Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Светлана Радзивил Хитой пойтахти
Пекин шаҳрида ўтказилган енгил атлетика бўйича IAAF World Challenge мусобақасининг
бешинчи босқичида 1 м 95 см баландликни забт этиб, кумуш медаль совриндори бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақада олтин медални хорватиялик Ана Шимич (1 м 98 см) қўлга
киритган бўлса, Испания вакили Рут Бейтиа (1 м 92 см) бронза медаль билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йили Гуанчжоу шаҳри (Хитой)да бўлиб ўтган
Осиё ўйинларида Светлана Радзивил олтин медалга сазовор бўлган эди.