Nomard, nokas, likir-likir, yalaqi bilan teng bo‘lma!
“Ўзига ўзи гап сотиб олишни хуш кўрувчи тоифалар бор. Ўзини хор қилдириб, ҳузурланадиганлар бор. “Интрига”ни, латтачайнарликни одат қилиб, бировнинг устидан мазах қилишни ғалаба деб ўйлайдиган ақлли “аҳмоқ”лар бор” – деб гап бошлади бир инсон. Унинг кимлиги муҳим эмас. Чунки, у ҳеч қандай рекламага муҳтож эмас. Дилидагиларни гапирди, камина ёзиб олди...
Бир хонанда борки, унинг ўйлаб-ўйламай, оғзидан ади кириб, бади чиқишидан айримлар ўз разил мақсадлари йўлида фойдаланишади. Бироқ, унинг лов этиб ёниб, пов этиб ўчишини инобатга олишмайди. Вазиятга қараб, тўнини алмаштиришини ўйлашмайди. Коса тагида нима косаси бор, унинг. “Арзон” деб оғиз учида айтган нарсаси аслида жуда қиммат ва қадри баланд эканлигини яхши англайди. Унинг асабини қитиқлаб, қарши гап олмоқчи бўлишади... Бу қандай ўйин ахир? Унинг тилидан фойдаланиш шартмикан?
У хонанда ҳам анойи эмас. Ёнидагилардан қандай фойдаланишни яхши билади. Ниш ила чақиш ҳашаротларга, айрим турдаги судралиб юрувчиларга хос. Ана шу “хос”ликни ишлатиш – ғалаба дегани эсмаслигини унутмаслик керак. Бу шунчаки дилозорлик холос. Муҳими, бундай нишим бор деб ўйлайдиган “чувалчангсимон”ларни даволаш керак, агар “одамсимон” бўлиб, иродасида “иш”и бўлса, тез тиббий ёрдамга аниқ муҳтож. Аслида бунинг ҳам фойдаси йўқ. Чунки, ич-ичидан чириб бўлган...Йирингга ботган қалбдан тузукроқ нима ҳам чиқади?!
Бир ҳофизанинг машҳур қўшиғи бор. Нақоратидаги сўзлари ажойиб:
Нокас билан тенг бўлма,
Номард билан тенг бўлма...
Шу нақоратга қўшимча бор:
Ликир-ликир билан тенг бўлма,
Ялақи билан тенг бўлма...
Юқорида сўз кетаётган хонанда ҳақида айтганда, бошингга тушаётган жазолар ҳали ҳам кам сенга! Бу қадар ёлғизсан, артист. Умринг бино бўлибдики, ҳаётинг ёлғондан аримайди, сохта фидокор. Ким яхши ўзи сенга, “кобрахоним”? Ҳалиям осмондаги юлдузман деб ўйласанг, адашасан. У онлар ўтиб кетганига йиллар бўлди... Фақат тан олгинг йўқ. Эҳ, қанийди, санъатинг каби буюкликда феълинг ҳам бўлса... Орқангга бир назар ташла, қанча буюклар қуршовида, ҳурмат-иззатида эдинг... Бу қадар майдаларга ўралашиб, ўзингни хор қилмасанг. Қачон, ўз йўлида сенинг тилингдан фойдаланувчи “тулки”лар найрангига ўйнашдан воз кечасан?
Қачон дилозорликка нуқта қўясан? Дилинг турфа оғриқлардан оғриқ сезмайдиган ўликка айланиб қолган бўлса, бу истаганинг юрагига пичоқ уришга имкон дегани эмас... Ахир, уларда қалб ҳали тирик!
Одам оғзи бу қадар расво бўлмаса... Оғзингга элак қўй. Эланган ундан нон еб ўрганган-ку, одамзот! Гапнинг эланганини татийди, маънавияти соғлом инсон!
Шу ўринда “Шум бола”да ярим тунда бировнинг тандиридан чиқиб келадиган Қоравойга берилган савол ёдга тушади: “Жинмисан? Жиннимисан? Кимсан, ўзи?”
Дарвоқе, машҳур кулгу устаси Ҳожибой Тожибоевнинг бир юморига ўхшатма ҳам келди:
“Айтаётган қўшиқларингга ҳам, интервьюнгга ҳам, ўзингга ҳам...!”
Афсус, уч нуқтани сўз билан ифодалаш тарбияга тўғри келмайди. Ҳар ҳолда фаросатли одам фаҳмлай олади!
Шу гапларни айтди, дили ранжиган ўша инсон...