2012: ЎЗБЕК САНЪАТИДА ЭЛ ДИҚҚАТИНИ ҚОЗОНГАН АЁЛЛАР РЕЙТИНГИ!
"Forbes” жорий йил сўнггида энг кўп ҳақ тўланадиган юлдузлар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, биринчи поғонани Бритни Спирс эгаллади. 31 ёшли хонанда у йилнинг майидан бу йилнинг майигача 58 миллион доллар ишлади. Даромаднинг асосий қисмини у сўнгги альбоми "Femme Fatale” сотувидан, шу номли дунё бўйлаб турнеси, рекламалардаги иштироки ва шасхий ифорлар линиясидан олди. Ундан ташқари, сентябрдан бошлаб Спирс "Х-фактор” мусиқий шоусидаги ҳакамлиги учун йилига 15 миллион долларга шартнома тузди. Рейтингнинг иккинчи ўрнида 22 ёшли кантри услубида куйловчи хонанда Тейлор Свифт. У Спирсдан озгина фарқ – йилига $57 млн. доллар топгани билан рейтингдан навбатини эгаллади. Ҳар бир концерти учун 1 миллион доллар ҳақ оладиган гастрол турнеси, янги «Red» альбоми, "Cover Girl” косметика компанияси билан шартномаси ҳамда шахсий ифорлар линиясидан келган даромадлар юқоридаги рақамларни ташкил этди. Лидерлик учлигига 24 ёшли поп-юлдуз Рианна 53 миллион доллар билан киритилди. Ўтган галги рейтингдан фарқли ўлароқ, бу йил 26 ёшли Лэди Гага биринчи ўриндан тўртинчига "атиги” 52 миллион доллар билан туширилди. Ундан кейинги ўринда 28 ёшли Кэти Перри. Кэтининг энг катта муваффақияти: Майкл Жексон рекордини такрорлаган ягона хонанда, у хит сингллардан иборат битта альбомидан 45 млн. доллар фойда кўрди!
Биз ҳам шундай рейтингни тузишга имконига эгамиз. Бироқ, юлдузларимиз ўз йиллик даромадини жуда кўплаб сабабларга кўра бекитади. Улардан энг биринчиси солиқчилар назоратига тушиб қолмаслик учун. Ундан ташқари, бу борадаги рақамларни ошкор этишлик менталитетга хос бўлмаган иш дея баҳолашади. Бироқ, шу рейтингга яқинроқ бошқа бир рўйхатни эълон қилишимиз мумкин. Унга кўра, омма қизиқишини инобатга олдик.
1. Ўтаётган йилнинг энг шов-шувли хонандаси Googoosha бўлди. Унинг "Round Run» сингли дунё хитига айланди ва "Apple” интернет-магазинларидан расмий равишда жой олди. АҚШ ва Европа тунги клубларининг бош қўшиғига айланган синглга олинган клип довруғи Ҳолливудгача етди. "Round run» альбоми халқчил нархларда савдо расталаридан жой олгани эса унинг янада харидоргирлигини таъминлади. Серқирра ижодкорнинг шахсий брэнди остидаги либослар ва яқиндагина дунё юзини кўрган ифорлар линиясига бўлган қизиқиш эса дунёнинг турли нуқталарида топилади.
2. Райҳон тўйларда кўриниши энг кўп исталган хонанда. Шу боисми кўпчиликда бу орзу орзулигача қолади (бир кунда 10 та тўйга улгуришнинг имкони бўлса қанийди?!). Унинг яккахон концертлари ва альбомлари ҳамиша мухлисларнинг диққат марказида. Йил давомида унинг бошига тушган синовли ва бахтли кунлар ( "Ойнинг ўнбеши қоронғу бўлса, ўнбеши ёруғ бўлади”) одамларнинг қизиқишини янада жалб этди.
3. Шаҳзода – хорижга энг кўп гастролларга чиқаётган хонанда. Йил давомида у Россия ва бошқа қўшни республикаларда гастролларини муваффақиятли интиҳолади. ТВда эса клиплари тинмай айланяпти. Ҳаддан зиёд кўп! Хонанда турмуш ўртоғи продюсерлигида анча ютуқларга эришаётгани эса халққа сир эмас.
4. Муниса Ризаева учун бу йил жуда омадли келди. Кетма-кет хитлар унга бўлган қизиқишни мустаҳкамлади. Унинг яккахон концертини кутаётганлар эса талай. Машҳурлиги ва бойлигига учган ошиқларнинг эса саноғи йўқ! Энг машҳур санъаткорлар таклиф этиладиган барча эл хизматларида алабтта у ҳам бор.
5. Лола- бу йилги кузнинг ҳам энг талабгор юлдузига айланди. Унинг репертуари деярли янгиланмайдиган концерт дастурига қизиқиш барибир ўз кучида. Профессионал рақслар, муҳташам декорация бобида жаҳон андозасига жуда яқинлашмоқда. Тўйларда унинг куйлашини орзу қилишга ҳожат йўқ. Барибир армонлигича қолаверади. Чунки, тўйлардан тирикчилик қилмайдиган ягона аёл хонанда ҳисобланади!
6. Зиёда – ёқимли овози билан минглаб мухлисларни мафтун этган хонанда. Унинг ташқи имиджи билан кўпчиликнинг иши йўқ. Муҳокамада фақат хонанданинг овози! Тенгқур ва ўзидан анча катта ёшдаги санъаткорлар учун ҳам Зиёданинг овози улкан орзу! Хонанда бормаган пойтахтда бирон ресторан қолмаган бўлса керак. Жорий йилда ҳам у тўйларни қиздирадиган энг талабгор юлдузлар сафида.
7. Юлдуз Усмонова. Қизиқиш бор ҳануз. Барибир олдингидек эмас. Уни тўйларда олқишлар билан қарши олишади. Ҳозир у келган давраларда рақсга тушишдан кўра сурат ва видеога муҳрлашни афзал билишади. Соғинишгани аниқ...Бироқ, ОАВларида (интернетдан ташқари) унинг "йўқолиши” жуда кўплаб хонандаларнинг машҳурлигига замин яратди. Жорий йилда ҳам Усмонова ўзбек санъатида энг қиммат гонорар эгаси сифатида эътироф этилмоқда.