ФИФА рейтингида Ўзбекистон ўтган ой рейтингидаги натижасидан икки ўрин юқорилаган ҳолда, 57-ўринда қайд этилди. Бу натижа яна Ўзбекистоннинг Осиё қитъаси терма жамоалари орасида 4-ўринга кўтарилишига замин яратди. 4-саралаш босқичида Ўзбекистон билан бир гуруҳда тўп сурган Жанубий Корея терма жамоаси ўтган ойдаги рейтингидан 2 ўрин пастлаган ҳолда рейтингнинг 58-поғонасидан жой олди. Осиё терма жамоалари рейтингини ҳамон Япония бошқариб турибди – 42-ўрин. Эрон эса рейтингда яна 4 ўрин кўтарилди ва Осиё қитъаси терма жамоалари орасида Япониядан кейинги ўринга кўтарилиб олди. Осиё қитъаси рейтингида Япония ва Эрондан кейин Австралия (53), Ўзбекистон (57) ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари бормоқда. Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2014 саралаши, плей-офф босқичидаги рақиби - Иордания терма жамоаси эса, Осиёнинг 6-жамоаси сифатида рейтингнинг 73-ўрнидан жой эгаллаган.
МДҲ мамлакатлари орасида эса Ўзбекистон ҳамон Россия (15) ҳамда Украина (26) терма жамоаларидан кейинги ўринда турибди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ОК-2015 саралашидаги рақибларидан - БАА терма жамоаси 82-поғонасидан жой олган бўлса, Гонгконг 148, Вьетнам эса, 153 ўринда бормоқда.
Терма жамоаларнинг умумий рейтингини доимгидек Испания терма жамоаси бошқариб турибди. Ундан кейинги ўринда Аргентина терма жамоаси бораётган бўлса, кучли учликни Германия терма жамоаси тўлдирган.