Яқинлашиб келаётган 17 сентябр куни "Ўздунробита” ХК МЧЖнинг тўрт нафар раҳбар ходимига нисбатан ҳукм чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда Риа Новостига таяниб вести.уз хабар берган.
Булар - бош директор ўринбосарлари Темирмалик Алимов, Азизилло Мирзамойдинов, Азиз Рахимов ва хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳаммедовлардир. Уларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуротураси МТСнинг шўба корхонаси бўлмиш "Ўздунробита” МЧЖ мансабдор шасхларига нисбатан жиноий иш қўзғаган. Олиб борилган текширув ишлари натижасида компанияда қариндош-уруғчиликка асосланган жиноий гуруҳ шакллангани, улар даромадларни яшириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, маблағларни ноқонуний йўл билан нақдга айлантириш каби қатор жиноятлар билан шуғулланиб келгани аниқланган. Ушбу ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар оқибатида давлат ғазнасига етказилган моддий зарар миқдори 700 млн. АҚШ долларидан ошиб кетгани эълон қилинган.
Бундан ташқари Давлат Алоқа инспекцияси, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ва Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан ҳам компания фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, улардан кўрилган зарар эълон қилинган эди.
"Ўздунробита”нинг ҳозриги бош директори Д.Шуковнинг сўзларига кўра, суд иши 27 августда бошланган.
"Компания 17 июлдан бери фаолият кўрсатмаяпти, ҳозиргача шартномани бекор қилишни сўраб, 1000га яқин абонент мурожаат қилган. Чунки кўпчилик ҳамон МТС-Ўзбекистон фаолияти қайта тикланишига ишонмоқда. Лекин шундай бўлсада, улар исталган пайтда компанияга мурожаат қилиб ҳисобларидаги пулларини қайтариб олишлари мумкин. Бунинг учун бизда 13 миллиард сўм атрофида маблағ бор", - дейди Шуков.
Унинг айтишича, компанияни текшириш жараёнига бошқа уяли алоқа компанияси - "Perfectum Mobile"нинг икки нафар ходими ҳам жалб этилган ва улар "Ўздунробита”нинг биллинг тизимини ўрганишда фаол иштирок этишган. Бош директор гарчи ҳозир ҳам ишга қатнаётган бўлсада, компаниянинг ёпилиши ҳақиқатга яқин эканлигини яширмаяпти. Унинг сўзларига кўра, шу кунгача компаниянинг 1400 нафар ходимидан қарийб ярмиси ишдан бўшатилган ва сентябр ойининг охирига бориб, яна 300тагача қисқартириш кутилмоқда.