Chevrolet Cobalt автомобили 2012 йилдан Ўзбекистонда ишлаб чиқарила бошланган ва Россияга экспорт қилинган. Бироқ жорий йилнинг баҳорида General Motors концерни Ўзбекистонда активларини минималлаштиришини эълон қилгандан кейин, Cobalt Россияни биринчилардан тарк этди: ҳозирда россиялик дилерларда деярли сотувда бу автомобиллардан қолмаган ва 8 ой давомида 300тадан камроқ миқдорда сотилган. Бироқ бу седанлар Ўзбекистон ва Жанубий Америкада ҳамон сотилмоқда ва 1-2 ой ичида унинг янгиланган версияси намойиш қилиниши керак.
Янги Cobalt’нинг ниқобланган фотосуратлари Бразилияда тасвирга олинди. Автомобиль бу ерда 2011 йилдан бери ишлаб чиқарилади.
Янги Cobalt олд томондан янги Cruze автомобилига ўхшаб кетади – катта ҳаво тўплагич ва ёруғлик-диодли фаралар билан жиҳозланган. Автомобилнинг орқа қисмида юкхона эшигига чиқиб турувчи “горизонтал” чироқлар пайдо бўлади. Салонда сенсор экранли мультимедиа тизими ва бошқа безак элементлари ўрнатилиши кутилмоқда.
Янги Cobalt техник томондан ўзгармаслиги тахмин қилинмоқда: ҳозирги Cobalt бензинда ёки Бразилияда кенг тарқалган этанол спиртида ишлайдиган 8 клапанли 1,4 литрли (102 от кучи) ва 1,8 литрли (108 от кучи) моторлар билан жиҳозланади.
Автомобилнинг ўзбек вариантининг янгиланиши бироз кечроқ амалга оширилади, бироқ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи Cobalt’лардаги 1,5 литрли (106 от кучи) мотор янгиланмайди. Чунки 2011 йилда Ўзбекистонда 1,2 ва 1,5 литрли моторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “GM Powertrain Uzbekistan” двигателлар ишлаб чиқарувчи заводи ташкил этилган ва бу заводни яқин орада модернизация қилиш режалаштирилмаган.