Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » Exclusive Intervyu

Мурод Ражабов: “Театрни соғинганим фойда берди!”

"Энди мен журналист” лойиҳасининг навбатдаги иштирокчиси хонанда Бахтиёр Раҳмонов бўлиши керак эди. Аммо Бахтиёр маълум сабабларга  кўра лойиҳада қатнашмаслигини билдирди. Унинг ўрнига ёш ва иқтидорли актриса Асал Шодиева журналистика соҳасида ўз маҳоратини синаб кўради.


Асал Ўзбекистон халқ артисти,  Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театри директори ва бадиий раҳбари Мурод Ражабовдан интервью олишга аҳд қилди.


Асал Шодиева: — Мурод Ражабов мен каби ёш актёрларга ҳақиқий устоз бўла оладиган маҳоратли актёр. У ҳар бир ролига меҳр билан ёндашиб, халқ эътиборига сазовор бўлган. Мурод ака билан турли тадбирларда ҳамкорликда ишлаган бўлсак-да, у билан чин дилдан, узоқ вақт суҳбатлашмаганмиз.  Бугун газета берган имкониятдан фойдаланиб суҳбатдошимнинг ҳаёти, фаолияти санъати хусусидаги ўзимни қизиқтирган саволларимга жавоб олишга ҳаракат қиламан.Учрашув Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқий театрида бўлиб ўтди.


— Ассалому алайкум, Мурод ака.


— Ваалайкум ассалом, хуш келибсизлар!


— Биринчи саволим яқинлашиб келаётган "Олтин Гепард” кинофоруми ҳақида. Мазкур тадбир биз киночилар учун  энг муҳим воқеалардан бири десам адашмайман, шундайми?


— Гапингизга тўлиқ қўшиламан. Ҳар бир киноижодкор йил давомида алоҳида тайёрланади.  Барчамиз тадбирда фаол бўлишга ҳаракат қилишимиз ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирданоқ ижодкорлар ўз фильмларини мазкур кинофорумда намойиш этиш учун тайёрланаётгани сир эмас. Картинаси "Олтин Гепард” доирасида намойиш этилишидан аввал унинг камчиликларини тўлдириш учун мендан маслаҳат сўраганлар ҳам йўқ эмас. Ёшларнинг бу каби ҳаракатлари ўз устида жиддий ишлаётгани, яқинлашиб келаётган тадбирга масъулият билан қаралаётганини билдиради.


— Фонд Форум томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда  фаолсиз...


— Албатта. Бу ташкилот ўтказаётган тадбирларни, лойиҳаларни кузатиб, унда иштирок этмасликнинг иложи йўқ. Фонд Форумнинг ишларини кўриб, четдан жимгина кузатиб туриш қўлимдан келмайди. Иштирокчиларнинг шижоатини кўриб, мен ҳам куч ва илҳомга тўламан. Мазкур ташкилот ҳар бир йўналишда  ўз фаолларига эга. Улар иқтидорли ёшлардан ўз ёрдамларини аяшмайди. Бу ишда уларга омад тилайман.


— Сиз раҳбар, актёр, фаол жамоатчи ва оила бошлиғисиз. Айтинг-чи, буларнинг барчасига бирдек вақт ажратишга қандай улгуряпсиз?


— (Кулиб) Тан олишим керак, ҳаммасини эплаш, барчасига бирдек вақт ажратиш қийин. Баъзида бир кун давомида қилган ишларимни ўйлаб, ўзимга ўзим раҳмим келади. Менимча, агар инсон бажариши лозим бўлган юмушлари муҳимлигини ҳис этсагина, барчасига улгуриши мумкин.


— Актёрлар учун раҳбарлик чеклов эмасми?


— Тўғри, раҳбарлик билан актёрлик икки хил тушунча. Лекин юқоридаги фикрингизга мутлақо қўшилмайман. Сабабини эса ўзимнинг мисолимда тушунтирмоқчиман. Мен ҳар куни эрталаб театрга ишга келар эканман, иш кунимнинг бир соатинигина раҳбарлик вазифамга ажратаман. Турли ташкилий ишлар, ҳужжатлар, деганидек... Кейин эса хор жамоаси билан репетиция ишлари, саҳналаштирилаётган спектакллар 
— буларнинг барчаси ўз соҳамга, касбимга  тааллуқли ишлар. Жамоамиз билан бир асар устида ишлаганда ҳам ўзимни раҳбар сифатида эмас, айнан актёр сифатида тутаман. Менга шуниси осонроқ. 


— Театрга раҳбар бўлишингиздан аввал орада каттагина танаффус бўлган. Бунинг ишингизга таъсири бўлдими?


— Аслида актёр сифатида театрда шаклланганман. Театрдаги 20 йиллик фаолиятимдан кейин, яъни 1988 йил ишдан кетдим. Бунга кино соҳасида ишларим кўпайиб кетгани сабаб бўлган. Орада ўтган  танаффус эса бугунги иш фаолиятимда яхши ёрдам беряпти. Нега деганда, театрда ишламаган йилларим бу соҳани четдан кузатиб, ўзимга керакли хулосалар чиқардим Камчилик ва ютуқларимни таҳлил қилишга ўзимга имкон бердим. Театрни соғинганимни эса иш бошлагач англадим. Бугун театрга бор меҳримни беришга тайёрман.

 

 

— Бугун "Асл хазина” спектаклида бош ролни ижро этяпсиз. Танаффусдан кейин ролга киришиб кетиш қийин бўлмадими?


— Йигирма йиллик танаффусдан кейин роль ижро этиш қийин, буни тан олишим керак. Ижодий танаффус ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Аммо юқорида айтганимдек, мени соғинч қутқарди. Юрагимдаги ишлашга бўлган хоҳиш қийинчиликларни енгиб ўтишимга ёрдам берди. Спектаклда яна бир нарса мени қийнади, яъни "Асл  хазина”да ария ижро этишим керак эди. Бу вазифани четлаб ўтишга қанчалик ҳаракат қилмай, режиссёр ва жамоанинг қистови билан ария куйладим. Назаримда, ёмон чиқмади, томошабинлар илиқ кутиб олишди. 


— Уч йиллик раҳбарлик фаолиятингиз билан театр учун нималар қила олдим деб ўйлайсиз?


— Бу саволингизга жавоб беришдан аввал ўзимни мақташ фикридан йироқлигимни айтиб ўтмоқчиман. Аммо йиллар давомида ҳеч кимга айтмаган сиримни ҳозир ошкор қилишим мумкин. Театрда бадиий савия борасида анчагина камчиликлар бор эди. Буни саҳналаштирилаётган асарларда, актёрларнинг ижросида жуда кўп кузатгандим. Аммо бугун жамоамизнинг саъй-ҳаракати, барчамизнинг бир мақсад сари илдам қадам босганимиз яхши натижаларга эришишимизда ёрдам берди.


— Ўзбекистон халқ артисти Саида Раметовани ишга таклиф қилганингиз ҳақида эшитдим. Шу гаплар ростми ёки...  


— Очиғини айтсам, бу фақат режада бор эди. Аниқ бир тўхтамга келганимиз йўқ. Агар ўйлаган ишларимиз амалга ошса, ёмон бўлмасди. Сабаби, Саида мусиқа театрида фаолият юритишга имкони етадиган актриса деб ҳисоблайман. 


— Набирангиз касбингизни давом эттирмоқчи бўлаётгани ҳақида эшитганман...


— Бу менинг энг оғриқли нуқтам эди. Шу пайтгача оиламдан касбимни давом эттирувчилар чиқмади деб хафа бўлиб юрардим. Қизимнинг Отабек исмли ўғли санъатга қизиқиши борлигини айтганда, жуда хурсанд бўлдим. Аммо шундай бўлса ҳам унга шошилмасликни, бу шунчаки ҳавасми ёки ҳақиқий интилишми, шуни аниқлашни тавсия этгандим. Лекин у ҳақиқатдан ҳам актёрликка қизиқибди, касбимни давом эттиришга жон-жаҳди билан киришганидан хурсандман. Ҳозир спектакль ва фильмларда эпизодик роллар ижро этяпти.  


— Ёшлигингизда ижро этган ролларингизни кўп кўрганман. Бугунги кунга нисбатан ёшлигингизда кўпроқ жиддий образларда намоён бўлгансиз. Бугун эса... Бу ўзингизнинг хоҳишингизми ёки?


—  Йўқ, бу ўзимнинг хоҳишим эмас. Аслида драма жанрини  жуда яхши кўраман, драматик ролларим ҳам кўп. Шароф Бошбековнинг "Темир хотин” фильмидаги ролимдан сўнг мени кўпчилик комедик ролларда кўрадиган  бўлди. Назаримда, асосийси турли жанрларда уқувим бор. Режиссёрлар таклиф қилган ҳар қандай ролни маҳорат билан ижро этишим мумкин.


— Комик роллардан чарчамадингизми?


— Йўқ, мен-ку, чарчамадим. Балки томошабинлар мени бир хил жанрда кўриб чарчашгандир. Лекин ўзимга бу ҳақида ҳали ҳеч ким айтмаган.


—       Ролларни рад этган пайтингиз ҳам бўлганми?


— Куни кеча режиссёрлардан бирининг таклифини рад этишга мажбур бўлдим. Унинг менга берилаётган ролни кўнглидагидек ижро этиб беришимга шубҳа билан  қарагани юрагимга оғир ботди.  


— Энг сўнгги саволим Муқимий номидаги мусиқа театрининг кейинги режалари ҳақида...


— Театримиз жамоасининг режалаштирган ишлари жуда кўп. Томошабинлар жаҳоннинг дурдона асарлари билан бир қаторда замонавий мавзулардаги ўз спектаклларимизни мароқ билан томоша қилишлари учун бугун бор куч-ғайратимизни ишга  солиб ижод қиляпмиз.


Хулоса


Асал Шодиева: —  Мурод ака билан суҳбатлашиб, бу инсондаги шижоат-ғайратни кўриб, очиғи ҳавасим келди. Устознинг барча режалари амалга ошишига тилакдошман.


Мурод Ражабов: — Асал Шодиева билан бир саҳнада туриб турли тадбирларда бошловчилик қилганмиз. Унинг ролларини томоша қилиб унинг маҳоратли актриса эканлигига амин бўлганман. Бугун эса у мени яхши журналист сифатида ҳам қойил қолдирди. 

 



Категория: Exclusive Intervyu
Просмотров: 2764 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0| Рейтинг: Мурод Ражабов
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 1
D@ler92 Murod aka har doim komik rollar ijro etmasin, muxlislar uni iliq kutib olaveradi.
Like | 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 17:22
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное