24-25 август кунлари ўтказилган ҳашарда 30 минг гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди.
Ободонлаштириш ва тозалик ойлиги доирасида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари юртимизнинг барча қишлоқ, овул, шаҳар ва маҳаллалари, меҳнат жамоалари, таълим масканларида уюшқоқлик билан ўтказилди.
Ўзбекистон "Маҳалла” хайрия жамоат фондидан олинган маълумотларга кўра, умумхалқ ҳашарида ўн етти миллион нафардан зиёд аҳоли иштирок этган. Ҳашарчиларнинг саъй-ҳаракати билан 30 минг гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди. 23 минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланди. Қабристонлар, зиёратгоҳлар, қадамжолар тартибга келтирилди. Дарахтларга шакл берилиб, оқланди. Чиқиндилар белгиланган жойга чиқариб ташланди.
Ҳашар кунлари маҳалла гузарлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт иншоотлари, янги боғлар қурилиши ниҳоясига етказилди.
Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати умумхалқ хайрия ҳашарида йигит-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида "Юртимни обод этаман" лойиҳасини амалга оширди. Лойиҳа доирасида жойлардаги қабристонлар, тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларда кенг кўламли ишлар олиб борилди. "Ёшлик" ва "Камолот" боғлари ободонлаштирилди.