21 август куни 35 йилга озодликдан маҳрум этилган ҳарбий уни «Челси Меннинг» деб тан олишларига эришишни истаётгани, келгусида гормон терапияси олиш нияти бор эканини маълум қилган. «Ҳаётимнинг янги даврига ўтаётган эканман, барчангиз мени асл қиёфамда танишингизни истардим. Мен Челси Меннингман» – деб ёзади собиқ ҳарбий «Ҳаётимнинг кейинги даври» номли хабарномасида.
22 август, пайшанба куни унинг адвокати – Дэвид Кумбс ушбу баёнот омма эътиборини чалғитиш мақсадида қилинмаганини таъкидлаган. Адвокат, шунингдек, гармон терапияси харажатларини Меннинг жазони ўташи белиганланган Форт-Ливенворт қамоқхонаси томонидан қопланишига эришиш учун ҳаракат қилишини айтган. Кумбснинг сўзларига кўра, у ўз мижозини аёллар қамоқхонасига жойлаштириш учун ҳам ҳаракат қилади.
12 ҳафталик тергов вақтида, АҚШ армияси томонидан Челси Меннинг соч турмаги кийган ва лабига бўёқ суртган қиёфадаги суратини чоп этган. Суд жараёни вақтида унинг адвокатлари мижоз ёшлигидан ўзини қиз боладек ҳис қилгани, болаликдаги ўғил бола қиёфасидаги суратларини ёмон кўришини маълум қилишган. Қолаверса, 2010 йил апрелидан буён, яъни махфий маълумотларни фош қилиш вақтида Меннинг гендер масаласида иккиланиб, доимий стресс таъсирида бўлган. Адвокатларга кўра, ушбу ҳолат эркаклар орасида хизмат қилган Меннингга алоҳида салбий таъсир кўрсатган.
Армиянинг биринчи тоифали аскари узоққа чўзилган тергов жараёни якунланиб, унга нисбатан қўлланиладиган жазонинг эълон қилинишини совуққонлик билан кутиб олган. Тергов жараёни 1 минг 294 кун давом этгани боис, 35 йиллик жазонинг 3.5 йили айириб ташланади. Меннинг, шунингдек, шартли эрта озод қилиниш ҳуқуқига ҳам эга. Бу эса, Челси Меннинг исмли аёл тахминан 8 йилдан сўнг, 33-34 ёшларида озодликка чиқиши мумкинлигини англатади.