Туғилган йили: сир, куним 19 апрель.
...жойи: Тошкент шаҳри.
Оилавий шароити: Турмушга чиқмаганман.
Тил: ўзбек, рус ва инглиз тили.
Таҳсил: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети.
Мусиқий маълумоти: 1994–2005 йилларда 206-сонли мусиқа мактабида таҳсил
олганман. Тўққиз ёшимда "Настарин” болалар ансамблига аъзо бўлганман. 2005 йили
"Янги авлод” фестивалида фаол иштирок этиб, номзод бўлдим.
Ҳаётда асосий ўринда: Оила ва фарзандлар ҳаётимизда муҳим деб биламан.
Қадрлайди: Кўнгли тоза ва ростгўй инсонларни.
Машғулоти: ўзим ёқтирган қўшиқларни тинглаш ва куйлаш.
Фильмографияси:
"Жаноб ҳеч ким", "Уйланиш", "Адашган совчилар",
"Қалб кўзи", "Пойма-пой”, "Ҳай-ҳай қизалоқ”, "Салом севги, хайр
севги”, "Хавфли саргузашт”, "Учар қиз” ва ҳоказо.
Асал Шодиева:
— Менга Алишер Узоқов билан роль ижро қилишнинг битта қийин тарафи бор, уларга
қарасам кулиб юбораман (кулади). Нафақат мен, Дилниёз акада ҳам шунақа
(кулади). Шу нарса ишлашимга ҳалақит беради. Алишер ака кулдираверади, кейин
бизларга режиссёр "Эй кулманглар, ўйнанглар”, деб бақиради. Алишер ака
бўлса, доим ҳар хил нарсаларни гапириб, ҳаммамизни кулдиради. (кулади)
Маълумот ўрнида:
Ёш актрисалар орасида Севара Солиева дубляж соҳасига қизиққан бўлса, энди бу
Асални ҳам бефарқ қолдирмаяпти. Бугун Асал Шодиева ўзи ўйнаган ролларга ўзи
овоз беришга ҳаракат қиляпти. Актрисанинг таъкидлашича, "Салом севги, хайр
севги” кинокартинасида ҳам актриса қаҳрамонига ўзи овоз берган экан.
Куйлаган қўшиқлари: "Қайдасан”, "Нежность”, "Ёр-ёр”.
Мухлиса Бердиёрова: (мухлис)
— "Одноклассники” сайтида кўпчилик сизнинг исм-шарифингиздан фойдаланиб, янги
саҳифа очишган экан. Ўзи бу сайтда мавжудмисиз?
Асал Шодиева:
— Йўқ. Мен бу сайтда йўқман. Чунки тўғрисини айтсам, ортиқча вақтим ҳам йўқ.
Ҳар бир дақиқамни керакли ва фойдали ишларга сарфлайман ва вақтим
режалаштирилган. Шунинг учун мухлисларимиз, айрим менинг номимдан фойдаланиб
очилган профилларга ишонмасликларини маслаҳат берар эдим.
Шаҳзода МУҲАММЕДОВА (актриса):
— Асал «Жаноб ҳеч ким» фильмида кўзи билан ишламаган. Характери ҳақида
айтадиган бўлсам, Асални калондимоғ қиз, деб ўйлардим. Тўғриси, феъл-атвори
«об-ҳаво» бўлгани учун у билан қандай гаплашишни билмай қоламан. Ҳаммага,
ичидаги бор гапини очиб-сочаверади.
Ҳидоят САДРИДДИНОВ (журналист):
— Актриса сифатида ҳурмат қиламан. Яхши жиҳатлари кўп. Ҳеч қаерда актёрлик
маҳорати бўйича ўқимаган бўлса ҳам, лекин устозларидан сабоқ олиб, кино санъатига
ўз ҳиссасини қўшишга эриша олди. Кўпроқ камтарлик қилишга ҳаракат қилса-да,
барибир сохталиги билиниб қолади. Кийиниш маданияти, имидж борасида фақат бир
хил ва оддий. Актриса менимча, ҳар томонлама ўз имиджини ўзгартириб туриши
керак. Чунки халқ назаридаги одам ҳисобланади. Кўп фильмларда доим бир хил
қиёфани яратаверганлиги учун кўпчиликнинг унга бўлган қизиқиши йўқолди.
Севара СОЛИЕВА (актриса):
— Асал салбий қаҳрамонни ижро этиши керак. Шаҳзоданинг феъли мен учун идеал.
Раҳматулла АКБАРОВ (продюсер):
— Менга ижро этган роллари жуда ёқади. Менимча, ҳозирги "замонавий”лашиб
кетаётган айрим қизлар Асал Шодиеванинг ўзбек қизлари андозасидаги ролларидан
ўзларига ўрнак олса, жуда яхши бўлар эди. Халқ санъаткорнинг ортидан эргашади,
улардан ҳар томонлама ўрнак олишга ҳаракат қилади. Уларга ўхшагиси келади.
Уларга ихлос қилиб, ҳатто фарзандига исмини ҳам қўяди. Чунки хоҳлайсизми, йўқми
ўсмир қизлар кўпроқ санъаткорларга тақлид қилади. Ҳозирги айрим
санъаткорларимиз ижро этаётган ролларининг тарбиявий аҳамиятга қанчалик эга
эканлигига кўпроқ аҳамият берса, ёмон бўлмас эди.
Зилола Тошкентбоева: (мухлис)
— Менимча, Асалга бироз самимийлик ва муомала етишмайди, холос. Ҳаётда худди
ролларидаги каби самимий эмас. Ўзи яхши қиз. Яна одамовироқ бўлса керак. Ўйнаган
роллари жуда ёқади. Фақат ҳамма роллари бир-бирига ўхшаш. Кейин ўша турли
ролларни ижро этаётганида ҳам ҳар хил характер билан чиқишга уринмайди.
Қаҳрамонининг характери борасида изланмайди. Фақат изланишини мен унинг
"Ҳай-ҳай қизалоқ” фильмида бироз сезгандек бўлдим. Агар ўз устида кўпроқ
изланса, менимча, ўйлайманки, келажаги бор актриса. Аммо бироз маъюслиги ҳам
йўқ эмас.
Хўш, актриса ҳақида сиз қандай фикрдасиз?