30 март куни соат 20:00 да Forum TV
телеканали орқали биринчи Zo‘r-Zo‘r
STAR-концерт намойиш этилди.
Миллионлаб телетомошабинлар нафақат кастингдан ўтган 11
нафар иштирокчи билан танишиш, балки уларнинг овозларини жонли ижрода тинглашга
ҳам мушарраф бўлди.
Концертга тушиш бахтига сазовор бўлган томошабинлар, биринчи
навбатда, иштирокчиларнинг қариндошлари ва яқинлари эди. Уларнинг ҳаммаси
концертга тайёргарлик кўриб келган, яъни қўлларида иштирокчиларни руҳлантириб
турувчи плакатлар ва транспарантларни кўриш мумкин эди.
Қоидага кўра концерт кечаси лойиҳа ҳайъати аъзоларини
таништиришдан бошланди.
Улар қуйидагилардан иборат бўлди:
Рустам Ҳамроқулов —эстрада вокали бўйича педагог;
Наби Абдураҳмонов — актёрлик маҳорати ва саҳна нутқи бўйича
педагог;
Элвира Мулюкова — хореография бўйича педагог;
Алишер Узоқов — ўзбек киносининг таниқли актёри;
Гулнора Каримова — Zo‘r-Zo‘r STAR лойиҳаси ҳайъатининг
фахрли аъзоси, Васийлик кенгашининг раиси.
Концерт давомида иштирокчилар 11 та жаҳон хитини ижро этди.
Уларнинг ҳар бир чиқиши тегишли тарзда роликлар ва бошқа эффектлар билан
безалди.
Томошабинлар залини алоҳида қайд этиш жоиз, улар ҳар бир
ижрочини гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб турди.
Сал кейинроқ Zo‘r-Zo‘r STAR лойиҳаси ҳайъатининг
фахрли аъзоси, Фонд Форум Васийлик кенгашининг раиси Гулнора Каримова саҳнага
кўтарилди. У ҳар бир иштирокчининг кучли ва заиф томонларини алоҳида қайд этган
ҳолда, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Лойиҳа гимнининг ўзбек ва рус тилларида ижро этилиши эса
кечага нуқта ясади.
Олдинда яна шундай 8 та концерт кутмоқда, улар давомида 11 нафар омадли иштирокчининг ижодий камолини кузатиб бориш мумкин бўлади.
Manba:darakchi.uz