Hilolaning ilk yakkaxon konserti va uning "titrashi"!?
У турмуш ўртоғининг унга бунга боқишини хоҳламайди, “Ҳой, аразчи манга бир қара!” деб танбеҳ беришни ҳам билади. У субҳидамда сувга чиқса, бир йигит унга термулиб қарашидан ҳаяжонланади. У яна севгисини айтолмаган қизга ҳам айланади гоҳида. Овоз пардаси мақом каби олиймақом санъатимиз пардаларини очишга, катта саҳналарда гулдурос олқишларга сазовор бўлишга ҳам етади. У номига хос, нозикниҳол каби кўринади, янги ой, ҳилол каби товланади.
Ҳилола Ҳамидова консерваторияда ўқиб юрган кезларида қайсидир имтиҳонни “5” баҳога топшириш учун бир неча тунни уйқусиз репетиция “кўприк”лари билан тонгга улаганлигини яхши эслайди... ва яна қўшиб қўяди: “Хайрият, хайриятки, устозларнинг ўгитини олган эканман!” Шундан бўлса керак, уни барча давраларда ҳурмат қилишади, “Ҳилолахон “Субҳидамда”ни айтинг деб илтимос қилишади. Яна денг, Ҳамидовани бир неча йилдан буён мухлислари ҳол-у жонига қўймасдан бир савол билан қийнашади: “Қачон концерт берасиз?”
Хонанда ушбу саволга бу гал аниқ жавоб айтиши мумкин. Чунки, “Истиқлол” санъат саройида шу йилнинг 28-29 сентябр кунларига мўлжалланган илк яккахон концерт дастурига тараддуд аллақачон бошланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов режиссёрлигида ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшаной Шарипова балетмейстрлигида бошланган репитициялар айни муборак Рамазон ойи мобайнида авжига чиққан. Ҳилоланинг ўзи эса ҳали овоз ёзиш студияси, ҳали рақс тўгараклари, яна бошқа югур-югурлар билан елгани елган. “Қандай қилиб бўлмасин, мухлисларга концерт ёқиши, қалб қўридан жой эгаллаши шарт!” дейди навбатдаги машғулотларга шошилаётган хонанда. Янгиликлар ҳақида сўраганимизда эса, титроқ ҳақида сўз очди.
Ҳилола Ҳамидова концерт олдидан титраяпти дейсизми? Йўқ! У “Титрадим” номли қўшиқ куйлади. Тарона ҳақида ҳеч муболаға қилмоқчи эмасман. Сиз бир тинглаб кўринг! Атиги бир марта тинглаб кўринг, такрор тинглашга эҳтиёж сезишингизга мана мен кафолат бераман. Сиз хоҳлайсизми-йўқми билмадим-у, аммо юрак такрор-такрор тинглагиси келишига ишонаман. Ижро кулминацияси шу бўлса керак. Устоз санъатокор Дилнура Қодиржонова ижод йўлига ҳурмат ва эътибор намунаси сифатида қайта мусиқий сайқал билан ижро этилган янги “Титрадим”нинг матни эл ардоғидаги шоир Маҳмуд Тоирга тегишли. Таронага ишланган видео эса Музаффар Юсупов томонидан тасвирга олинди. Клипдаги рақсларни маҳоратли раққоса Паризода ва унинг бошчилигидаги хореограф қизлар гуруҳи ижро этишган.
Мақсадимиз “Титрадим” концерт олди Ҳилолага ҳеч номига мос таъсирини ўтказмасин. Хонанда ушбу илк яккахон концерт дастури давомида жонли ижродаги қўшиқлар ҳам кенг ўрин эгаллашини маълум қилди. “Жонли куйламасам, уят бўлар!” дейди хонанда. Ахир шунинг учун ҳам Ҳилолани севиб тинглашади, ширали овозига шайдо бўлишади. Яна дуэт тарона репертуарга киритилиши ҳам режалаштирилмоқда.