8 апрель куни Сурхондарё вилоятида навбатдаги "Ҳаёт учун!”
хайрия лойиҳалари бўлиб ўтди. Барча вилоятларимиз бўйлаб ўтказилаётган
ушбу тадбирларни қўллаб-қувватлаётган сони тобора ортиб бормоқда. Улар орасида
эстрадамиз юлдузлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб, онкологик касалликларга чалинган
инсонларга эътибор ва ёрдам кўрсатмоқда.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтган ҳайрия тадбирларида 12 000
дан зиёд киши иштирок этди. Ушбу хайрли тадбирда таниқли актёрлар,
санъаткорлар, хонанда ва созандалар, спортчилар ва "Келажак овози” ёшлар
ташаббуслари марказининг фаоллари иштирок этишди. Марафон натижаларига кўра,
маррага биринчилардан бўлиб етиб келган энг фаол иштирокчиларга
ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди. 1-ўринга Лазиза Хушбокова, 2-поғонага
Дилноза Абдихалимова, 3-ўринга эса Шахло.Салемова лойиқ топилди.
Термизликлар 1 км. масофани босиб ўтиш билан бирга хайрия
футбол матчида ҳам фаол иштирок этдилар. Эстрада юлдузлари ва "Келажак овози”
фаоллари иштирокидаги ўйинга мухлислик қилиш учун марказий ўйингохга 10 000 га
яқин киши йиғилди.
Марафон иштирокчилари ва ташкилотчилари, шунингдек,
Сурхондарё вилоят онкология диспансерида бўлиб, хонандалар Ҳосила Раҳимова ва
Шаҳноз бу ерда даволанаётганлар учун ҳайрия концерти берди.
Ҳосила Раҳимова, хонанда:
- "Ҳаёт учун” ҳайрия тадбирларида бир неча йиллардан буён
иштирок этиб келмоқдаман. Ўз юртим Сурхондарёга келганимда аёллар саломатлиги
учун ўз ҳиссамни кўшишга ошиқаман, ва, бу билан янада кўпроқ иштирокчиларни
жалб қилаётганимдан хурсанд бўламан. Даволанаётган аёллар учун ҳар биримизнинг энг
кичик ҳиссамиз ҳам муҳим эканини яхши тушунаман. Мана икки йилдирки нафақат
марафонда югуриш, балки вилоят онкодиспансерига келиб, бу ерда шифо
топаётганларга ўз ижодимизни хадя этамиз, уларнинг кўнглини кўтаришга ва ҳаётга
ишончини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.
Онкодиспансердаги ҳайрия концерти ва марафондан сўнг
вилоятликлар томонидан кутилган яна бир тадбир ҳайрия футбол ўйини бўлиб ўтди.
Командаларни қўллаб-қувватлаш учун 10 мингдан зиёд томошабинлар келиб, "Сурхон”
спорт мажмуасининг стадиони муҳлислар билан тўлди. Қизиқарли ўйин ва ундан
кейин хонандаларнинг чиқишлари барчанинг диққат-эътибори марказида бўлди. Энг
муҳими, бу тадбирлар соғлом турмуш тарзи ва атрофдагиларга ёрдам бериш ғояларини
қўллаб-қувватлайдиган инсонларни бирлаштирди.
Эслатиб ўтамиз, "Ҳаёт учун” ҳайрия тадбирлари
Фонд-Форум, "Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, "Аёллар кенгаши”
республика жамоат бирлашмаси,"Келажак овози” ёшлар маркази ташаббуси билан шу
кунгача Олмалиқ шаҳри, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Хоразм, Бухоро, Сурхондарё
вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтди ва 100 мингдан зиёд
одамларни бирлаштирди. 28 апрельга қадар лойиҳа юртимизнинг қолган вилоятларида
ўтказилиб, Тошкентдаги республика босқичи билан якунланади.
Manba:shov-shuv.uz