Абитуриентлар почта орқали ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишлари мумкин
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги таълим муассасаларида Электрон таълимни жорий этиш маркази билан ҳамкорликда навбатдаги янги -“Абитуриентларнинг ҳужжатлар тўпламини қайтариб олиш учун электрон мурожаат юбориш” хизмати жорий этилди. Бу ҳақдаЯгона интерактив давлат хизматлари портали хабар бермоқда.
Олий ўқув юртларига кириш учун топширилган ҳужжатлар тўпламини имтиҳон натижалари эълон қилингандан сўнг қайтариб олиш зарурияти туғилганда, абитуриентлар Ягона портал орқали тўғридан-тўғри ариза юборишлари мумкин. Жорий этилган янги хизмат вилоятларда, олий ўқув юртидан олисда истиқомат қилувчи абитуриентлар учун ҳужжатлар тўпламини қайтариб олишда қулай имконият яратади.
Хизмат натижасига кўра, абитуриентга буюртма почта орқали ҳужжатлар тўплами қайтарилади. Аризачи яшаш манзилига яқин бўлган почта бўлимларига ташриф буюриб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этган ҳолда ҳужжатларни олиши мумкин.
Мазкур хизматни кўрсатишда абитуриент ҳужжатлари тўпламини тайёрлаш, қайта ишлаш ва етказиб бериш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 % миқдорида тўлов амалга оширилиши кўзда тутилган.