Истиқлол йиллари мамлакатимизда фуқароларимизнинг ўз
ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун барча имкониятлар
яратилди. Шунингдек, ислом дини амалларидан бўлган Ҳаж ва Умра сафарларига
ошиққан юртдошларимиз кўпгина шароитларга эга бўлмоқдалар.
Бу йил ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси буюртмасига биноан Тошкент
ислом университети "Зиё” студияси томонидан "Умра” зиёратини адо этишни
ният қилган ватандошларимиз учун махсус видеоқўлланма тайёрланди. Бу ҳақда Дин
ишлар бўйича қўмита матбуот хизмати хабар беради.
Қўлланмада ушбу ибодатнинг мазмун-моҳияти, уни амалга ошириш шартлари
ҳамда амаллари ҳақида ҳикоя қилинади. Қолаверса, сафар давомида зиёратчи
учун энг керакли эслатмалар, муҳим тавсиялар берилади ҳамда ибодатни адо
этиш қоидалари минтақамизда амалда бўлган ҳанафий мазҳаби
тартиб-тамойиллари асосида ёритиб берилади. Қўлланма билан яқиндан танишган
зиёратчи ушбу ибодатни амалга ошириш манзили, бажариладиган амаллар,
ўқиладиган дуоларни билиб олиши мумкин.
Китобча ва видеодискдан иборат "Умра 2014” қўлланмаси мазкур ибодатни адо
этишни ният қилган юртдошларимиз учун муҳим манба бўлади.