Дубайга йўл олаётган барча сайёҳлар душанбадан бошлаб шундоқ
ҳам арзон бўлмаган меҳмонхоналар учун қўшимча солиқ тўлашларига тўғри келади.
Солиқ қиймати меҳмонхонанинг неча юлдузлигига боғлиқ. Солиқ суммаси суткасига
ўртача 2 дан 5,5 АҚШ долларигача ташкил этиши мумкин. Бу ҳақда vesti.ru сайти
хабар бермоқда.
Шу кунгача Дубай меҳмонхоналари ташриф буюрувчиларидан 10 фоиз муниципал ҳамда
яна шунча хизмат кўрсатиш солиғи олинар эди. Энди ушбу тўловларга
"сайёҳлик дирхамлари" солиғи қўшилди. Янги солиқ тури айнан шундай
деб номланди.
Маҳаллий ҳукуматнинг хабар беришича, ушбу йиғимлар Дубайда сайёҳликни
ривожлантириш йўлида ҳамда БААда ташкил этиладиган ЭКСПО-2020 кўргазмасига
тайёргарлик кўриш учун ишлатилади.
Амирликларда ўтказиладиган мазкур йирик кўргазма ҳаражатлари 6,45 миллиард
еврога баҳоланган.
Ҳозирда Дубайдаги фаолият юритаётган 600 та меҳмонхонадан 60 фоизи беш юлдузли
ҳисобланади.
2013 йилнинг якунларига кўра, Дубайга 11 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган.