14 июль – Буюк француз инқиболига, яъни Бастилия қалъаси ишғол этилган кунга бағишланган Франциянинг миллий байрами. 1789 йилнинг 14-июль куни исён кўтарган парижликлар қирол зўравонлигининг рамзи бўлмиш Бастилия қамоқхона-қальасини ишғол қилиб, у ерда жазо муддатини ўтаётган 7 нафар маҳбусни озод қилдилар. Шу ҳодиса Буюк Француз инқилобининг бошланиши сифатида кўрилади. Айни дамда "Бастилия” сўзи озодлик рамзига айланган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Байрамни нишонлаш ҳақида қарор 1880 йилнинг 6-июлида қабул қилинган.
Мухбиримиз Франция Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси Франсуа Готье билан мулоқотда бўлиб, Франция миллий байрами ва Ўзбекистон хақида таассуротлари билан қизиқди.
-Элчи жаноблари, Франция Миллий байрами - Бастилия ишғол қилинган кун хақида маълумот берсангиз.
- Бастилия қалъаси ишғол қилинган кун хақида гапирадиган бўлсам, бу бизнинг миллий байрам хисобланади. Учинчи Республика томонидан ташкил қилинган бу кун биз учун жуда хам муҳимдир. Шуни таъкидлаш керакки, Бастилия қальасини ишғол қилиниши Франциянинг миллий байрами бўлишига қарамай, бутун дунёда нишонланади. Чунки, Бастилиянинг эгалланиши инсоният тарихидаги энг ёрқин ходисалардан бири сифатида тан олинади. Бу байрамнинг биз учун аҳамияти жуда ҳам катта. Францияда асосий тадбирлар 13- июлда Тюильри боғида бошланиб, 14-июль куни эрталаб Елисей майдонида ҳарбий парад бўлиб ўтaди. Тунда эса майёқбозлик ўтказилaди.
-Мамлакатимизда элчи сифатида фаолият юрита бошлаганингизга бир йил бўлди. Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар хақида таассуротларингиз қандай?
-Ўзбекистон ва унинг халқи ҳақида кўп гапириш ва илиқ фикрларни айтиш мумкин. Мен икки жиҳат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчиси, мени мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг тез орада оёққа туриб олгани ҳайратга солди. Чунки, аввал мустамлака бўлган давлат ҳозирда мустақил мамлакат бўлиб жаҳонда ўз айтар сўзига ва ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. 21 йил мабайнида Ўзбекистонда янги жамият - инсон ҳуқуқлари ва демократия қарор топган жамият барпо этилиш йўлида иш олиб борилмоқда. Шу сабабли шу давр мабайнида амалга оширилган ишлар хорижликларни ҳайратга солади. Иккинчи жиҳат - бу Ўзбекистонинг маданий меросидир. Мен тарихчиман. Шу сабабли мени Ўзбекистон тарихи ва маданияти жуда ҳам қизиқтиради. Францияда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларнинг номлари жуда машҳур. Бу шаҳарлар номларини эшитиб францияликлар илиқ туйғуларни ҳис қиладилар. Ўзбекистонга хориждан келаётган сайёҳлар орасида Франция фуқоролари кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг Ўзбекистондан олам-олам тассуротлар билан қайтаётганларига гувоҳ бўлиш мумкин. Ўзбекистон заминида Амир Темур каби буюк давлат арбоблари фаолият юритган. Бу ерда буюк цивилизацияларнинг пойдевори мавжуд. Францияликлар бу ердаги қадимий маданиятни жуда ҳам ҳурмат қиладилар. Ўзбекистондаги хилма-хил маданият олдида лол қоламиз. Ўзбекистон бой тарихга эга мамлакатдир.
-Лувр музейини билмаган киши бўлмаса керак. Мазкур музей ходимларининг Ўзбекистонга қизиқиши хақида нималар дея оласиз?
-Бир неча ой аввал Лувр музейи Ўзбекистонда археологик қазишмалар олиб бориш бўйича ўзининг лойиҳасини бошлади. Бу лойиҳа Бухорога яқин жойда олиб борилмоқда. 8-9 асрларга оид ёдгорликлар ўрганилади. Лувр музейида ислом саньати бўлими бор. Мана шу бўлимга Ўзбекистонда олиб бориладиган қазишмалар давомида топиладиган буюмлар қўйилади. Лувр музейи ўзбекистонликлар билан хамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Бу борада битим имзоланган. Музейга Ўзбекистонга оид экспонатлар қўйилган. Лувр музейи орқали францияликлар Ўзбекистон маданияти хақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўладилар, деб ўйлайман.
-Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Франция ҳукумати дипломатик маслаҳатчиси Станислас Лефевр де Лабуле қабул қилинди. Учрашув давомида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шерикликни кенгайтириш йўллари ва уни турли йўналишларда ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида томонлар француз компанияларининг истиқболли қўшма лойиҳаларда, шу жумладан "Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, "Ангрен” махсус индустриал зонасида иштирок этиши юзасидан фикр алмашишди. Ўзбекистон-Франция хамкорлиги борасида маълумот бериб ўтсангиз?
-Музокараларда, шунингдек, маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик, Ўзбекистон ва Франция етакчи ўқув ва илмий муассасалари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳим ўрин эгаллади. Шуни таъкидлаш керакки, мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганиданоқ, Франциянинг бир қатор компания ва ташкилотлари Ўзбекистонга келиб турли сохаларда фаолият юритишмоқда. Ўзаро хамкорлик борасида ҳар икки мамлакат катта салоҳиятларга эга. Икки томон ҳам мавжуд имкониятлардан фойдаланиш лозимлигини айтиб келади. Бу борадаги салоҳиятларни ишга тушириш вақти келди. Кўп соҳалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, бир қатор лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш мумкин. Бунинг учун Ўзбекистонда барча шароитлар яратилган. 2011 йилда икки томонлама савдо ҳажми 354 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсатгич 2010 йилга нисбатан икки баробарга кўпдир. Шунга қарамай, бу кўрсаткичдан қониқмаяпмиз. Дунёда давом этаётган глобал инқироз Франция иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган бўлишга қарамай, бу тўсиқларни бартараф этишимизга ишонаман. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ишонч ва бирга ишлаш хоҳиши алоқаларимизни янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.
-Афғонистон муаммосини ҳал қилишда Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар жаҳонда кўплаб сиёсатчилар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан эътироф этилмоқда. Бу борада Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.
-Афғонистонда тинчлик қарор топиши ва бу мамлакатда барқарорлик ўрнатилиши борасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўртага ташлаган ташаббусларга юқори баҳо бериш керак. Ўзбекистон раҳбари минтақавий хавфсизлик масалаларига доимо катта аҳамият бериб келган. 2014 йилда НАТО кучлари Афғонистонни тарк этганидан кейин, бу давлатни тақдир ҳукмига ташлаб қўйиб бўлмайди. Афғонистонда хавфсизлик таъминланиши, унинг иқтисодиёти ривожланиши учун қўлдан келган ёрдамларни бериш керак. Бунинг учун бирга ҳаракат қилишимиз лозим. Бу бизларни бир-биримизга яқинлаштирадиган масалалардан бири. Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилишимиз керак бўлади. Жаҳонда нуфузли ўринга эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида мухим роль ўйнайди. Шу сабабли Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш табиий ҳолдир. Мен Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш ва хавфсизликни таъминлашдаги Ўзбекистон ташаббуслари ва саъй - ҳаракатларига юқори баҳо бераман ва миннадорчилик билдираман.