Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » MAHALLIY HABARLAR (UZB)

Совчи ниқоби остидаги жиноятчилар қилмишига яраша жазо олди

...Ирим-сирим, сеҳр-жоду билан шуғулланиш оғир гуноҳлардан саналади. Аммо, афсуски, фолбинлик, азайимхонлик ниқоби остида фирибгарлик қилиб юрган кимсалар ва уларга осонгина чув тушадиган одамларнинг ҳали ҳам борлиги ачинарлидир.


Бизнинг қаҳрамонларимиз Зулфизар, Гулнора ва Ферузалар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу "касб кор” ортидан ҳаром пул орттириб келишарди. Гарчи бу кирдикорлари бир неча бор фош этилган бўлса— да, улар тегишли хулоса чиқармасдан фирибгарликни давом эттиришди.

Бу гал Зулфизар навбатдаги сафар учун ўгай холаси  Гулнорани ҳамроҳ қилиб олди. Хола-жиян кула— кула жиноий режа тузиб, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Буюм бозорига йўл олишди. Бозорга етиб келгач, чор тарафга разм ташлаб, содда бир аёлни сўроққа тутишди:

—  Шу ерда яшайсизми, яхши аёлга ўхшайсиз, бир масалада ёрдамингиз керак. Биз қўшни тумандан келин ахтариб келдик, —  деди Зулфизар.

—  Ҳа, шу ерда тураман. Маҳалламизда яхши қизлар кўп, айниқса, Маҳмудахоннинг қизи жуда тарбияли. Шу яқин атрофда туришади.  Хола-жиянларга бу аниқ жавоб маъқул келди чоғи, суҳбатдош аёлга миннатдорчилик билдириб айтилган уйни осонгина топиб боришди. Уй эгасини чақиришдан аввал ёши пича каттароқ бўлгани боис Гулнора "йигитнинг онаси” қиёфасига кирди. Аллақаердан топиб олинган ҳарбий либосдаги хушрўй йигитнинг сурати жуда асқотишини ҳар икки "совчи” яхши биларди.

—  Эсингиздан чиқмасин, хола, мен сизнинг бухоролик дугонангиз Нигораман, —  таъкидлади Зулфизар.
Улар икки-уч бор чақиришгач, ичкаридан уй бекаси чиқиб келди. Бегона аёлларнинг "совчи” эканини билгач, уй бекаси уларни меҳмонхонага бошлади. Ҳол-аҳвол сўрашишгач, Гулнора мақсадга ўтди:

—  Мен Жомбойда тураман, ўғлим ҳарбий. Ўзимизда бирон-бир  қизни маъқул топмагач, шу таъби нозик ўғлимга яхши одамлар тавсияси билан қизингизни лойиқ кўриб келдик. Бу дугонамнинг исми Нигора. Қариндошларим билан келсам, бизни сўраб-суриштиришга ийманасиз, деб Нигорани ҳамроҳ қила қолдим. Истаган нарсангизни сира тортинмай, ундан сўрайверинг.

Зулфизар холаси Гулноранинг сўзамоллигига, ўз "ролини” қойилмақом ижро этаётганига ич-ичидан тан берди-ю, дарҳол суҳбатга аралашди:

— Бўлғуси куёв боланинг исми Улуғбек. Мана, сурати: энди қизингизни чақиринг, бир кўрайлик. Ҳарқалай шундай толеи баланд йигитга муносибмикан, билайлик... Маҳмудахон бу алдовларга астойдил ишонган, қизига шундай ажойиб куёв топилганидан ўзида йўқ хурсанд эди. У шоша-пиша қизини чақириш учун қўшни хонага йўналди. Табиатан тортинчоқ  Матлуба онаси нечоғлик қистамасин, "совчилар”га кўринишдан андиша қилди. Унинг хижолат тортаётганини эшитгач, хола-жиян зимдан бир-бирларига қараб олишди-ю, "ҳеч бўлмаса Матлубанинг расмини” кўрсатишни сўрашди. Гулнора Матлубанинг суратини қўлига олди-ю, мақтай кетди:

—  Воҳ, бу қиз ўғлимга жуда мос экан, кўз тегмасин, шу қизни  келин қилганим бўлсин...

"Нигора”  суратни қўлига олди-ю, беўхшов эснади:
—  Эй, дугонажон, буни Улуғбекка кўрсатишдан аввал йўлини очиб юбориш керак. Чунки Матлубанинг йўллари ёпиқ, қайсидир бадбахт унинг бахтини боғлаб ташлаган, — деди. Маҳмудахон илкис чўчиб тушди. Ҳақиқатан ҳам қайнопаси Матлубани ўғлига сўраттирган, турмуш ўртоғи унга рад жавобини берганди. Шундан буён ақлли ва  кўҳли бўлишига қарамай, Матлубага дурустроқ жойдан совчи келмаганди. Шуларни кўнглидан ўтказган уй бекаси Нигорага илтижоли кўзларини жавдиратиб: 

— Айланай, Нигорахон, мен бунақа иссиқ-совуқларга қизиқиб кўрмаганман, нима қилсам қизимнинг бахти очилади? —  дея сўради.

Зулфизар "бамаънилик” билан сўз бошлади:

—  Беморнинг тузалгиси келса, табиб ўз оёғи билан келаркан. Гиргиттон бўлай, ойдай қизингизнинг бахтини ўзим бодроқдай очиб бераман. Насиб, қизингиздек бахтли келин бу оламда бўлмайди. Бир банка сув, бир пиёла туз, бир пиёла қуруқ чой, пахта, оқ ип ва зангламайдиган буюм, иложи бўлса тилла тақинчоқларингизни келтиринг.

Маҳмудахон шоша-пиша "фолбин” сўраган нарсаларни муҳайё қилди. Патнисда келтирилган иккита тилла занжир, иккита узук, бир жуфт тилла зирак Зулфизарнинг кўзини қувнатди. У қимтинибгина кириб келган Матлубага терс қараб ўтиришни буюрди-да, пичирлаганча нималарнидир ўқий бошлади. Шу аснода барча тилла буюмларни олиб, пахтага ўради ва ип билан маҳкам чирмади. Миқ этмай ўтирган Маҳмуданинг белига гўёки айнан шу пахтага ўралган тилла буюмларни боғлагач, пича тин олди. Сўнг дуога қўл очиб, узундан-узоқ фотиҳа қилди: 

—  Дугонам иккимиз етти кўча наридан тош териб келамиз, сўнг яна ўқишда давом этаман. Ўқиганимни эркак киши билмасин, Матлубанинг белидагини эртага ечамиз. Тилла буюмлар ярқираб, жилоланиб турган бўлса, бахти очилгани шу бўлади, хира тортган бўлса, яна ўқишимга тўғри келади. 
Умрида биринчи бор "ўқитгани” учун анграйиб қолган она-бола "совчи” ва "фолчи”ни дарвозагача кузатиб чиқишди. Орадан икки соат ўтса ҳам "Нигора” ва совчи қайтмагач, Маҳмуданинг кўнглига шубҳа оралади: 

—  Қизим, белингдагини еч, тағин бу икки аёл тилла буюмларимизни ўмариб, жуфтакни ростлаган бўлса-я... Икковлон зудлик билан ўраб-чирмаб қўйилган пахтани очишди-ю, ҳайратдан ёқа ушлашди. Пахтада тилла буюмлар ўрнида олтита майда тош бор эди. Ўша кезда она зир югурганча у ёқ-бу ёққа чопиб, "алдоқчилар”ни излашга тушишди, бироқ бундан бирон наф чиқмади. Охир-оқибат Маҳмуда ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат этди.

НАВБАТДАГИ ЎЛЖА

Ўша Зулфизар билан Гулнора, йўловчи машинада Самарқанд шаҳрига йўл олишди. Тилла буюмларни Сиёб бозорида  700 000 минг сўмга пуллаб, тушумни "арра” қилишди.  Шундан сўнг Гулнора Шаҳрисабзга, Зулфизар эса Тошкентга йўл олди. Бу ерда у яна эски "ҳамкори” Феруза билан "зарур иш юзасидан” учрашиши керак эди. Ўзаро келишувга мувофиқ, пойтахтда топишган икки дугона фурсатни бой бермай, Зангиота тумани Хонобод қишлоғига келди. Икки дугона янги қурилгани шундоққина сезилиб турган, серҳашам уй ёнида тўхташди. Икковлон зудлик билан дарвоза ёнига ўзлари билан олиб келган соч, тирноқ, араб ҳарфида битилган ёзувни кўмиб қўйишди-ю, уй эгасини чақиришди. Хонадон соҳибаси Гулчеҳра Маннопова нотаниш аёлларни қаршиларкан, нега келганларини суриштирди.

—  Сизга яхшилик истаб келдик, —  деди Зулфизар қатъий оҳангда. — Исмим Нигора. Эшигингиз ёнидан ўтаётиб, "фаришталар”нинг амри билан тўхтаб қолдик. Сизга бадбахт кимсалар ёмонлик тилаб, дарвозангизга "амал” кўмиб кетган. Зулфизар шу қадар ишонч билан гапирардики, Гулчеҳра Маннопованинг кўнглига беихтиёр ғулғула тушди. У қўрқув билан сўради: 

—  Ўша "амал” қаерга кўмилган?
—  Аввал белкурак олиб чиқинг, —  деди Феруза.
Хонадон соҳибаси зумда белкурак келтирди. Зулфизар алланималарни пичирлаганча ҳалигина ўзлари кўмиб қўйган жойни кавлашга тутинди. Уч-тўрт уринишдан сўнг Гулчеҳра Маннопованинг тили калимага келмай қолди. Сарғайиб кетган қоғозга араб ҳарфлари билан битилган ёзувни қўлга олган Феруза, гарчанд ҳеч қандай саводи бўлмаса-да, уни ўқиган бўлди ва ваҳимали овозда хитоб қилди:

—  Бу қоғозга уйингиздан уч ўлик чиқсин, деб ёзилган экан, соч, тирноқлар сирини Нигорадан сўранг...
Бундай ваҳимали гапдан батамом эсанкираб қолган Гулчеҳра ҳушёрликни буткул унутиб, нотаниш аёлларга нажот кўзи билан боқди. Фурсатдан фойдаланган Зулфизар янада жонланди:

— Қизларингизга атаб қўйган тилла буюмларни олиб чиқинг. Хавотирланманг, ўқийману дарҳол қўлингизга қайтараман...

Гулчеҳра Маннопова уйга кирди-ю, 1 дона тилла қалин занжир, 1 дона занжирли билагузук, 3 жуфт узук зирак ва 2 та никоҳ узугини олиб чиқди. Феруза тилла буюмларнинг барчасини пахтага ўради-ю, ип билан маҳкам боғлади. 

— Эрингизнинг кўйлаги билан сизнинг рўмолингиз ҳам керак, — деди Зулфизар. — Белингизга боғлаб ўқисам, фойдаси ортади. Уй бекаси яна уйга кирган чоғда Феруза аввалдан тайёрланган пахтага ўралган тошни Зулфизарга узатиб, унинг қўлидаги тилла буюмлар ўралган тугунчани олди-ю, чаққонлик билан яшириб қўйди. Зулфизар аёл берган рўмол билан эркаклар кўйлагига қўлидаги тугунчани солди-да, ҳали-ҳамон қўрқувдан карахт ҳолда турган Гулчеҳранинг белига боғлаб, "ўқиш”га тутинди. Узоқ муддатли пичирлашдан сўнг юзига фотиҳа тортиб, уй бекасига буюрди:

—  Белингиздагини ечиб, томга отиб юборинг. Фалокатингизни аритдим, шу билан "еттинчи осмон”га учиб кетади.

—  Томдан қандай оламан, хўжайиним ишда бўлсалар?.. — талмовсираб сўради Гулчеҳра.

—  Бўйингиздан баландга отмасангиз, "еттинчи арш”га кўтарилиши қийин бўлади. Жиллақурса шкафнинг устига улоқтиринг. Янаги сафар келсам, менга "пўмбархит кўйлак” олиб берасиз, опа-сингил бўлиб қолдик энди, —  дея таъкидлади Зулфизар.

Шу чоғ қўшни хонадоннинг дарвозаси очилиб, бир аёл улар томон кела бошлади. Феруза ошиққанча унинг йўлини тўсди: 

—  Ҳозиргина Нигора опам қўшнингизнинг фалокатини аритди. Уларга яқинлашсангиз, шу қора ният сизга ёпишади. Тезда уйга кириб етиш тўғрисида буйруқ олган Гулчеҳра Маннопова ҳам дарвозани ичкаридан тамбалади. Орадан бироз вақт ўтгач, Гулчеҳра Маннопова ҳам шкаф устидаги "ўқилган буюмлар”ни текшириб кўрди-ю... осонгина қармоққа тушганини тушунди. У турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида ички ишлар бўлимига мазкур ҳолат юзасидан ариза билан мурожаат этди. 

ДОҒДА ҚОЛГАН АЁЛЛАР

Икки соат ичида мўмайгина даромадни қўлга киритган икки дугона яна  Самарқандга қайтиб, тилла буюмларни пуллашди. Улар аввалги қилмишларининг "миси” чиқмаганидан мамнун ҳолда энди Қарши тарафга отланишди. Буни қарангки, пихини ёрган бу икки маккора энди табиб қиёфасига кириб, атрофдагилардан қайси хонадонда тузалмайдиган бемор борлигини сўрай бошлашди. Кимнингдир тавсияси билан уч ёшга тўлса-да, ҳанузгача гапирмаётган ўғлининг дардида куйиб юрган Флора Турдиеванинг уйини излаб топишди.

—  Биз — икки дугона, биримиз табиб, биримиз фолбин. Оллоҳ бандаларимнинг мушкулини бирга осон қилсин, дея бизни йўлиқтирган, —  сўз бошлади Феруза. — Фолбин дугонам уйингизда гапиролмайдиган кимдир борлигини айтгани учун сизни безовта қилдик. Флора "фолчи”нинг топқирлигига тан берганча жавоб қилди:

—  Ўғлим уч ёшга тўлса-да гапирмаяпти. Нима қилишга бошимиз қотган...

—  Синглим, аввалига ўғлингизни бир яхшилаб ўқиб, жин-ажиналардан халос этай. Сўнгра дугонам табобат муолажасига ўтади, — Феруза шу тахлит  Булунғур ва Зангиотада бажарган "юмушлари”ни айнан такрорлади. У "мижоз”ни ишонтириш мақсадида бўғиқ товушда кекирар, тинмай эснар, ҳатто кўзларидан ёш оқизарди. Ахийри фотиҳага қўл очиб, ишни тугатди-ю, болишга гўёки ёнбошлаб қолди. 

—  Тегирмонга бориб, оғир юкни сувга отиб қайтмасам бўлмайди. Сен унгача муолажангни бошлаб тур, —деди у дугонасига. Шу тариқа ўрнидан туриб, кўчага йўналди.

— Бу ҳолатда бир ўзинг тегирмонга етолмайсан. Бирга борамиз. Уй бекаси уларга тегирмонга қандай боришни тушунтирди-ю, шом қоронғусигача "табиб” ва "фолбин”нинг қайтишини кутди. Турмуш ўртоғи ишдан қайтгач, хонтахта устида қолдирилган пахта тугунчани ечишга киришди. Англаганингиздек, Ф.Турдиева ҳам 1 та тилла занжир, 1 жуфт узук-зирак ва 1 та эркаклар никоҳ узугини фирибгарларга қўшқўллаб топширганди.  Бу орада Ферузанинг онаси қўнғироқ қилиб, чақириб қолди-ю,  Зулфизар яна холаси Гулнора билан тил бириктиришга мажбур бўлди. 

СЎНГГИ "СОВЧИЛИК”

Хола-жиян энди Каттақўрғонга "ташриф буюришди”. Одатдагидай совчи қиёфасига кириб, сўраб суриштириб, Сурайё Янгибоеванинг уйига кириб боришди. Тағин ўша хушбичим йигитнинг суратини ишга солишди. Бу галги "ўлжа”нинг ҳам чўғи баланд эди. "Бахти боғлиқ” опа-сингиллар Сетора ва Сайёранинг баҳоси 2 миллион 350 минг сўмлик тилла буюмлари пахта орасига олингач, тошга "айланиб қолди”. Ҳийлакорлар барча "амаллар”ни поёнига етказгач, дуои фотиҳа билан йўл тадоригини кўришди. Сетора аллақандай шубҳа-гумонга борганиданми, уларни Самарқанд шаҳрига қатновчи автомашиналарнинг қўналғасигача кузатиб келди. "Совчи” ва "фолчи” шоша-пиша оқ рангли, "Тико” русумли автомашинага ўтиришди-ю, Сеторага "Ортингга қарамай, уйингга кет, ҳеч ким билан гаплашма”, дея қаттиқ тайинлашди. Сетора уйга кирар-кирмас тугунчани очди. Она-болалар пахта ичига ўралган тошларни кўриб ҳангу манг бўлиб қолишганди. Хайриятки, Сетора тезда ўзини қўлга олиб, Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилди ва икки фирибгарнинг "Тико” русумли автомашинада Самарқанд шаҳрига жўнаб кетганини маълум қилди.

Зулфизар билан Гулнора янги "ўлжа”ни қандай сарфлаш тўғрисида мароқ билан сўзлашиб кетаётган пайтда Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан "Тико” ҳайдовчиси тўхтатилди... Уларнинг ҳамёнидан топилган тилла тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида олинди ва эгаларига қайтарилди. Зулфизар Раҳманова ва Феруза Мирзаева дастлабки тергов чоғида ўз айбларига тўлиқ иқрорлик билдирди. Шунингдек, барча жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланди.

Зулфизар Раҳманованинг холаси ва айни чоғда қайнонаси Гулнора Юсупова терговдан яширингани боис унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, жиноят иши алоҳида иш юритувига ажратилди.

Суд З.Раҳманова ва Ф.Мирзаевани фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбдор, деб топди ва уларнинг ҳар иккисига нисбатан қонуний жазо тайинлади. 

"Даракчи" газетаси 2- сон

Исматулла МАМАНОВ, Жиноят ишлари бўйича 
Тошкент вилояти судининг судьяси. 
Дилфуза РАҲИМБЕКОВА,
ҳуқуқшунос-журналист



Категория: MAHALLIY HABARLAR (UZB)
Просмотров: 3442 | Рейтинг: 0| Рейтинг: ниқоб, жиноятчи, Совчи
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 09:38
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное