Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » DOLZARB MAVZU

Ўзбекистонда валюта айирбошлаш операциялари тасдиқланди


Ўзбекистон Республикаси марказий банки бошқарувининг қарори билан ваколатли банкларда жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди. Қарорда айирбошлаш шохобчасини рўйхатдан ўтказиш ва ёпиш, конверсион операциялар бўлимлар ва айирбошлаш шохобчасида ишларни ташкил этиш, улар ходимларининг вазифалари, валюта сотиш, сотиб олиш ва бошқа қатор масалаларга ойдинлик киритилган. Қуйида ана шулар ҳақида батафсил танишишингиз мумкин.

ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИНИ СОТИБ ОЛИШ ТАРТИБИ

Жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш конверсион бўлимлар томонидан халқаро тўлов карталар (ХТК) ва миллий валютадаги шахсий банк пластик карталаридан (ШПК) фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.

Агар сизда ШПК мавжуд бўлмаса, конверсион бўлим мутахассиси сизга пластик карталар бўлимига мурожаат этиб, ўз номингизга белгиланган тартибда шахсий карта очишни таклиф этади. Агар шахсий картангизда етарли миқдорда миллий валютадаги маблағ бўлмаса, шахсий карта эмитент банкнинг исталган филиалида банк кассасига нақд миллий валютани топшириб уни тўлдириб олишингиз мумкин. Шахсий картангиз бор бўлса, конверсион бўлим мутахассиси унинг ҳақиқатда сизга тегишлилигини ҳамда тўлов терминали орқали картангизда етарли маблағ бор-йўқлигини текширади.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун

-          Шахсни тасдиқловчи хужжат (паспорт, яшаш гувоҳномаси ёки ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий билет);

-          Тегишли шаклдаги ариза;

-          Ҳисобида миллий валютадаги пул маблағи бўлган ШПК

конверсион бўлимга тақдим этилади.

Миллий валютадаги маблағ ваколатли банкнинг операция бажариладиган кундаги чет эл валютасини сотиш курси бўйича тўлов терминали орқали ечиб олинади ва сизга миллий валютадаги маблағ ечиб олингани тўғрисидаги терминал чекининг асл нусхасини беришади. Чет эл валютаси чек асосида сизнинг халқаро тўлов картангизга ўтказиб берилади. Агар халқаро тўлов картангиз бўлмаса банк билан сизнинг ўртангизда чет эл валютасида банк ҳисобварағини очиш тўғрисида икки томонлама шартнома тузилади ҳамда конверсион бўлим бошлиғининг ўринбосари томонидан шартномага асосан сизнинг номингизга чет эл валютасида банк ҳисобварағи очилади.

Шартномалар давлат тилида тузилади, зарур ҳолларда, талабингизга кўра рус ёки қорақалпоқ тилида ҳам тузилиши мумкин. Шундан сўнг, конверсион бўлим бошлиғининг ўринбосари сизга халқаро тўлов картасини беради.

ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИНИ СОТИШ ТАРТИБИ

Халқаро тўлов картангиздаги чет эл валютасини сотиш учун ваколатли банкнинг исталган конверсион бўлимига ариза билан мурожаат этишингиз мумкин. Конверсион бўлимнинг мутахассиси халқаро тўлов картасининг ҳақиқатдан сизга тегишлилигини шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз асосида текширади.

Халқаро тўлов картангиздаги чет эл валютаси ваколатли банкнинг операция бажариладиган кундаги чет эл валютасини сотиб олиш курсига мувофиқ тўлов терминали орқали ечиб олинади ва сизга валюта ечиб олингани тўғрисидаги терминал чекининг асл нусхаси берилади.

Сиз халқаро тўлов картангиздаги чет эл валютасини айирбошлаш шохобчалари орқали нақд миллий валютага айирбошлашингиз мумкин. Кун охирида шахсий картангизга миллий валюта ўтказиб берилади.

Шохобчаларда яна қандай хизматлар кўрсатилади?

Айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахслардан чет эл валютаси чекланмаган миқдорда сотиб олинади. Агар сиз энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 баравари миқдорига тенг бўлган ёки ундан ошиқ пул сотмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бундай операция тегишли маълумотларни электрон тизимга киритиш орқали амалга оширилади. Бунда сиздан шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат, норезидентлардан паспорт талаб этилади.

 Кассир сиз тақдим этган чет эл валютасининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини техник воситалар ёрдамида текшириб олади.

 Айирбошлаш шохобчасида жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютаси нақд миллий валютага айирбошлаб берилади. Бунда халқаро тўлов картангиздаги чет эл валютаси терминал орқали ечиб олинади.

 Айирбошлаш шохобчасида тўловга яроқсиз деб топилган ёки муомаладан чиқарилган чет эл валютангизни инкасаога қабул қилишлари мумкин. Бунинг учун сиздан ариза ёзиш ва шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда воситачилик ҳақини тўлаш талаб қилинади. Аризада яшаш манзилингизни аниқ кўрсатишингиз шарт.

 Чет эл банкидан инкассога қабул қилинган чет эл валютаси учун воситачилик ҳақи ундирилгандан сўнг, инкассога қабул қилинган чет эл валютаси сизнинг банкдаги чет эл валютаси ёки миллий валютадаги ҳисобварағингизга ўтказилиши ёки хоҳишингизга кўра нақд шаклда берилиши мумкин.

Айирбошлаш шохобчасида бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириш (конверсия) операциялари амалга оширилиши мумкин. Энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари ёки ундан ошган эквивалентдаги бундай операциялар резидентлар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, норезидентлар томонидан паспорт тақдим қилинган ҳолда амалга оширилади.

Шикастланган чет эл валютаси:

-          эмитент банк номи, валюта қийматининг рақамлар ва сўз билан кўрсатилиши, олд

ва орқа томонининг асосий расми, қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи

элементлари  ва бошқа асосий белгиларини сақлаб қолган бўлса;

-          сийқаланган ва ифлосланган бўлса;

-          ёпиштириб қўйилган йиртилган бурчаклари ёки қисмлари бўлса;

-          банкнот ёпиштириб қўйилган ва унчалик катта бўлмаган йиртиқларга эга бўлса;

-          майда мой доғлари ва бошқа доғлар, ёзувлар ва муҳрлар ўрни бўлганда ва улар

банкнотнинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган ва тўловга

яроқлиликнинг асосий белгиларини 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;

-          банкнотлар майда тешикларга эга бўлса шикастланган, деб ҳисобланади.

Тўловга яроқсиз чет эл валютаси:

-          тўловга яроқлиликнинг асосий белгиларини сақлаб қолмаган бўлса;

-          дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;

-          ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;

-          тўлиқ ёки катта қисмига бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;

-          банкнотда кимёвий реактивлар таъсири бўлса;

-          муайян даражада қасддан шикастланган бўлса;

-          эмитент банк томонидан муомаладан чиқарилган бўлса;

-          банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган, тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки

суркалиб кетган бўлса, тўловга яроқсиз деб ҳисобланади.

 

ТАҚИҚЛАНАДИ!


Айирбошлаш шохобчаларида:

-          миллий валютани чет эл валютасига сиртдан алмаштириш;

-          валюта айирбошлаш операцияси бўйича маълумотларни электрон тизимга киритмасдан чет эл валютасини сотиш;

-          тегишли маълумотномани бермасдан валюта операцияларини амалга ошириш қатъиян тақиқланади!

 



Категория: DOLZARB MAVZU
Просмотров: 6131 | Рейтинг: 1| Рейтинг:
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 01:46
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное