Вирусларнинг янги тури паролларни “эшитиб” ўғирлайди
Германиянинг Фраунгофер институти олимлари зарарли дастур
прототипини яратди, у инсонга эшитилмайдиган товушли сигналлар ёрдамида
зарарланган компьютердан клавишалар босилишини ва бошқа махфий
маълумотларни яширин тарзда узатиши мумкин. Бунда маълумотларни юбориш
юқори частоталарда юз бергани боис, компьютер интернетга уланган бўлиши шарт
эмас.
Фақат ўрнатилган микрофон ва динамикларнинг ўзидан фойдаланган ҳолда,
тадқиқотчилар паролларни "Lenovo T400” ноутбукидан қарийб 20 метр
масофадаги бошқа компьютерга узатишга муваффақ бўлган. Назарияга кўра,
агар хакерлар аудиосигналларни такрорлайдиган ва назорат қилинадиган
қурилмалардан акустик кўп алоқали тармоқни яратса, масофа анча каттароқ
ҳам бўлиши мумкин.
"Маълумотлар ушбу яширин тармоқ орқали зарарланган ҳамда бир-биридан тўлиқ
изоляцияланган компьютер тизимлари ва тармоқни (масалан, Интернет) бирлаштирувчи
узеллар орасида сакраши мумкин, - деб ёзади олимлар.
Шу тарзда хакерлар саноат корхоналаридан қимматли маълумотларни
"ҳаво” орқали ўғирлаши мумкин. Тўғри, ушбу дастур ишлаши учун у олдин
қандайдир йўл билан компьютерга тушиши керак, масалан, USB-флешка орқали.
Қарши чоралар сифатида тадқиқотчилар, биринчидан, компьютерлардаги
аудиокириш ва чиқишларни, агар улар ишлатилмаётган бўлса, ўчириб қўйишни
таклиф этади. Иккинчидан эса, улар юқори частотали диапазонларни
блокировка қилиш учун аудиофильтрларни иложи борича кенгайтиришни тавсия
этади.