Facebook ижтимоий тармоғи янги Facebook Gifts янги хизматини таклиф қилди. Унинг ёрдамида тармоқ фойдаланувчилари ўз дўст ва яқинларини ҳақиқий совғалар билан хурсанд қилиш имкониятига эга бўладилар.
Facebook Gifts хизматини ташкил этишдан мақсад дўстлар бир-бирларини табриклаб, почта ёрдамига мурожаат этмасдан ва бошқа ортиқча воситаларсиз совғалар бериш имкониятини яратишдир. Яқинига ҳадя қилмоқчи бўлганлар ўз дидларига мос ранг, таъм ва ҳидга қараб совға танлайдилар. Айни дамда Facebook Gifts юздан ортиқ ҳамкорларнинг маҳсулотларини таклиф қилмоқда. Совға тарзида кийим-кечак, таом, ичимлик, юмшоқ ўйинчоқ, совға карталари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар харид қилиш мумкин.
Айни дамда мазкур хизмат АҚШнинг бир неча шаҳарларида таклиф қилина бошлади, яқин орада эса Facebook ушбу хизмати амал қилувчи минтақаларини кенгайтириш ниятида.
Эслатиб ўтиш жоизки, 2007 йилдан Facebook хизматида виртуал совғалар юбориш хизмати мавжуд эди, аммо 2010 йилнинг августида мазкур хизмат тармоқдан ўчириб қўйилган.