...У кучли аёл. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларидан ўта олди.
Эгилди, букилди, лекин синмади! Санъат давонларидан ўтаётган нозик қадамларга қанча
тикон санчилмасин, у оғриқларни, дарду аламларини ёқимли табассуми ортига яшира
олди. Мухлисларига кўзёшларини кўрсатмади, азобларини дастурхон қилмади.
Юрагидагиларни қўшиқларига сочди. Шунданми, у 14 йил давомида куйлаб келаётган
бирон қўшиғи йўқки, тингланмай қолган бўлса!
Шаҳзоданинг бугунги қалб дунёси қанда
й? Интервью давомида уни ўзингиз учун самимий суҳбатдош сифатида кашф
этишингизга ишонамиз.
-Замонавий ўзбек шеъриятида раҳматли Муҳаммад Юсуфчалик ёрқин
из қолдирган шоир йўқ. Унинг шеърларида халқпарварлик, ватанпарварлик,
инсонийлик балқиб туради. Севимли шоирнинг нечта шеърини биласиз?
-"Улуғимсан, Ватаним” шеърини ўқиганимда, қаттиқ
таъсирланганман. Бу шеър ўлмас қўшиққа айлангани ҳам рост. Шу биргина шеър бу
шоир ижодининг нақадар буюк ва абадият сари юз тутганидан далолат. Шоирлар бор
юзлаб шеър ёзади, бирон шеъри ёдда қолмайди. Муҳаммад Юсуф шеърларининг ҳар
бири битта китобдек қалблардан жой олади.
-Унинг Ватан ҳақидаги бирон шеърини қўшиқ қилиб куйласангиз,
халқ ичига янада кириб борардингиз...
-Ватан ҳақидаги қўшиқларим кўп. Албатта, Муҳаммад Юсуфнинг
ватанпарварлик жўш урган шеърларидан бирини куйлашни ният қилганман. Бу борада
"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳам ўз жўяли фикрларини берган. Худо хоҳласа,
албатта куйлайман!
-Қозоғистон телеканаллари учун ўзбек хонандалари орасидан
энг муҳим қиёфа шубҳасиз, Шаҳзода бўлмоқда. Бу ҳақда асос етарли. Сир бўлмаса, қардош
эл орасида қандай шуҳратга эришдингиз?
-Қозоғистон бўйлаб кўп бора гастролларда бўламан. Адашмасам,
қўшни республиканинг 12 та вилоятида яккахон концертларимни тақдим этганман. Қўшиқларимни
севиб тинглашади. Бу менга янада далда беради. Назаримда, ҳар бир санъаткор
учун чиройли кийимлари ё бўялган қош-кўзи билан эмас, қўшиқлари орқали танилиши
ёқимли. Қозоғистонда бош ролларни талқин қилган фильмларим ҳам роса оммалашган.
Нафақат, менинг ижроимдаги балки кўплаб ўзбек фильмларимиз минглаб қозоқ
томошабинларнинг севимли картиналаридир. Бундан фахрланаман.
-Сизнингча, ҳозирги "Сетора” нега гуркираб кетмаяпти?
-Ўйлашимча, ҳали шундай вақт келадики, "Сетора” анча
марраларга эришади. Айни дамда "Жоним” гуруҳида куйлаб юрган пайтларим ёдимга
тушди. Бизнинг танилишимиз ҳам осон кечмаган. Хонанда машҳур бўлиш учун
куйлашга интилади. Бу жараён узлуксиз давом этса, албатта натижага эришиш
мумкин. Мана, ўзим ҳам куйлаётганимга 14 йил бўлди. Тажриба орттирдим. Фақат
олдинга интилдим, орқага чекинмадим. "Сетора” ҳам ижоддан тинмас экан, меҳнатлари
қадр топади.
-Севара Назархоннинг Россиядаги бугунги рейтинги ҳақида
нималар дея оласиз?
-Севара ғайратли. У Ўзбекистонда ҳам севимли, Россияда ҳам
мухлислари талай. Унинг характерини яхши биламан. Назархон мусиқада яшайди. Ҳар
бир хонанда чет элларда баланд рейтингга эришса, нафақат унинг ўзи балки биз -
ватандошлар ҳам хурсанд бўламиз. Гоҳида хориждаги ҳамкасбларимга айтгим келади,
биздаги талантлар ҳам сизлардан кам эмас.
-Қўшиқларингиз сони билан ҳам қизиқиб кўрдингизми?
-Билмайман. Қаранг, бу ҳақда ўйламабман.
-Бугун тўкис ҳаётда яшаяпсиз. Оила, фарзандлар, уй,
машина...Ҳақиқий бахтни нимада деб биласиз?
-Улғайган сари англадимки, соғлиқ-саломатлик бутун бўлса, ҳамма
нарсага эришиш мумкин. Саломатлик бўлмаса-ю, барча нарсанг бутун бўлса,
уларнинг биронтаси кўзга кўринмайди. Шукрки, етти мучам соғ. Беш маҳал ибодат қилмасам
ҳам, эътиқодимга содиқман. Саждам – юрагимда! Қанча меҳр улашсанг, шунча меҳр қайтади.
Бу ҳаётнинг тенглик қоидаси. Тоза ниятинг кўп бўлса, умр йўлларида қалби тоза
одамлар кўп учрашишига амин бўлдим.
-Қанчалар инжиқсиз?
-Жудаям инжиқман. Болаликдан шунақаман. Ўзимда ва ишимда ҳаммаси
тўғри бўлишини истайман. Турмуш қурганимга 8 йил бўлди. Турмум ўртоғим кўп
нарсани ўргатди. У жуда оқил инсон. Ундан миннатдорман.
-Нилуфар Усмоновадан бошқа яна ким билан яқинсиз?
-Ҳамма билан дўст тутинишга уринаман. Хореограф,
админстратор. Атрофимдаги кўпчилик билан жуда яқинман. Даврон билан 12 йилдан
бери танишмиз. Санъатдан ташқарида ҳам дўстларим роса кўп. Бир дугонам бор.
Нателла. У опамдек бўлиб кетган. Динейра, Шаҳзода Матчановалар билан ҳам жуда яқинмиз.
Шаҳзоданинг дунёқараши мени лол қолдиради. Унинг ёшида мен бу қадар фикрлашга
бой бўлмаганман.
-Машинангизда кўпроқ кимнинг қўшиғини тинглайсиз?
-Классик мусиқалар. Агар радио тингласам, кимнинг қўшиғи
берилса, ўшани тинглайман. Ижрочисига қараб, ажратмайман. Ахир, мен ҳам Шаҳзода
бўлиб танилмаганимда, энди қўшиқ айтишни бошлаганимда, кимлардир ҳам мени
тинглаган-ку?!
-Қайси фильмни қайта-қайта томоша қилиб, зерикмайсиз?
-"Шамол ортидан югурувчи” фильмини қайта-қайта томоша қиламан.
Афгон ёзувчиси Ҳолид Ҳусейннинг 2003 йилда чиқарилган дебют асари асосида
яратилган бу картина Афғонистон ҳаётини инглиз нигоҳида очиб беради.
Одатда, маъноли кино кўрсам, бошим оғрийди. Фильмнинг ҳар бир воқеасини ўзимдан
ўтказганим учун бўлса керак! Умуман олганда, кайфиятга караб, турли жанрдаги
фильмларни томоша қиламан. Айрим фильмлар бор, томоша қилган вақтимга ачинаман.
Баъзи картиналардан кўп нарса ўрганса бўлади.
-Бугунги шоубизда нималар етишмаяпти?
-Билмадим. Олдинлари санъаткорларнинг ўзаро ички
муносабатлари етишмаяпти деб ҳисоблардим. Сўнгги пайтларда кузатсак, кўп
хонандалар дўстона муносабатларни тиклай бошлади. Бу қувонарли.
-Хориж юлдузлари, асосан, альбоми сотилиши ортидан мўмай
даромад олади. Сир бўлмаса, қайси альбомингиз чўнтагингизга қанча фойда
келтириши билан ҳеч қизиқасизми?
-Мен альбомларим сотилишидан пул олмайман. Ўйламабман, қаранг.
Альбом дегани шунчаки бўш қути эмаски, уни номига харид қилиб, у ёқ бу ёғига қараб,
ташлаб юборишса. Шунинг учун ҳам тинглашга арзигулик мусиқий тўплам яратишга ҳаракат
қиламан. Мени пул кизиктирмайди деб айтсам, ёлгон булади. Турмушим бўлса ҳам, иқтисодий
камчилигим бўлмаса ҳам, ўзим ишлаб топаман. Севимли касбим орқасидан пул ишлаб
топиш менга куч беради. Катта ўғлим Солиҳ 17 ёшда. Ҳолид ҳали чақалоқ. Икки
фарзандимни пул билан таъминлашга қурбим етади. Бироқ, вояга етган ўғлим боқиманда
бўлишини истайман. Солиҳ ота-онасининг арзандаси бўлиб юрса, эртага ким бўлиб
етишади? Бугун тўкис ҳаётда кун кечиряпти, эрта-индин ҳаёт қанақа бўлишини Худо
билади. Шунинг учун Солиҳни ҳозирдан пул ишлаб топишга йўналтирганман. Ўғлим
ҳаётнинг ҳамма томонини кўришни истайман.
-Энг кўп ишлатадиган иборангиз?
-Худо хоҳласа.
-Сон-саноқсиз интервьюлар бергансиз. Ҳар гал журналистлардан
қандай савол беришларини кутасиз-у, бироқ, ҳали ҳеч ким бермаган...
-Шу кунларга етгунга қадар Сизга қанчалар қийин кечган?
-Негатив фикрларни қандай ҳайдайсиз?
-Дўстларим билан суҳбатлашишни бошлайман. Ҳар бир инсонда
депрессия бўлади. Қанча инсонга ёқаман, қанчасига йўқ. Ҳаётда ҳеч кимга ҳеч
нарсани исботлаш шарт эмас. Вақтнинг ўзи кўрсатади. Нилуфар хушчақчақ. У билан
гаплашиб овунаман ва ёмон фикрларни унутиб юбораман. Сўнгги пайтда бу борада Ҳолиднинг
ўрни катта. Уйга чарчаб келиб, Ҳолидни кўрсам, ҳаммаси унут бўлади. Чақалоғим
- энг яхши "антидепрессант”им!
-Ҳолид ҳақида гапиринг...
-Қўйиб берсангиз, эрталабгача гапираман! Фарзанд кўриш
бахтини ҳар бир аёлга тилайман. Аёлни фарзанд ўзгартиради. Олдин асабийроқ
эдим. Ҳозир бошқачаман. Шунча йиллар туғиш ё туғмаслик ҳақида ўйладим. 8 йилдан
бери эрим сўрарди. Бироқ, шартни ўзимга қўйдим: уддалай оламанми? Ўзимга савол
берардим. Ҳар томондан. Гастроллар ва ижод сабаб Солиҳга кам вақт ажратганим
учун хафа ё йўқлигини сўрайман. У менинг ишларимдан хурсанд. Уйда эртаю кеч у
билан ўтирганимдан ҳеч қандай фойда йўқлигини айтади. Бугунга келиб, иш режамни
бир маромга қўйишга эришдим. Ҳамма нарсага улгуришга ҳаракат қиламан. Уй
бекалигидан саҳнадаги хонандаликкача!
-Лола билан дуэт куйлаш ниятингиз борми?
-Йўқ.
-Концертингиз учун яратган имижингиз кимга ёқди, кимга эса
йўқ. Ўзингизга-чи?
-Рости, ўзимга ёқмади. Концертим рекламаси учун танланган
фотосуратимга анча пайтдан сўнг кўникишимга тўғри келди. Ўзимни ўзим жуда танқид
қилганим боис, кўникишим ҳам осон кечмади.
-Истайсизми-йўқми, эл орасида машҳурлар ҳақида гап-сўз қайнайди.
Қайси гаплардан чарчадингиз?
-Биласизми, ўз хатоларимни ўзим мушоҳада қилишни яхши
кўраман. Бировнинг нотўғри гап-сўзлари эса ранжитади. Сўнгги йилларда айрим
одамлар орасида бир гап борки, қалбимга оғир ботади. Гўёки, "Лоланинг отасини
тортиб олганмиш”ман. Мен аниқ фактлар билан шу гапларга нуқта қўймоқчиман. Мен
Лоланинг отасини тортиб олганим йўқ! Турмуш ўртоғим собиқ оиласидан 1998 йил
ажрашган. Очиғи, сабабларини билмайман. Сўрамаганман ҳам. Мен 2000 йилдан
бошлаб, компаниянинг оддий бир лойиҳаси эдим. Вақтлар ўтиб, ўртамизда жиддий
муносабатлар шаккланди. Ҳақиқий севги илдиз отди. 2005 йилда қонуний никоҳ асосида
оила қурдик. Нотўғри фикрлардан асабийлашсам, эрим мени тинчитади. Ишонч билан
айта оламанки, Равшан ака дунёдаги энг яхши ота! Фарзандларини жуда яхши
кўради. Шу маҳалгача бирон фарзандини ташлаб қўймаган. Фарандпарвар, мард,
оилапарвар, етти ўлчаб, бир кесадиган инсон турмуш ўртоғим эканлигидан
фахрланаман!
-Инсонни инсон сифатида ҳурмат қозониб турадиган жиҳати
унинг ички гўзаллигидир. Уни асраш учун қандай йўл тутасиз?
-Худо хамманинг калбида. Шундай экан, юракни асрай билиш
керак. Позитив фикрлаш даркор. Мен учун душман – ўқитувчи! У кўп нарсаларни
ўргатади. Ҳаётнинг яхши томонларни ўйлаган инсонда душман тушунчасининг ўзи бўлмайди!
-Ёмгир ёғмоқда. У сизга нималарни эслатади?
-Севаман ёмғирни! Ёмонликларни ювади. Табиатнинг энг гўзал ҳолатларидан
бири – ёмғир. Гоҳида, ёмғир остида узоқ тургим келади.
-"Тарона рекордс” кўмагисиз ҳам шу даражага етишингиз мумкин
эдими?
-Менимча, йўқ. Компанияга ташаккур. Илк қадамларимдан Шаҳзода
бўлиб танилгунимга қадар ва айни дамгача ёнимда тиргак! Менга Шаҳзода
тахаллусини ҳам шу компания продюсери берган. Оғир ва енгил кунларимда
бирга бўлди. Компания офисида чой қайнатувчидан то директоргача ҳамиша қўллаб-қувватлашади.
Ҳаммасига ўзим эришдим десам катта хатолик бўлади. Кучли инсонман. Ҳаётнинг
кўп дашномларини енгдим, тошларининг зарбига чидадим. Битта ўзим бўлганимда,
синиб кетган бўлармидим? Атрофимда инсонийлик қиёфасида юрган барча одамлардан
хурсандман.
-Спортнинг қайси тури билан шуғулланасиз?
-(Кулади). Туққанимдан бери ойнага қараб, семираётганимни ҳис
қиламан ва эртадан спорт билан шугулланаман дейман-у, яна эсдан чиқиб кетади.
Тренажер анжомларни сотиб олганман бироқ, шуғулланишга ҳали вақт тополмадим.
Умуман олганда, бугунги кундаги энг катта спорт турим – Ҳолид!
-Австралиялик миллиардер Клайв Палмер "Титаник” кемасини қурдиряпти.
Имкон бўлса, янги кема йўловчиси бўлармидингиз?
-Йўқ! Қўрқаман. Кемада кўп сузмаган бўлмасам-да, самолётда
жуда кўп учаман. Барибир қўрқаман. Тўғри, қўрқиш керакмас, барибир пешонадаги
бўлади. Бироқ, "Титаник”нинг 100 000 долларлик чиптаси текин бўлса хам,
унинг бортига чиқмасдим!
-Имкони бўлса, ҳаётингизнинг қайси саҳифаларини
янгилардингиз? Муносабатларни-чи?
-Ҳеч нарсани! Ҳаммасига шукур! Ҳаммаси қандай бўлса, шундай
бўлишини истардим. Бари бир текис ва осон бўлганида, қора кўзойнак таққан аҳмоққина
қиздан бошқаси бўлмасдим. Муносабатларга келсак.... Жуда истардим.. кўп
муносабатлар яна.. Йўқ, тақдир нимани раво кўрган бўлса, азалдан қандай
ёзилган бўлса, шундай содир бўляпти. Нимадир ўзгарса, ўзгарар, бўлмаса йўқ!
-Райҳон билан ширин дўстона дамларингизни соғиндингизми?
-Ростини айтсам, Тамара опа билан суҳбатимизни соғиндим. Райҳон
билан дўст бўлиб юрганимизда, унинг онаси билан кўпроқ соатлар ўтказардик. Райҳон
ҳақида гап кетса, Тамара опа хаёлимдан ўтади. Уй ошхонасида ўтириб, Тамара опа
билан узоқ суҳбатлашганимиз ҳануз кўз олдимда!
-Озодбек Назарбековнинг концертида томошабин бўлдингиз.
Оддий тингловчи сифатида нималар ёқди? Сизга кўринган камчиликлар ҳам бўлдими?
-Одатда, концертларга кам бораман. Шу боис ҳам, Озодбек
аканинг концерти ҳам зерикарли бўлади деб ўйладим. Бироқ, томошабин сифатида
уч соатни қандай ўтказганимни билмайман. Концертда бир сония ҳам
зерикмадим. Одамлар кулди, йиғлади...Қойил қолганим эса хонанда шунча кун жонли
овозда куйлади. Ёлғон мақтаниб, мен ҳам жонли куйлайман дейдиганлар талай. Бироқ,
уддалаш ҳар кимга ҳам эмас. Озодбек Назарбеков нафақат тўғри нотада
куйлади, балки юрагидан куйлади! Мен ҳам хавас килдим, вақти келиб,
шундай жонли концертлар беришга Яратган имкон берсин! Инсонийлиги
жуда ёқади. Унда, умуман, "юлдузлик касаллиги” йўқ. Балки, шу соддалик учун ҳам
халқ уни қалбдан севар!?
-Концертингизда нечта қўшиқни жонли куйлашингиз мумкин?
-Жонли куйлайдиган қўшиқларим етарли. Кучим етганича, жонли
куйлайман. Шундай оғир, мураккаб қўшиқларим борки, жонли куйлашнинг имкони йўқ.
Фақат жонли куйлайман дея оммани алдаш ниятида ҳам эмасман. Бироқ, хурсанд
бўладиганим, ўтган йили ҳомиладор бўлишимга қарамай, жонли куйлаган қўшиқларим
ҳам бўлди. Бу йил эски хитларимдан бир нечтасини жонли куйлаб,
мухлисларимга совға қиламан.
Яхши ният бор бўлсин! "Бахт бўлади” дея куйлаб, шуҳрат қозонгандингиз.
Ҳа, ўша бахт содир бўлди. Бугун ҳамма яхшилар ёнингизда! Энг муҳими, содиқ
дўстлар, содиқ мухлислар! Зални лиқ тўлдирган одамлар, Сизни кўришга
муштоқ қоракўзлар... Бахт бўлади! Муҳаббатга, меҳрга, яхшиликка тўла қўшиқлар
куйлаганда, ҳар гал бахт реалликка айланаверади! Шаҳзода, ҳамиша бахтингиз ҳам
табассумингиз каби бутун бўлсин!
Жасур ҲАМРОЕВ