“Океан орти”да қайнаётган дув-дув гап бизгача етиб келди. Қанот чиқариш ҳам гапми, ёруғлик тезлигидай! Интернет-да бу! Сайтимиз электрон почтасига Шаҳноза Абдуллаева номидан бир олам дард битилган мактуб йўлланган. Эътиборингизга хатнинг қисқача мазмунини ҳавола этамиз (мактубда грамматик ва орфографик хатолар ҳам бисёр!). Аёлнинг айтишича, хонанда Собиржон Мўминов АҚШ сафари чоғида ундан 10.000 доллар пул олиб, қайтариб бермаган. Мактубда у шундай дейди (хатни ҳукмингизга грамматик ва орфографик хатоларсиз тузатиб тақдим этишга қарор қилдик):
-Мен Тожикистонлик Шаҳноза ўзимнинг юрагимдагиларни ва алданганлигим ҳақида айтмоқчиман. Хатни АҚШдан ёзяпман. 2013 йилнинг октябр ойида бу ерга концерт бериш учун Собиржон Мўминов келганди. Биринчи марта у билан шу ерда кўришганман. Ундан олдин интернетда танишиб гаплашганман. Октябр ойида у киши билан учрашдик, мендан анча нарсалар олиб кетди. Уйларига қайтганидан кейин ҳам анча гаплашганмиз. 2014 йил январ ойида у киши яна тўйга келди. Мени ҳам тўйга чақирдилар. Мен билан 2 марта учрашгандан кейин тўй олдидан 10.000 доллар сўради. “Жуда керакли инструментларим бор, ўшаларни олиб кетишим керак” деб. Бу киши мени Опаси билан кафега чақиришди ва мен ўша пайтда 10.000 доллар бергандим. Бу киши кетганидан кейин мен ҳам уйга кетдим. Уйда пайтимда смс ёзганман. Кейин менга жавоб бердиларки, “Агар яна менга ёзсанг, ҳеч ким тополмайди сени” деб “угрожать” қилди. Аммо бу ердаги Сайфиддин ака “қўрқманг, ҳеч нарса қила олмайди” деб “успокоить” қилдилар. Мен яна бир марта яхшилик билан сўрай деб “одноклассники”да ёзсам, мени “қора рўйхат”га ташладилар. 4 ойдан кейин мен яна Америкага келдим ва Опасининг манзилини танишларимдан суриштириб олдим ва у аёлнинг уйига бордим. Опа - туркманистонлик битта аёл ва жуда ҳурматга сазавор аёл экан. “Нега смсларимга жавоб бермайди ва менинг пулим нима бўлди?” деб сўрасам, “Мен сендан пул олмаганман, кимга берган бўлсанг, ўшандан ол” деб уйидан жўнатиб юборди. Мен кейин нима қилишни билмасдан, булардан пулимни осонликча ололмасам керак деб полиция чақирдим. Бу опани олиб кетишди ва судга беришди. Мен энди судни кутаман. Аммо бу опа пулни олмагани аниқ. Мен биламан, пулни Собиржон Мўминов олдилар, менинг қўлимдан. Мен бу опани полицияга берганимнинг сабаби, мумкин шундай қилсам, опасига раҳми келиб, пулимни қилиб берар деб ўйладим.
Сизлардан илтимос, балки сизлар менга ёрдам бера оларсизлар!? Бу кишининг менга ёзган смслари ва хатлари - ҳаммаси турибди. Агар керак бўлса, юборишим мумкин. Мендек алданган аёлга ёрдам берасизлар деб умид қиламан. Менинг у кишига ёмонлигим йўқ. Фақат пулимни олишимга ёрдам беринглар.
Бундан хабар топган хонанда Собиржон Мўминов шундай фикр билдирди:
-Бу бўҳтон! Ҳали қарз оладиган даражада моддий камчилигим йўқ. Куним АҚШда зўрға кун кечираётган эмигрантларга қолмаган. Агар, эҳтиёж сезсам ҳам, концертимни ташкил этган, ҳар томонлама ўз ўрнини топа олган продюсерлар, танишларим бор. Бу аёл бир ўзини Марғилондан, бир Ашхободдан, бир Тожикистоннинг қаеридандир деб таништирган. Ижтимоий тармоқларда ёзаётган гаплари эса туппа-тузук одамнинг гаплари эмас. Унинг профиллари ҳам кўп. Нега бундай бўҳтонлар тарқатаётгани ҳақида сўрасак, профилини ёпиб қўяди. Менинг шаънимга доғ туширишга ҳаракат бу!
Бугун сайтимиз почтасига яна бир мактуб келди. Наржан Музапберовадан. Хоним ўзини Нью-Йоркдаги Туркманлар жамияти раисаси сифатида таништиради. Рус тилида ёзилган хатнинг таржимаси қуйидагича:
-Билишимча, бир аёл шикоят хати ёзмоқда. Тўғри, бу хатда нималар ёзилганидан бехабарман. Бироқ, бир инсонни ноҳақ айблаш виждонга хилоф ишдир. Бу инсонни мен беш қўлимдек биламан ва гап Собиржон Мўминов ҳақида кетаётганини англаяпсиз. Бу инсонни 2 йилдан бери танийман. У Америкага келганда, бизнинг хонадонимизда яшайди. Набирамга суннат тўйи қилганимда, тўйболага барча совға-саломни унинг рафиқаси Назира юборган. У билан опа-ука муносабатидамиз. Ҳурматимиз шу қадар чексизки, ўртамизда пул ва бошқа нарса роль ўйнамайди. У АҚШда бўлганида ҳар бир қадамида оила аъзоларимдан бири ҳамиша ҳамроҳ бўлган. Билишимча, сизларга юборилган мактубда гўё Собиржон бир аёлдан 10.000 доллар пул олгани ҳақида ёзилган.
Ишонч билан айтаманки, бу қуруқ туҳмат. Бу мамлакатда мен 10 йилдан бери истиқомат қиламан ва эмигрант ким эканлигини яхши биламан. 10.000 долларни ким ўз-ўзидан бир бегонага беради? Ахир, ким пул ишлаб топса, зудлик билан оиласига юборишга ҳаракат қилади. Шунча йил яшаб, бу аёл ҳақида эшитмаганман, уни кўрмаганман. Ўзига тўқ, ўз ўрнини топган мендай дўсти турганида, Собиржон қайсидир танимайдиган бегона аёлдан пул оладими? Агар менинг ёрдамим керак бўлса, 10.000 доллар тугул ундан ортиғини ҳам укамдек бўлиб кетган инсонга беришга тайёрман. Наҳотки, мен турганда, Собиржон нон учун пул ишлаб топишга келган аёлдан пул сўраши мумкин? Бир куни бир аёл қандайдир йўл билан менинг уй манзилимни топиб келибди. Мен уни полицияга юбордим. Юзма-юз гаплашса, унинг бўҳтони ошкор бўлади. Ёлғон йўл билан қаллоблик қилиш орқали осонгина пул топиш илинжидаги бу аёл бир куни қаттиқ адашганини тушуниб етади. Мен тирик гувоҳман. Ва Собиржон билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатда ҳам чин гувоҳлик беришга тайёрман. Бу борада етарли далил-ҳужжатларим бор. Яхшиям, дунё яхши одамларга тўла. Ҳаёт юқорида гап бораётган шундай инсонлар туфайли бузилишга мойил бўлади. Бундай қаллоблардан ҳалол инсонларни асраш керак. Ушбу мактубни чоп этишингизни сўрайман.
Эл орасида тез-тез қулоққа чалиниб турадиган гаплардан бирига ёдимга тушди. Қизиқ, ҳозир бировга бир сўм пул берадиган замонми? Яна бегонага?! Шаҳноза Абдуллаева “океан орти”га сафар қилган бир хонандага катта ишонч билан 10.000 долларни шунчаки бериб қўйишини ақлга сиғдириб бўлмайди. Бироқ, қаллоблик, туҳмат орқали пул ундириш ҳақида гап борар экан, дарахтнинг учи шамолсиз қимирламаслиги ҳақидаги оддий ҳақиқат ҳам ялт этади. АҚШга сафарга бораётган шунча санъаткорларимиздан айнан нега Собиржон Мўминов билан бундай гап-сўзлар болалади? Шов-шув шундаки, бундай воқеани энди биринчи маротаба эшитиб турибмиз...Хуллас, ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Ким кимни алдаяпти? Бу саволга Сиз жавоб топишга уриниб кўринг. Мулоҳаза билдиринг. Балким, ҳақиқат шу мулоҳазалар давомида туғилар?