Соч инсон ташқи кўринишининг энг муҳим аъзоларидан бири. Пардозчиларнинг сўзларига кўра, инсон чиройининг 80 фоизи юз териси текислиги ҳамда сочларининг соғлом кўриниши билан ўлчанар экан. Аксига олиб, шу икки омилнинг бири яъни соч тўкилиши эркакларнинг ҳақиқий бош оғриғига айланган. Тўғри, тақир боши билан ҳам жозибадорлигини йўқотмаган эркаклар кўплаб топилади, лекин каллик ҳаммага ҳам бирдек ярашавермайдида. Бу камчиликни дўппи билан яширишга шошилманг. Агар вақтида эхтиёт чорасини кўрсангиз, сартарошхонага яна анчагача дадил кириб бораверасиз деган умиддамиз.
СОЧ НИМА ЎЗИ?
Соч фолликулдан ўсиб чиқади. Фолликул остида эса соч қопчаси жойлашган бўлиб, бу ерда ҳар бир сочнинг илдизи ривожланади. Соч толасининг ўзи протеиндан таркиб топган ва у кўпинча кератин деб ҳам аталади. Ҳар бир кишининг сочи ўзига хос ўсиш даврига эга.Ўсиш даври– толанинг ўсиши ва дам олиш жараёнига бўлинади.Ҳар бир жараён ўз навбатида яна учта фазага ажратилади. Булар сочнинг ўсиши, йўқ бўлиши ва дам олишидан иборатдир. Соч қопчасида янги соч толаси пайдо бўла бошлаганда эски соч табиий равишда тўкилиб кетади. Ўртача 2 йилдан 4 йилгача яшайдиган сочимиз асосан кундузи ва кўпроқ баҳор ҳамда ёз ойларида нисбатан тезроқ ўсади. Ҳар куни бошимиздаги 60 тадан 100 донагача соч толаси тўкилиши мумкин.
СОЧ ТЎКИЛИШИНИ ҚАНДАЙ БИЛИШ МУМКИН?
Ҳар куни маълум бир миқдорда соч тўкилишини табиий ҳол дедик. Лекин у қандайдир касаллик туфайли тўкилаётганини қандай билиш мумкин? Бунинг учун бошни ювасиз ва орадан бир кун ўтгач, бош, кўрсаткич ва ўрта бармоқ билан ўртача 60 тача сочни ушлаб тортинг. Агар қўлингизга 7та толадан камроқ соч узилиб чиққан бўлса, зарари йўқ. Акси бўлса, унда имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилинг.
ФАКТ
Бугунги кунда 66% эркаларда мунтазам соч тўкилиши кузатилмоқда, аёлларда эса бу кўрсаткич 30% дан ошмайди.
НЕГА СОЧ ТЎКИЛАДИ?
Эътироф этиш жоиз, соч инсон танасидаги энг нозик аъзолардан бири ҳисобланади. Уни тана аъзолари орасида "энг жонкуяри” деб аташ мумкин. Чунки, сочнинг "қурбон” бўлишига исталган бошқа аъзоларнинг касалланиши ёки сизнинг бироз сиқилиб қолишингиз ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шифокорларнинг сўзларига кўра, соч тўкилиши энг аввало нерв системаси умумий аҳволининг бузилиши туфайли бошланади. Бунга ички секреция безлари, жигар, меъда-ичак йўли аъзолари фаолиятининг бузилиши, витаминлар етишмаслиги ёки соч фоликулаларининг туғма камчилиги ҳам сабаб бўлади. Себорея (ёғ ажралишининг бузилиши) натижасида ҳам соч эрта тўкилиши мумкин. Тана ҳароратининг баъзи инфекцион касалликлар (скарлатина, тифлар, грипп ва бошқалар) оқибатида узоқ вақт юқори бўлиши, заҳмга чалинганда ва оғир операциялардан сўнг баъзида соч тўкилади. Бошнинг сочли қисми терисига замбуруғ юққанлиги натижасида ҳам соч ҳар жойидан тўкилиб кетади. Асабий кечинмалар, ўта чарчаш ва бошқалар оқибатида кўпинча соч уя-уя ёки думалоқ-думалоқ бўлиб тўкилади. Баъзан имтиҳон даврида ўта толиқиш, уйқусизлик оқибатида ўқучиларда ҳам соч тўкилади. Соч тўкилиши ўрта ёшдаги эркакларда кўпроқ учрайди. Бунда икки чакка ва тепадаги соч тўкилади. Бир неча йилдан сўнг умуман соч қолмаслиги ёки тепакал бўлиб қолиш мумкин. Компьютер олдида кўп ўтиришлик ҳам сочни сийраклашиб, нурини йўқолишига ва кўп тўкилишига сабаб бўлади.
ЭНГ КЎП УЧРАЙДИГАН КАСАЛЛИК
Эркак кишининг тўкилаётган сочини даволашдан олдин, унинг нимадан тўкилаётганини аниқлаштириб олиш керак бўлади. Агар бу стресс ёки витамин ва озуқлантирувчи моддалар етишмаслиги оқибатида келиб чиққан бўлса, бемор витамин дармонлар билан даволанади ва овқатланиш рационига ўзгартишлар киритилади. Эркакларда асосан андроген алопеция оқибатида соч тўкилади. Бу эркаклар жинсий гармонларининг ўта кучлиги ёки соч фолликулларининг гормонларги ўта таъсирчанлиги натижасида юзага келади. Шу сабаб билан соч тўкилиши деярли барча эркакларда бир хил кечади. Яъни бунда соч бошнинг олди қисмидан тўкила бошлайди, шунингдек бошнинг тепа қисмида соч анча сийраклаша бошлайди. Андроген алопеция кўпинча ирсий характерга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳурсанд қиладиган томони шундаки, андроген алопеция туфайли юзага келган соч тўкилишини, агар шифокорга вақтида мурожаат қилинса даволаш мумкин.
УЙДА ҚАНДАЙ ДАВОЛАШ МУМКИН?
1. Уй шароитида бир ош қошиқ асалга битта тухум сариғини қўшиб аралаштирасиз ва сочингизга суриб (маска) қўясиз. ва 2,3 соатлардан кейин ювиб ташлайсиз.
2. Бир коса спиртга 10 та қалампирни солиб бўктириб қўясиз ва эритмани бошингизга суриб қўйиб буни ҳам 3, 4 соатлардан кейин ювиб ташлайсиз.
3. Сочингиз ўсиши учун бодом ёғини (касторний масла)бошингизга суриб қўясиз ва 3,4 соатдан сўнг ювиб ташлайсиз.
4. Соч илдизларини мустаҳкамлашда саримсоқ пиёз ҳам фойда беради. Саримсоқ пиёзни эзиб сувли эзмани соч илдизларига суриб селофан қалпоқ кийиб бир соат ушланади ва ҳидли, сочнинг ёғли ёки қуруқлигига қараб мос келадиган озиқлантирувчи шампун билан ювиб ташланади.
5. Ёки 40% спиртга битта аччиқ гармдори ва саромсоқпиёзни битта тишини майдалаб аралаштирилади ва 3 кун қоронғуда сақланади. Соч тўкилган жойга сурганда 2 соат сурп ёки чит мато билан ўралади. Кейин тозалаб ювилади. Бу усул бир ҳафтада бир марта қўлланилади. Агар соч кам тўкилса, бу усулни бир ойда бир марта қўлласа бўлади.
6. Шунингдек саримсоқ пиёзни қирғичдан ўтказиб сувини ажратиб оласиз ва сувини бошингизга суртасиз, ёки қатиқ суриб қўйсангиз ҳам бўлади. Бу сочни мустаҳкам бўлишга ёрдам беради.
7. Лимонни кўп истеъмол қилишлик ҳам соч тўкилишининг олдини олади.
8.Сочи заиф кишиларга сочни тўкилишини олдини олиш ва илдизларини бақувват қилиш учун кунжут ва бодом ёғини тенг ўлчовда олиб аралаштириб соч илдизларига суртиб массаж қилиш тавсия қилинади.
9. Соч кепакли бўлса, халқ табобатига кўра, лавлаги сувига чайилса, уни йўқотади ва сочни мулойим қилади.
***Юқоридаги усуллар барчага бирдек фойда беради деган кафолат йўқ. Ҳар қандай шароитда дастлаб шифокорга мурожаат қилинг ва унинг тавсиясига кўра даволаш жараёнини бошлашингиз мақсадга мувофиқ!!!
БИРОВДАН ТАРОҚ СЎРАМАНГ!
Баъзилар чўтка (массаж) тароқдан фойдаланишади. Тўғри, бу эркакларнинг калта сочларини тараш учун қулай, лекин чўтка тароқлар сочни кўпроқ электрлантиради. Натижада соч толаси тез узилади ва кўпроқ тўкилади. Авваллари кексаларимиз ишлатган шамшод ва шу сингари ёнғоқ, тут дарахтлари паррагидан тайёрланган тароқлар билан бош ювилганда, аввало соч яхши тоза бўлган, қолаверса у бошга сирка, бит тушишига йўл қўймайган. Қолаверса бу тароқлар сочни электрлантирмайди, натижада соч ҳам камроқ тўкилади. Ҳар бир кишида ўзининг тароғи бўлиши керак. Бошқаларнинг тароғи ва чўткасидан фойдаланиш мумкин эмас.
СОЧИНГИЗГА РАҲМИНГИЗ КЕЛСИН!
- Оғир ва тор бош кийим кийманг. У бош терисини сиқиб, сочга ҳаво тегиб туришини қийинлаштиради;
- Қуёшда ва қиш кунларида бошяланг юрманг. Бунда юза томирлар қисилиб соч озиқланиши ўзгаради;
- Шамол, денгиз суви ва чанг таъсирида соч рангсизланиб, хира тортади, қуруқ, мўрт бўлиб қолади4
- Чангда ишлаганда бошга рўмол ўраш, чўмилган вақтда резинка қалпоқ кийиб олиш тавсия этилади.