Terra Group масъул ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
"Terra Group”, "Prime Media” ҳамда "Gamma Promotion”
МЧЖларининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Унинг доирасида бир қатор шахслар 17 февраль куни терговга мажбуран
келтирилди. Бу ҳақда 17 февраль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот
хизмати хабар берди.
Kun.uz нашрининг хабар беришича, Terra Group, Prime Media ва Gamma
Promotion компанияларининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят
кодексининг 184-моддаси 3-қисми («солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни
тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этиш»), 178-модданинг 2-қисми «в»
банди («чет эл валютасини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил
бириктириб яшириш») ва бошқа моддалар бўйича жиноий иш қўзғатилган.
17 февраль куни эса ушбу жиноий иш доирасида Жиноят-процессуал
кодексининг 261-264 моддаларида кўзда тутилган тартиб («мажбурий
келтириш») асосида Р. Мадумаров, Г. Авякян ва Е. Клюева процессуал
ҳаракатда иштирок этишини таъминлаш мақсадида мажбурий келтирилган.
Қайд этиш жоиз, жиноий иш қўзғатилишига асос бўлган моддалар бўйича
жавобгарлар уч йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.