Иш стажи 40 йилга етган, аммо ўзи 60 ёшга тўлмаган шахслар
100 фоиз эмас, 80-90 фоиз пенсия олиб туришлари мумкинми? (З.Маҳмудова, Навоий
вилояти, Зарафшон шаҳри)
Ушбу саволга ҳуқуқ магистри Фаррух Файзиев жавоб беради:
Жавоб: Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган
пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин. "Фуқароларнинг
давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 8-моддасигада
келтирилишича, пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган
шахсларга ёшга доир пенсиялар ушбу Қонун 37-моддаси биринчи қисмининг "а”,
"б”, "в” ва "г” бандларида назарда тутилган камида 5 йил иш стажи мавжуд
бўлган тақдирда, бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.
Мазкур Қонуннинг 19-моддасининг иккинчи қисмига биноан, иш стажи тўлиқ
бўлмаган чоғдаги пенсиялар:
ёшга доир пенсиялар учун - энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
I гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун - энг кам ойлик иш
ҳақининг 100 фоизидан;
II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсиялари учун - энг кам ойлик иш
ҳақининг 50 фоизидан;
оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик
пенсияси учун - энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини
йўқотганлик пенсияси учун - энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан кам
бўлмаслиги лозим.