим  "қанчалик  илминг  бўлса  ҳам  пулинг  бўлмаса  барибир  талаба  бўла  олмайсан”  деб  роса  уқтиришгандиларда.

   Талаба  бўлиб  орадан  анча  вақт  ўтгандан  кейин   мен  ўшанда  имтиҳон  олувчи  ўқитувчилар  нима  учун  бунчалик  саросимага  тушганликларини,   бошқа  талабаларга  бир-икки  савол  билан  чекланиб  мени  эса  нега  саволлар  шодасига  кўмиб  ташлаганликларини  сабабини  тушиниб  етдим.  Сабаби  оддий  эди.  Мен  уларнинг  қўлларига  тутқазилган  талаба  бўлиши  лозим  бўлганлар  рўйхатида  йўқ  бўлган  эканман,  аммо  икки  баҳо  қўйишга  ҳам сабаб  топа  олмаганлар.  Шунинг  учун  улар  имтиҳон  ҳайъатининг  раиси  Умарбековга  мурожаат  қилишга  мажбур  бўлган  эканлар.  У  пайтларда  талабаликка  қабул  қилишда  ҳозирги  замондагидек  холислик  йўқ  эди.  Талабанинг  тақдири  у  пайтларда  тест  натижаларидан  кўра  қўпроқ  имтиҳон  олувчи  ўқитувчилар  билан  таниш- билишликка  боғлиқ  бўларди.  Мен  ҳарҳолда  Умарбековнинг  шарофати  билан  бўлсада  бундай  тўсиқни  енгиб  ўтишга   муаффақ  бўлгандим. Умарбеков  бизнинг  факультетда  кафедра  мудири  бўлиб,  у  талабаларга  асосий  фанлардан  назарий  ва  амалий  машҳулотларни  олиб  борарди.  У  ўша вақтларда  менга жудаям  олийжаноб ва  самимий  инсон  бўлиб  кўринарди  ёки  аслида  ҳам  шундай  эди.  Ҳозир  мен  унинг  ўша вақтлардаги  хотирамга  ўрнашиб  қолган  хислатларини  санайдиган  бўлсам,  у  ҳеч қачон  талабалар  олдида обрў- этиборга  эришиш  учун  ўзини   ясама  жиддийлик  ва  сохта  фаришталикка  уриб  қаландимоғлик қилиб  юрмасди. Шаҳарда  туғилиб  ўсган  бўлсада  қишлоқдан  келган  талабаларнинг  муаммоларини  ҳам  тўғри  тушинар  уларга  қўлидан  келган  ёрдамини  аямасди.  Ҳеч  қачон  у  шон-шухрат  илинжида  ўқитувчи  ва   талаба  муносабатлари  орасига  суъний  тўсиқ  қўйишга  уринмасди.   Асосийси  у  ҳамма  вақт  илму-фан  ва  унга  эргашганларни   қадрларди.  Факультетдаги  барча  босқич  талабалари  унинг  ана  шундай  кенг  феъли  ва  беғараз  меҳрибонликлари асосийси  эса  самимийлиги учун  яхши  кўрардилар.  Факультетда  иккита  кафедра  мавжуд  эди.  Айрим  ҳолларда  икки  кафедра  ўқитувчилари  баъзи  масалаларда  гапи  бир  жойдан  чиқмай  ўртада  келишмовчилик  юзага  келиб  қолса   Умарбеков  дарҳол  ҳеч  қайсисини  кўнглини  оғритмасдан  бу  мажорага  барҳам  бера  оларди.   Ана  шунақа  фазилатлари  билан    у  институт  раҳбарларининг  ҳурматига ҳам  сазаворди. Агар  унинг  инсоний  фазилатларига  якун  ясамоқчи  бўлсак  у   факультетдаги  барча  талабаю  ўқитувчи  бирдек  ҳурмат  қиладиган  ягона  инсон  ҳисобланарди.  Дастлабки  ўқув  йилидаёқ   Умарбековнинг  менга  бўлган   муносабати  бошқа  талабаларга  бўлган  муносабатдан   сезиларли  фарқ  қилган  бўлса  бунинг  ягона  сабаби  ҳам  унинг  инсон  билимини  қадрлаши  билан  боғлиқ  эди. У  менга  биринчи  босқичдаёқ  институтда  илмий  ходим  бўлиб  қолишни  таклиф  этиб  шу  йўлда  тинмай  ҳаракат  қилишга  ундаганди.

      Ёриша   бошлаган  тонг  мени  хаёл  суриб  ўтиришдан  тўхтатиб   йўл  тадоригини  кўришга  мажбур  қилди.  Иккиланиб  ўтиришга  энди  ҳеч  қандай  ҳожат  қолмаганди.  Ва  айни  вақтда  домло  менга  бирор  кўчмас  мулк  ёки   катта  миқдордаги  пул  мерос   қолдирмаганини  ҳам  яхши  билардим.  Мени  унинг  олдида  бунга  лойиқ   ҳеч  қандай  хизматим  ҳам  йўқ,   хомтама  ҳам  эмасдим.  Ҳаттоки  мабодо  домло  саховат  қилган  бўлсачи   деган  хаёлга  ҳам  бора  олмасдим.  Бундай  фикрдан  мени  кейинги  вақтларда  домлонинг  ҳаётида  содир  бўлган  ўзгаришлар  ва  бу  ўзгаришларнинг  унга  кўрсатган  таъсири  қайтариб  турарди.  Мен  энди  ўзимча хабар  келган  таъзияга  қандай  шароитда  бўлса ҳам  иштирок  этмасликни  уят  ҳисоблаб  йўл  тайёргарлигини  кўриш  учун  ташқарига  чиқдим.  Қўл-бетимни  янги  ёғган  қор  билан  ишқалаб  ювиб  машинани  йўлга  тайёрладим.  Сўнгра  бироз  ташқарини  айланиб  яна  уйга  қайтиб  кирдим.  Қайтиб  кирганимда  ҳамма  уйғониб  бўлган  экан.  Хотинимга  бўлган  воқеани  тушинтириб  тезроқ  нонушта  тайёрлашни  буюрдим.  Нонуштадан  кейин  дарҳол  кийиниб  йўлга  тушдим.  Йўлнинг  сирпанчиқлиги  эҳтиёткорликни    оширишни  талаб  қиларди.  Мен  тезликни  сал  оширдим  ва  сўнгра  кескин  тормоз  бериб машинани  юра  олиш  имкониятини  текшириб  кўрдим.  Аҳвол   чатоқ  салгина  тормозда  ҳам  машина  сирпаниб  кетиб  йўлга  кўндаланг   бўлиб  туриб  қоларди.   Мен  бош  бекатгача  ўз  машинамда  бориб  ундан  уёғига  қулайроқ  такси  билан  кетишни  мўлжаллаб    боравердим.   Афсуски,  у  ерга  етиб  келганимда   бекатда  ҳам  такси  кутиб  турган  икки  кишидан   бошқа  ҳеч  ким кўринмади.  Уларни  ҳам  уст   кийимларидангина  аёл  киши  эканлигини    фарқлаб  бўларди  холос.  Мен   энди   нима  қилишни  билмай  ҳайрон  бўлиб  турганимда  ҳалиги  икки  аёл  мендан  қаерга  кетишимни  сўраб  ҳам  ўтирмасдан  машина   ичига  кириб  ўрнашиб  ўтириб  олдилар. Уларга  бирор  нарса  деб  улгурмасимдан  бекат  ичкарисидан  ҳовлиқиб  чиққан  бир  эркак  югурганча  машина  ёнига  етиб  келди.  Иккала  аёлдан  фарқли  ўлароқ  у  дастлаб  қаерга  кетаётганимни  сўради. Манзилимиз  бир  эканини  билгач  у  ҳам  машинага  ўтирди.  Мен  секин  қўзғолиб  йўлга  тушдим.  Энди  ҳарҳолда  машина  сал  оғирлашиб  ҳаракатланиш  осонлашганди. Ўзимдан  олдин  ўтиб  кетган  машина  изига  тушиб  шаҳар  томонга  қараб  юра  бошладим.  Ҳамма  ёқ  оппоқ  қор  бўлгани  учун  йўлнинг  ўлчамларини  ҳам  йўл  четидаги  белгиларга қарабгина  тахминлаш  мумкин  эди. Йўлнинг  аҳволини  кўриб  турган  орқадаги  аёллар  мендан   нақадар  эҳтиёт  бўлишимни  ўтиниб  сўрадилар.  Мен  шундай  ҳам  йўлдаги  барча  ташвиш  ўзимни  зиммамда  эканини  яхши  ҳис  қилиб  бораётгандим. 

- Ҳут  яқинлашиб  ҳам  ҳаво  илимади-деб  гап  қўшди  ёнимдаги  эркак.

Мени  шу  пайтда  ҳеч  қандай  суҳбатга  тобим- тоқатим  йўқ  эди.  Шунинг  учун  ҳеч  нарса  демай  туравердим. 

-         Уч  кун  аввал  мени  биттаю-битта  сигирим  совуқдан  қотиб  ўлиб  қолди-деди  орқадаги  аёлларнинг  бири.

-        Кўпам  куюнаверма  баҳорга  чиқиб   отанг  сенга  сигиримизни   боласини  берар  экан  бир  йилда  катта  бўлади,  ҳозир  эрингни  тузалишини  ўйла-деди  иккинчи  аёл  ва  изидан  шу  Россияси  ҳам  қуриб  кетсин  деб  қўйди  худди  ўзига - ўзи  гапиргандек.

 Шу  гап  баҳона  бўлдию  ёнимдаги  киши  орқага  бурилиб  олиб  уларнинг  суҳбатига  аралашиб  кетди.  Аммо  ҳеч  қанча  гаплашмай   яна  тинчиб  қолдилар.  Шундай  бўлсада  мен  бу  қисқа  суҳбатдан  орқадаги  икки  аёл  она  ва  қиз  эканлигини,  Россиядан  бетоб  бўлиб  келган  куёвини   кўришга  кетаётганликларини  билиб  олдим.  Ёнимдаги  киши  эса  нефть  қидирув  идорасида  ишлар  экан. У  мени  суҳбатга  тортиш учун бир  неча  бор  уриниб  кўрди,  аммо  натижа  бўлавермагач   гужанак  бўлиб олиб  кўзларини  ҳам  юмди. Машина  бир  маромда  секинлик  билан  илгарилар  менга  эса   Умарбеков  билан   боғлиқ  хотиралар  тинчлик  бермасди. 

  Биз  учинчи  босқичда  ўқиб  юрганимизда  домло  қуёш  энергиясидан  фойдаланиш  бўйича   ўтказиладиган  илмий  конфренцияга  қатнашиш  учун  АҚШга  жўнаб  кетганди.  Анжуманнинг  ҳомийси  АҚШ  давлатининг  ўзи  бўлиб  қатнашчиларнинг  йўл  харажатлари  ва   мамлакат  бўйлаб  саёҳатлари  ҳам  уларнинг    ҳисобидан  экан. Икки  ҳафта  АҚШда  бўлиб  қайтган   Умарбеков  институтга  келгандан  кейин   ташкилотчиларнинг  ташаббуси  билан мажлислар  залига   жамланган    факультет   талабаларига  АҚШдан  олган  таассуротларини  гапириб  берганди.   Мен  қандайдир  сабаб  билан  бу  тадбирда  иштирок  эта  олмагандим.  Аммо  бу  воқеалардан  бир  неча  кун  ўтиб  мен  домло  билан  учрашиб  қолганимда   у  менга  бир  нарса  кўрсатишини  айтиб  уйига  таклиф   этди.  Мен  мавриди  келганда  домлонинг  уйига   ўтдим.  Аммо  домлонинг  уйига  кириб  қандайдир  видеолавҳаларни  кўриб  ўтиришни  хаёлимга  ҳам  келтирмагандим. 

- Ҳеч   хижолат  бўлмай  киравер  мен  ҳам  талаба  бўлганман-деб  далда  берди  мени  ичкарига  бошлаган   Умарбеков. 

  Мен  уй  ичкарисига  кириб  ўзим  учун  қулай  ҳисоблаган  ўтирғичга  бориб  ўтирдим.  Бугунинг  ҳисобидан  биринчи   кўришишимиз  бўлмасада  миллатимизга  хос  тарзда  яна  қайтадан  ҳол-аҳвол  сўрашдик.  Мен  ўзимни  бу  ерда  ноқулай  ҳис  эта   бошладим.  Умарбеков  буни  сезди  шекилли  дарҳол  мақсадга  кўчди.  У   Америкада  бўлган  жойларини,  ўтказилган   анжумандан  айрим  лавҳаларни   ва  ўзлари  жойлашган  меҳмонхонани  видео  тасмага  туширтириб  келган  экан.  У  мен  билан биргаликда  шу лавҳаларни  томоша  қилиб  ўз  хулосалари  билан   ўртоқлашишни   мақсад  қилибди.  Сал  илгарироқ   СССР  фуқаролари  учун  чет  эл сафари  айниқса  сафар  қилинадан  жойнинг  АҚШ  давлати  бўлиши  нафақат  ақлга  сиғмайдиган  балки ушалмайдиган  орзуси  ҳам ҳисобланарди.  Умарбеков  ҳам  мустақиллик  шарофати  билангина  бундай  бахтга  сазавор  бўлганлардан  эди.  Бу  сафардан  унинг   кайфи  жуда чоғ  кўринарди.   Ҳозир  ҳам  домло  чаққонлик  билан  ўрнидан  туриб  видео  магнитафонни  созлашга  тушди.  Видео  магнитафонлар  бизга  ўша  пайтларда  энди-энди  кириб  келган,  бундай  ускунани  сотиб  олиш  ҳам  ҳали  саноқли  кишиларгагина  насиб  қиларди.  Домло  видео  лавҳани  созлагунча  мен  ўтирган  хонамизни  зимдан  кузатиб  чиқдим.  Хона  мен  кўрган,  мен  кўниккан  хоналарга  нисбатан  анча  катта,  ичидаги  мебель  ва  жиҳозлар  дид  билан  жой-жойига  қўйилган,  оёқ  остидаги  хонанинг  ўлчамига  тенг  бўлган  бундай   катта  гиламни мен  ҳали  ҳеч  қаерда  кўрмаган  ҳам  эдим.  Бу  нарсаларнинг  аксарияти  илғор  чет  мамлакатларнинг     маҳсулоти  бўлиб  менинг  уйимда  бундай  уй  анжомларидан  ақалли  биттаси  ҳам  йўқ  эди.  Хона  ҳавас  қилгудек  даражада  тоза  ва  иккита  катта  деразадан  етарлича  ёруғлик  тушиб  турарди.  Мен  бу  бегона  ва  айни  вақтда   ўзига  тортувчи   ҳашамдор  муҳитга термулиб  тўймасдим.  Хонани  обдон  томоша  қилиб  бўлгунимча  Умарбеков  ишини  тугатиб  рўпарамга   келиб  ўтирди   ва:

-         Энди  нигоҳингни   экранга  яхшилаб қарат, тавсилотларни  кейин  тушинтираман-деди.

   Афтидан  у  мени  кўнглимдан  қандай  ўй-хаёллар  ўтаётганини  сезиб  турарди.  Бу  гапдан  кейин  мен  диққатимни  ортиқ  бошқа  нарсаларга  чалғитмай  экрандаги  лавҳаларни эътибор  билан  томоша  қила  бошладим. Лавҳалар   Москва  ва  Нью-Йорк   аэропортидаги  манзаралар    билан  бошланарди.  Магнит  тасмада  тасвирларга  параллел  равишда  ёқимли  бир  инглизча  қўшиқ  ҳам  ёзилган  бўлиб  мен  ундан  фақат  Америка,  Америка...  деган  сўзнигина  тушинаётгандим  холос. Аммо  бу  қўшиқ  кишида  гўёки  ўзида бутун  Америка  ички  қудратини  ифода  этаётгандек   таассурот  уйготарди. Бу  ўринда  операторнинг  маҳоратига  қойил  қолмай  иложингиз  йўқ  эди.   Табиийки  кадрга  олинаётганлар  сафида  домло  Умарбеков  ҳам  онда-сонда  кўзга  ташланиб  қоларди.  Ҳамдўстлик  давлатларидан  анжуманга  қатнашадиганлар  олдин  Москва  шаҳрига  йиғилиб  сўнгра   Нью-Йоркка  учган  эканлар.  Кадрларда   иккала  шаҳар  ва  иккала  мамлакат   манзаралари   шундай  усталик  билан  таққослангандики,  бу  иш  атайлаб  қилинганига  заррача  шубҳа  қолмасди.  Лавҳаларни  томоша  қилиб  турган  кузатувчи  ким  афзал?-деган  саволга  жавоб  топишга  ҳечам  қийналмасди.  Нью-Йоркда  олинган  лавҳалар:  анжуман  ўтказилаётган  зал,  меҳмонхона,  шаҳар  кўчалари  барча-барчаси  Ҳолливуд  киноларини  эслатарди.  Айнан  шу  лавҳалар  намойиш  қилинаётганда  домло:

-  Москва  тараққиётда  Америкадан  100 йил  орқада  қолиб  кетган,   бизни  гапирмаса  ҳам  бўлади-деб  қўйди. 

  Анжуманга  дунёнинг  турли   мамлакатларидан  олимлар  чақирилган  бўлиб  негадир  қатнашчиларнинг  деярли  тенг   ярмини   қора  танли  кишилар  ташкил  этарди.  Мен  бу  ҳолни  илмий  конфренция  моҳияти  қуёшли  ўлкалар  билан боғлиқлигидан  бўлса  керак  деб  тушинаётган  бўлсамда  тарих  дарсларидан  онгимга  синггиб  қолган  феодалистик  дунёқараш   нуқтаи-назаридан  келиб  чиқиб  беписандлик  билан;

-         Домло  негрларда  ҳам  кучли  физик  олимлар  бор  эканми?-деб  сўрадим.

     -    Булар  негр  бўлгани  билан   аксарияти  туб  америкалик  Африка   давлатларидан келганлари  бу  ерда  жуда  кам-деб  тушинтирди   домло. Сўнгра  менга  муҳим  бир  янгиликни  ошкор  қилаётгандек  телевизор   овозини  сал  пасайтириб;

-  Америкада  ҳатто  негр  деган  сўзни  ишлата  олмайсан  ҳам,  бизга  буни    аэропортдалигимиздаёқ   Нью-Йорк  полицияси  тушинтирди.  Америка   қора  танлилари   бу   сўзни  ўз  шаънларига  айтилган  ҳақорат  деб  ҳисоблаб  жанжал  чиқариб  дарҳол  жарима  ундиришга ҳаракат  қилар  эканлар-деди. Мен  ўзи  мансуб  бўлган  ирқнинг  номини  эшитиш  америкалик  қора  танлиларга  нима  учун  ҳақорат  бўлиб  туюлишини  сабабини  топа  олмай  ҳайрон  бўлганча   домлонинг  "АҚШ-таассуротларини”  кўришда  давом  этдим. 

- Америка  Ҳамдўстлик  давлатларига  ҳар  томонлама  ёрдам  беришга  тайёр,  кофренциядан  кейин  айниқса  биз  Ўрта  Осиёликларга  алоҳида  ҳурмат  эътибор  кўрсатилди – деди  домло. 

   Мен  Ўрта  Осиёликларга  кўрсатилган  иззат-икром  замирида  қандай  мақсад,  қандай  ғоя  яширинганини   орадан  анча  йиллар  ўтгандан  кейин  англаб  етган  бўлсамда,   Америка  бизга  шунчаки  ёрдам  қўлини  чўзишига  ўша  вақтда  ҳам  ишона  олмагандим.   Чунки  мен  яқиндагина  бир  яҳудий   ёзувчисининг   "Тўхтатинг  самолётни   мен  тушиб  қоламан”  деган  асарини  ўқиб  чиққандим.  Асарнинг   ғояси  асосан  Америка  давлатининг  мафкураси,  ҳалқининг  дунёқараши  ва  Америка  сиёсатининг  асл  башарасини  очишга  қаратилганди.  Аммо  мени   ҳозир  Америка    сиёсатидан  кўра  кўпроқ  Америка  олимларининг  илмий  мақсадларда  бизнинг  олимларга  қанчалик  эҳтиёжи  борлиги,  қуёш  энергиясидан  фойдаланиш  буйича  қандай  ютуқларга  эришганликлари   қизиқтираётганди.  Шунинг  учун  домлодан:

-         Америкаликлар  қуёш  энергиясидан  фойдаланиш  бўйича  бирор  янгилик  яратибдиларми?-деб  сўрадим.

-        Немис  ва  Исроил   олимларининг  ишлари  кўпроқ  эътибор  марказида  бўлди  уларнинг  ютуқлари  бошқаларникидан  анча  илгарилаб  кетган -  деди  домло.

  Келажакда  физик  олим  бўлишни  мақсад  қилган  кишига  суҳбатни  илмий  ўзанга  қайтиши   албатта  мароқли  эди.  Мен  бундан  хурсанд  бўлиб   ўзимни  қизиқтираётган  саволларга  Умарбековдан  жавоб  истадим. 

-  Қуёш   энергиясини  бошқа  энергияларга  айлантирилши  келажакда  нефтьдан  олинадиган  энергия  ўрнини  боса  оладими?-деб  савол  бердим. 

- Ўзинг  қандай  фикрдасан – деди  домло  саволимни  ўзимга  қайтариб.

- Ядровий  реакцияларни  бошқаришни  такомиллаштириш  керак,  қуёш  энергиясига ҳозирликча  катта  умид  боғлаб  бўлмайди  деб  ҳисоблайман –дедим  мен. 

Афтидан  уни  мен  ўйлаётган  нарсалар мутлақо  қизиқтирмаётганди, бундай  масалалар билан бошини қотиришни  ҳам    хохламаётганди.  Унинг  фикру-ёдини  тамоман  бошқа  нарса  ўғирлаганди.  У  менинг  мулоҳазамга эътибор  ҳам  қилмасдан  мавзуни  яна  ўзи  хохлаётган  йўналишга  буриб  юборди.

-  Америкаликлар  бир  ойлик  маошига  бемалол  автомашина  сотиб  олиб,  йилда  бир  марта  дунё  бўйлаб  қиладиган  сафарларига  ҳам  пул   йиғиб  борар  эканлар-деди  ва  тўлқинланиб  американча  ҳаёт  афзалликлари  ҳақида  ҳикоя  қила  бошлади.  Бизга  мактаб  давридан  бошлаб  Америка  ҳақида  нотўғри  тасаввур  бериб  келганликларидан   нолиди.  Аслида  Америка  фуқароларининг  ҳаёти  жудаям  гўзал  ва  мутлақо  эркин  эканлигини  қайта-қайта  эътироф  этди...

  Мен  қишлоқ  шароитида  туғилиб  ўсгандим,  ҳатто  ўрта  мактабни  битираётганимда  ҳам  қашшоқликни  фазилат  ҳисоблайдиган  Улкан  мамлакатнинг  камсомол  ёшларидан  ҳисобланардим.  Қишлоқдаги  деярли  барча  хонадонлар  коммунистлар  қадрлайдиган  мана  шундай  фазилатга  эга  эдилар.  Мен  ҳам шундай  ҳаёт  ичида  ўсиб  улғайгандим.  Шунинг  учун  менга  Умарбековнинг  бир  маошга  машина  сотиб  олинадиган  ҳаётни  орзу  қилиши  ғалати  туюлаётганди.

-         Сиз  ҳеч  нарсадан  нолимасангиз  ҳам  бўладику-дедим  мен. 

-         Эҳ  сен  инсон  қандай  яшаши  кераклигини  ўз  кўзларинг  билан  бир  кўрганингда  эди – деди  домло  энтикиб.

 Мен  кўрмаган  билмаган  нарсаларим  ҳақида  нима  дейишга  ҳайрон  эдим.  Нима  дейишни  билмай.

-         Тасаввур  қилиб  кўряпман-дедим.  

Мени  бу  гапимдан  ҳеч  қандай  таскин  топа  олмади  шекилли  домло  менга  ёнбошини   ўгирганча  экрандан  кўзини  узмай  туриб;

-         Умринг  бино  бўлиб  қишлоғингдан  ташқарига  чиқмаган  бўлсанг  нимани  ҳам  тасаввур  қила  олардинг-деди   дабдуристдан.

Мен  домлодаги  бундай  кескин  ўзгаришдан  таажжубга  тушдим.  Ҳолибуки  домло  бизни  уч  йил  давомида  сабр-бардошли  бўлишликка,  қимматбаҳо  эмас  тоза-озода  кийиниб  юришга  чақириб  келганди. Домлонинг  охирги  гапи  у  ҳақиқатга  қанчалик  яқин  бўлмасин  барибир  менга  оғир  ботди.  Чунки домло  мени  доимо  ўзига  яқин  олиб  келарди.  Ўртага  тушган  жимликни  яна  домлонинг  ўзи  бузди.

-         Нима  сен  ҳалиям  коммунистлардек  камбағалликда  ҳам  бахтга  эришса  бўлади  деб  ҳисоблайсанми-деди  гапириш  оҳанггини  сал  юмшатиб.

 

ДАВОМИ БОР!

 



Категория: MAHALLIY HABARLAR (UZB)
Просмотров: 3207 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0| Рейтинг:
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
ahliddin92 davomi qachon chiqadi
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 23:31
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное