Тошкент Халқаро аэрапортига Москвадан учган самолёт кечикиб қўнди...Гулдасталар
тайёр. Ижодий ва ташкилий жамоа Нюшани кутмоқда. Ниҳоят, саф тортган йўловчилар
орасида қора кўзойнак таққан, бўйи Юлдуз Усмонованикидек келадиган қиз кўринди.
Бир қарашда бу содда рус ойимчасининг Нюша эканлигини пайқаш мушкул эди.
Чарчаган қиёфа соҳибасига гулдасталар улашилди. Унинг юзида табассум зоҳир
бўлди. Хонанданинг ёнида ишонган тоғи – отаси ҳам бор. Хонанда асабийлашганини
яширишга уринди. Йўл азоби – гўр азоби деб бежизга айтишмайди. Россиялик меҳмон
тезроқ автомашинага ўтирса-ю, отелга бориб, уйқу оғушига чўмса...Бир нарсани
таъкидлаш жоизки, у суратга тушишни илтимос қилган биронта инсонни ранжитмади.
Шошиб кетаётганига қарамай, эсдалик учун суратга тушди. Респект!
"Гранд Мир” меҳмонхонаси. Апил-тапил хонасига шошган хонанда
бир зумда кўздан ғойиб бўлди. Ахир, олдинда катта имтиҳон! Ўзбекнинг ва
дунёнинг қанча юлдузини кўрган "Истиқлол” саҳнасида концерт бериш – катта
масъулият! Устига-устак, чипта харид қилган томошабинга юлдузнинг ҳорғин қиёфаси
эмас, ғайратга тўла концерти муҳим. Буни яхшилаб англагани Нюшага бугунги
концертида жуда асқотади. Таъбир жоиз бўлса, Россиянинг совуғини олиб келган
рус юлдузи қорга бурканган Тошкенти азимда шов-шувли концерти билан ҳароратни
илитишига умид қиламиз. Яхши дам олинг, Нюшахон!