Муқаддас ХОЛИҚОВА: «Юрак» бермай, роль ўйнолмас эканман»
Бугунги суҳбатдошимиз турли хил «амплуа»да нималарга қодир эканини кўрсатган актриса. Унинг комедиясида бачканаликни кўрмайсиз, драмаси эса кўзингизни ёшлатмай қўймайди, ҳаркатларида сохталик сезмайсиз, қаҳрамонларининг «юраги» бор, ҳатто сукути ва нигоҳи ҳам «гапиради». Севимли актрисамиз Муқаддас Холиқова мустақиллигимизнинг 23 йиллик арафасида Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланди. Актрисани қутлаш учун дийдорга ошиқдик…
— Муқаддас опа, аввалги суҳбатимизда «Танҳо юлдуз» спектакли учун «Йилнинг энг яхши актрисаси» унвони билан тақдирланганингизда учрашгандик. Мана бугун юксак унвонга эришганингиз билан қутлаш насиб этди, муборак бўлсин!
— Мухлислар билан учрашганда, интервью берганда айтишга арзигулик янгилик, ютуқлар бўлса, деб доим ният қиламан. Етказганига шукр! Бу нафақат менга, балки театримиз жамоаси, оила-аъзоларимга ҳам берилган унвон. Чунки саҳнага бир ўзим чиқмадим. Роль берган режиссёр, елкама-елка ишлаган партнёрларим ёнимда бўлишди. Рости, янгиликни эшитган куним тонгга қадар ухламай табрик қўнғироқларини қабул қилдим (кулади).
— Биринчи бўлиб сиздан Маҳмуд Исмоилов суюнчи олди, сиз-чи?
— Турмуш ўртоғимдан, лекин аввалига «ҳазиллашманг», деб ишонмади.
— Ҳаётингиздаги кўп воқеалар кечиккандек туюлмайдими: санъатга кириб келиш, оила,уй-жой ва албатта бугунгидек хурсандичилик кунлар…
— Мендан аввал оила қурганлар эришган барча нарса бугун менда ҳам бор. Баъзи ижодкорлар айни ишлайдиган вақтида турмуш қуриб, фарзандлари билан овора бўлиб қолишади. Шунинг учун карьерани йўлга қўйиб, сўнг оила қурдим. Шунда битта бола учун бериладиган туғруқ таътилининг ўзида уч фарзандимни дунёга келтирдим (кулади). Бешинчи йилдан эса ишга тушдим. Ишлашга шароит яратиб берган турмуш ўртоғимга катта раҳмат!
Бугунгидек ҳурсандчилик кунни интиқиб кутганларга балки кеч туюлар. Тўғри, ютуқларга эришишни орзу қилганман, лекин ишлашдан мақсадим мукофот бўлмаган. «Яхшилик қилгину сувга от. Билса балиқ билсин, билмаса Холиқ», деган мақолга амал қиламан. Ҳар бир инсон меҳнати билан юзага чиқади, натижасини кўриб турибсиз.
— Суҳбатларимиздан бирида турмуш ўртоғингиз Адҳам Холиқов «Оила қурганимиздан бери соғлигига беэътиборлиги тўғрисида гапиравериб чарчадим», деганди. Ўз вақтида танбеҳларга қулоқ солмаганингиздан бугун афсусдадирсиз?
— Жон куйдириб ишламаганимда бу унвонга эга бўлмасдим (кулади). Соғлигимга путур етишининг сабаби, беэътиборлик эмас, шунчаки юрагимни чарчатиб қўйдим, шекилли. 19 декабр куни бир хожи она «бугун туғилган куним. Келиб бир оғиз табриклаб кетсангиз армоним йўқ эди», деб қолди. «Хўп бўлади!» деб йўлга чиқишга тараддуд кўраётгандим. Қолгани ёдимда йўқ, кўзимни очсам, жонлантириш бўлимидаман. Яхшиямки қизим Оминахон ўша куни уйда экан. Шифохонадан чиққач, хожи онадан узр сўрашга имконим бўлмади. Худо хоҳласа, бу йил 19 декабрда хожи онани уйига бориб табриклашни дилимга тугиб қўйдим.
— «Юрак хасталиги сабабли энди роль ўйнамас экан», деган гаплар қанчалик рост?
— Муболағасиз айтаман, билдирилган ишонч менга эътибор куч-ғайрат берди. Шифокорлар «Гиппократ» қасамёдини ичгани сингари менинг ҳам «танимда жоним бор экан, мухлисларга хизмат қиламан», деган ўз қасамёдим бор. Бетоблигим сабаб мухлисларим қай даражада кўплиги ва уларнинг эътиборини билишга муваффақ бўлдим. 31 декабр куни Янги йилни уйда кутиб олиш мақсадида шифохонадан рухсат олдик. Байрам дастурхонини кўриб, ҳайратда қолдим. Уйимни топиб келиб, турли хил егуликлар ташлаб кетишибди. Турмуш ўртоғим «шунча йиллик меҳнатинг зое кетмабди. Жон куйдириб ишлаб, шунча мухлис орттирибсан. Байрам дастурхонини улар тўлдиришди», деб бу эътибордан ҳурсанд бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, менга ғамхўрлик қилган барча мухлисларимга ташаккур айтаман!
— Бетоблигингиз сизни нималардан чеклаб қўйди?
— Қувончли кунларда даврадан чиқмай рақс тушиш, истаган таомимни ейиш, ҳаяжонланишдан. Хамир овқат, айниқса, лазер гуручидан дамланган ошни ҳуш кўраман. Лекин энди гречкадан тайёрланган ош ейишга тўғри келяпти. Бу ҳам бир синов, ўтиб кетар…
— Шифокорлар машина ҳайдашни ҳам тақиқлашдими?
— Ҳа, лекин хафа бўлмадим. Худога шукр, ўғилдек бўлиб қолган куёвим Равшанбек доим ёнимда. Ҳар қандай вазиятда кўнглимни олишни билади. Июнь ойида иккинчи қизимни ҳам турмушга бердик. Қизимни қадами хуш келдими куёвим Абдуқобил институтга ўқишга кирди. Куёвимнинг қадами эса менга ёқиб, юксак унвонга сазовор бўлдим. Учинчи қизимни ҳам унаштириб қўйдик, насиб этса келаси йил тўй.
— Актёрга қўйиладиган талаб бу — истеъдод ва юрак. Бундан буён Муқаддас Холиқова ролларига «юрак» бера олармикин?
— Саҳнага чиққанда ҳамма нарсани унутаман. Саҳна бу — юрагимни уриб туришига сабабчи малҳам! Юрак хуружидан кейин «Кўнгил» спектакли билан саҳнага қайтганимда, Махмуд Исмоилов «юрагингни зўриқтирмай, «реплика» билан ўйнай қол ролингни», деди. Лекин саҳнада ўрнимга бошқаси роль ўйнаётгандек бўлди, томошабиндан ўзим истаган энергияни ололмадим. «Юрак» бермай, роль ўйнолмас эканман.
— Хонандаларимиз Ўзбекистон халқ артисти бўлгач, жонли ижрода концерт беришни бошлашди. Масълуиятнинг «юк»и оғир-да! Энди сиз ҳам роль танлашни бошлайсизми?
— Театрда роль танлаш имконияти йўқ. Ҳозирча роль беришмаяпти, насиб этса, янги мавсумда янги спектакл билан саҳнага қайтаман. Кинода эса роль танлайман. Тан оламан, яхши маблағ учун сценарийнинг саёзлигига кўз юмган вақтларим ҳам бўлган. Лекин сценарий ёқса, маблағи мени қизиқтирмайди.
— Афсусланганман! «Чаллари» номли фильмида иштирок этганимдан ачинганман. Бу хато бошқа такрорланмайди.
— Нега сизни давлат фильмларида кўрмаймиз?
— Давлат фильмлари ҳам саёз чиқиб қолиши мумкин, масалан «Тўйдаги таъзия». Очиғи, давлат фильмларидан таклифлар кам. Лекин ўзим режиссёрдан роль сўрамайман. «Фалон режиссёр янги фильм бошлабди», деса баъзи актёрлар эшигининг тагида ётиб олади. Режиссёр сизни у ролда кўрмаса, илтимос қилишдан нима наф? Фильмдан фильмга ўтиб юрган актрисаларимизни нафақат роли, балки кийган либоси-ю рўмолигача бир хил. Шахсан ўзим битта либосни бошқа фильмга қайтиб киймайман. Бир мартагина «Ўжар келин» ва «Мерсквич»да либосим бир хил бўлиб қолган. Ён дафтарчамга ёзиб қўймаган эканман. Ҳатто фильмдан фильмга эр-хотин, фарзандлар ҳам бир хил тарзда кўчяпти. Сценарий, сюжет, актёрлар ансабмли, ижро ҳам бир хил. Шу маънода партнёр ҳам танлайман, бир хил бўлиб қолиши керак эмас.
— Сиз билан битта саҳнада турган актёрлар нигоҳида қалб акс этадими? Қалби китоб нури билан тўлганми ё қўғирчоқникидек пирпираб турадиган бўм-бўш сўник кўзлардан иборатми?
— Профессионализм кинода у қадар муҳим роль ўйнамайди. Истеъдоди бўлса, дипломи бўлмаса ҳам қандини урсин! Китоб ўқишга келсак, тан оламан ўзим ҳам китоб ўқимай қўйдим. Соғлигим, кўз нуримни асраяпман, вақт муаммоси ҳам бор.
— Излаган имкон топади, деган мақол сизга аталмаган экан-да?
— (Кулади) Бу баҳона эмас! Унинг ўрнига пьеса ўқишга одатландим.
— Алишер Навоий «Боғ кўп, гулзор кўп, лекин сен ўз гулингни узиб чиқ», деган. Муқаддас Холиқова ижод «боғ»идан ўз гулини узолдими?
— Уза олди ва яна узади. «Севгинатор» фильмидаги қайнона мухлисларимни кўпайтирди.
— Режиссёр Баҳодир Йўлдошев «тўртта атиргулни узиб таскин топиш бу жуда кулгили, аянчли. Чунки бу гулларни сендан олдин ҳам узишган», деганди. Айтмоқчиманки, қайнона ролини сиздан аввал ҳам ўйнашган…
— Қайнона бўлиб қолдим, демоқчимасман. Изланишдаман узадиган «гуллар»им ҳали олдинда!
bu ayol avvalambor "O'zbekiston xal artisti" unvoniga 101% loyiq. rostdan xam "Ko'ngil" spektakiliga tushganimda, rolga shunaqa kirishib, ishonib o'ynaganlari uchun, zaldigi tomoshabinlarga juda yoqqan. Muqaddas Xoliqovaga sog'liq, uzoq umr, ulkan parvoz ijod, omad va baxt tiliyman. shu qatorda Ozbek milliy akademik drama teatr jamoasini yubiley tavaaludi bilan tabriklab ularga omad tilab qolaman. Shu orinda Shodiya Toxtayevaga ham "Ozbekistonda xizmat korsatgan artist" unvoni bilan tabriklayman...