Сўнгги пайтларда жуда кўп баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган,
НТТ телеканалининг "Супер келинчак” кўрсатуви юзасидан "Даракчи" таҳририятида
томошабинлар ва дастур муаллифи билан учрашув ўтказилди.
"Суперкелинчак” кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси Зайнаббегим
Юнусовага ўзи билан дастурнинг бирор иштирокчиси ёки ҳайъат аъзоларидан бирини
"оқловчи” сифатида олиб келиш тавсия қилинди, бироқ у оқловчининг кераги йўқлигини
айтиб, баҳсга ёлғиз ўзи келди. Лекин дастурни мириқиб томоша қиладиган таҳририят
ходими Шоира Қосимова баҳсда Зайнаббегим Юнусованинг оқловчиси бўлиб иштирок этиш
ниятини билдирди. Қораловчилар эса, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети талабалари Мафтуна Эшонқулова ҳамда Моҳинур Бўриева.
— Зайнаббегим, баҳс-мунозарага киришишдан аввал "Супер келинчак” дастурининг
мақсади ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Зайнаббегим Юнусова: — Бу йўналишда биринчилардан бўлиб
иш бошладик деб бемалол айта оламан. "Супер келинчак” бор-йўғи кўнгилочар кўрсатув.
Шундай бўлса-да, дастурда иштирок этаётган қизларнинг келгуси тақдирига ижобий таъсир
кўрсатяпти. Мисол учун 24 ёшга чиққан ўқимишли, саранжом-саришта қиз бор. Аммо унга
бирорта совчи келаётгани йўқ. Хўш, сиз шу қизларнинг қай бирини газетангизда чиқара
оласиз? Мен эса 45 дақиқалик дастурим давомида ўша қизнинг бор имкониятларини намоён
қилиб бераман. Қарабсизки, битта қизнинг бахтга сабабчи бўлиб турибман.
Мафтуна Эшонқулова: — Бошқаларнинг фикри қандай билмадим-у, лекин менимча бу
бизнинг миллий қадриятларимизга, ўзбекчилигимизга тўғри келмайди, назаримда.
З.Ю.: — Қани, айтинг-чи, қизларни бирор жойда кўриб, уйига совчи жўнатиш қайси замонда
нотўғри ҳисобланган. "Бу билан қизлар ўзини бозорга соляпти” деган фикрга умуман
қаршиман.
Шоира Қосимова: —Менимча, бу замон талаби. Мисол учун, менга баланд
пошнали туфлида фермага кириб сигир соғиш шарти жуда манзур келди. Чунки
бугунги аксарият қизларимиз сигир соғиш у ёқда турсин, ҳатто унинг ёнига
яқинлашишга ҳам қўрқишади.
Моҳинур Бўриева: — Юқорида бу йўналишда биринчилардан бўлиб иш бошладик
дедингиз. Аммо "Супер келинчак”кача ҳам ўзимизда "Қизлар давраси”, "Таманно”
кўрсатувлари бўлган. Бундан ташқари, кўрсатувингизнинг Россия телеканалидан
узатиладиган "Топ модель по американски” кўрсатувига ҳам ўхшаш жиҳатлари кўп.
З.Ю.: — Тўғри, буни тан оламан. Дастуримиз кўп жиҳатдан "Топ модель по
американски” кўрсатувига ҳам ўхшаб кетади. "Супер келинчак” эфирга
берилаётганига эндигина бир йил бўлган эса-да, шундай катта, дунё миқёсида эфир
юзини кўрадиган дастур билан тенглаштирилаётгани мен учун катта шараф. Умуман
олганда, бу каби дастурлар доим бўлган. "А ну ка девочки” кўрсатувини ҳам бир
эсланг. Унинг шартига биноан, ҳар гал ютқазган иштирокчи ўйинни тарк этиши
керак эди. "Супер келинчак” ҳам ўша кўрсатувларга ўхшайди. Лекин мен ўз
менталитетимиздан ташқарига чиқиб, қизларнинг сочини қирдиришга ўхшаб,
бўлмағур шартлар қўяётганим йўқ.
М.Э.: — Бироқ қизларга сураткашлик қилиш, музда учиш каби шартланинг нима
кераги бор? Айнан шу шартлардан кейин томошабинлар орасида эътирозлар
жуда кўпайди.
З.Ю.: — Фикрингизда ҳам жон бор. (ўйланиб) Аммо бугунги замонавий аёл ҳар
соҳадан бохабар бўлиши лозим, назаримда. Айнан шу шартнинг дунёга келиши ўзим
билан боғлиқ. Бир куни фарзандларимни музда учишга олиб бордим. Мураббий билан
учиш 1 соатга 30 минг сўм экан. Лекин битта мураббий 10 та бола билан ишлаяпти.
Умумий ҳисобда 1 соат ичида фарзандимга бор йўғи 10-15 дақиқа вақт
ажратди, холос. Лекин мен 1 соат учун пул тўладим. Бу қизлар ҳам эртага она
бўлади. Музда учишни бугун ўзи ўрганиб қўйса, эртага турмуш ўртоғининг пулини
ҳавога учирмайди деган мақсадда дастурга мана шу шартни қўшгандик.
Ш.Қ.: —Тўғри бугунги куннинг аёли ҳар тарафдан етук бўлиши керак.
М.Б.: — Кўрсатувнинг аввалги сонларида хонандалар Нилуфар Усмонова,
Манзура, Шаҳнозабонулар ҳакам сифатида иштирок этиб, қайнона билан қандай
муносабатда бўлиш ҳамда уй юмушларини бажариш шартлари бўйича қизларни баҳолаб
боришди. Наҳотки, уларнинг ҳаётини, турмуш тарзини ёш қизларга ўрнак қилиб
кўрсатиб бўлса? Биринчидан Нилуфар Усмонова қайнонаси билан яшамайди. Манзура
эса ҳали турмушга чиқмаган.
З.Ю.: — Бу тарзда ҳаммани қора рўйхатга киритиб қўядиган бўлсак, унда ўзим
ҳам бу кўрсатувда иштирок этмаслигимга тўғри келади. Улар дастурнинг илк
сонларида иштирок этишган. Эътибор берсангиз, кўрсатувнинг навбатдаги сонларида
фақат ёши катта, ҳар жиҳатдан ўрнак бўлса арзигулик санъаткорлар иштирок
этишяпти.
Қамариддин Шайхов: — Банкага тузламалар ёпиш шарти берилган кўрсатувни
томоша қилгандим. Унда қуйидаги гапларни ишлатдингиз: "Банкалар қандай отилса,
шу ердан ҳам бугун битта қиз отилади”, "Бу банкани очгинг ҳам, егинг ҳам
келмайди”. Бу жумлалар журналист ахлоқига хосми?
М.Б.: — Қизларнинг фикрини ҳам охиргача тингламайсиз.
З.Ю.: — Бу ўзимга хос услуб. Бу йўл билан қизларнинг қанчалик сабрли
эканини синайман. Бироқ қизларга ҳам тўлақонли эркинлик берганмиз. Агар мен ёки
ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг фикри уларга ёқмаса, буни кўрсатув давомида
бемалол айтишлари мумкин.
Ш.Қ.: — Демак, қизларнинг ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг билдирган фикрларига
нисбатан муносабатларини, қизлар билан ўзаро суҳбатда ўзини қандай тутишини ҳам
эфирга бериш керак. Чунки томошабин кимнинг муомала маданияти қандайлигини
билмайди-ку.
З.Ю.: — Жуда яхши фикр!
М.Э.: — Кўрсатув рекламасида айтган гапингиз қулоғим остида қолган: "Она
ёмон бўлмайди, қиз ёмон бўлади, Қайнона ҳам ёмон бўлмайди, келин ёмон бўлади”.
(кулиб) Лекин қайнона қайнамаса, келинлар айнимайди деган гап ҳам бекорга
айтилмаган-ку.
З.Ю.: — Шундайку-я, лекин ўша шартни кўрганингизда сиз ҳам худди мендек
йўл тутардингиз. Хуллас, қизларга келин либосидаги қўғирчоқ ясаш шарти тушган.
Иштирокчилардан бирининг қўлига қарасам, келин-қўғирчоқ ўқрайиб турибди. "Нега
бу келин ўқрайиб турибди” десам ҳалиги иштирокчи қизимиз "Зайнаб опа, бу
келинмас, бу ёмон қайнона” дейди (кулги кўтарилди). Кечирасиз-у, қайнонанинг
ёмони бўлмайди. Ўша 20 ёшли қиз аввал ўзи ҳам бир оилага келин бўлиб, фарзанд
кўриб уни катта қилиб, ўғлини муштдек қизнинг қўлига топшириб қўйсин-чи, у
билан кейин гаплашаман (жаҳли чиқиб).
М.Э.: — Яқинда икки дугонам кўрсатувингизда иштирок этиш учун кастинга
борган экан. Эшитишимча, уларга қўпол муносабатда бўлибсиз.
Қ.Ш.: — Бундай гаплар бизнинг ҳам қулоғимизга чалинганди. Яқинда бир қиз
қўнғироқ қилиб: "Супер келинчак”нинг кастингига борсам, Зайнаббегим Юнусова
мени аввал ойнага қараб, кейин келинг деб қайтариб юборди” деди.
З.Ю.: — Ё, тавба, бунақасини энди эшитишим! Мен ким бўлибманки умид билан
ёнимга келган қизларга бундай десам. Кечирасиз-у, ўзим ҳам онаман. Ўзим ҳам қиз
тарбия қиляпман. Бундан ташқари, иккита синглим бор. Кўрсатувимга келган қизлар
йиртиқ кийимда келса ҳам, уларни камситишга ҳақим йўқ. Қизларни кўринишига
қараб танлаб олади, деган гапга келадиган бўлсак, бу телевидениенинг талаби.
Чунки экранга чиқаётган қизларимизнинг ташқи қиёфаси биринчи ўринга қўйилади.
М.Б.: — Чиройли бўлмаса телевизорга чиқишга ҳақи йўқми?
Ш.Қ.: — Агар бироз ўзига қарамайдиган қизларни чиқарганда ҳам, булар нима
қиляпти деб танқид қилган бўлардинглар.
З.Ю.: (асабийлашиб) — Ахир дастурда иштирок этаётган қизлар нақ тўрт ой
давомида ТВда чиқишади. Минглаб одамлар қаршисига чиққандан кейин ташқи
кўриниши ҳам шунга яраша бўлиши керак-да!
Қ.Ш.: Ўтган йилдаги кўрсатувларингиздан бирида дастуримиз учун анча муддат
кастинг ўтказиб янги бошловчи танладик деб, бир бошловчини таништирган эдингиз.
Кейин билсак, у ўзингизнинг синглингиз бўлиб чиқди.
З.Ю.: (ўйланиб) — Тавба, одамларга шу ҳам қизиқми? Тўғри, у ўзимнинг
синглим. Лекин мен буни томошабинлардан яширганим йўқ. Ўзини кўрсата олса
марҳамат, ишласин. Мени ҳаммага қўядиган талабим бир хил. Агар дастуримизда
иштирок этаётган қизлар қайсидир таомни ёки қайсидир уй ишини айнан бизнинг
кўрсатув учун ўрганиб, ўзига қандайдир сабоқ олса, менинг ютуғим ана шунда. Қўл
телефонимга ҳар куни камида беш-олти киши қўнғироқ қилиб кўрсатувда қатнашган
қизларнинг уй манзилини, феъл-атворини сўраб келин қилиш нияти борлигини
айтади. Агар ўша қизлар келажакда дастур сабаб яхши бир оиланинг келинчагига
айланча, бизга бундан ортиқ бахт йўқ.
P/S.: Суҳбатимиз жуда узоқ давом этди. Асосийси ҳар қанча
танқид бўлса-да, Зайнаббегим Юнусова ўзини йўқотмай ҳар бир саволга аниқ ва
мулоҳаза билан жавоб берди. Лойиҳада иштирок этган қизлар орасидан Моҳинур
Бўриева дастур ҳақидаги фикрини ўзгартирмаганини, Мафтуна Эшонқулова эса
кўрсатув ҳамда Зайнаббегим Юнусова ҳақидаги фикрлари 60-70 фоизга ўзгарганини
яширмади. Зайнаббегим Юнусованинг кўрсатувдаги айрим камчиликларни рад этмагани
ва уларни тузатишга ваъда бергани таҳсинга сазовор.
Manba:darakchi.uz