Райҳон. Дарди бор аёл. У ўз орзу умидларига интилиши,
тинимсиз меҳнати, ички куч-ғайрати билан етмоқда. Ютуқлар, мағлубиятлар, қувончга
тўла онлар, дард ин қурган кунлар. Ҳаммасини табассуми билан қарши олди. Ҳатто
унинг ўтган йилги яккахон концертлари оиласининг устуни -волидаи муҳтарамасининг
сўнгги видолашув кунларига тўғри келса-да, бўғзига дарду алам тиқилган
бўлса-да, ичига ютди. "Концерт кўрамиз”, "Кайфиятимизни кўтарамиз” деб келган
мухлисларига кўзёшларини кўрсатмади... Ичини тирнаётган "ғамлар лашкари билан
кечган жанг”да сабрли бўлди: кўзида, юзида кулгу билан куйлади, саҳналаштирилгани
каби ёниб рақсга тушди. Концертнинг охирги куни эса энг оғир синов бошланди.
Оиланинг чинори қулади...Нозиккина, қалби тез жароҳатланадиган қизнинг ҳолини
тасаввур қилинг! Райҳон чидади! Унинг кўзёшлари дарё бўлиб оқди. Ким унинг
дардкаши бўлди, яна ким... Муҳими, у ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. Халққа,
мухлисларига, ўзбек санъатига кераклигини унутмади! Елкасидаги оғир дард
юкидан воз кечиш қанчалар қийин бўлмасин, ижодга қайтишни уддалади.
Яратган энг оғир синовлардан сўнг, Райҳонга энг бахтли онларни
юборгандай...Тасодифий учрашув, тасодифий муҳаббат! Бу севги учқуни шу қадар
оловландики, хонанда ёниб куйлаб, фазодан бергин дея сўраган муҳаббат,
интервьюларда бот-бот айтгани - орзу қилган шаҳзодасига етди. Тўғри,
онага севимли қизининг бахт тўйини кўриш насиб этмади, бироқ, никоҳ оқшомида
волидаси осмондаги бир ёруғ юлдуз бўлиб, нур сочиб, орзулари ушалганидан
беармон кулгандир!? Раҳматли Тамара Шокированинг куёви ҳам санъат оламида.
Демакки, рафиқасининг қалбини, сўзини, ўзини тушунади ва фаолиятда ҳамжиҳат
билан уни қўллаб-қувватлайди. Эр-хотин – жуфти ҳалоллик! Жуфти ҳалоллар
бир-бирларини энг бахтли оила соҳиб ва соҳибасига айлантиришига умид қиламиз!
Райҳон "Ойижон” дея куйлади. 2013-йил концертини волидаи муҳтарамасининг ёрқин
хотирасига бағишлади. Бир пайтлар Райҳон онаси тириклигидаги куйлаган қўшиғида
шундай қатор бор: "Бахтли бўлади қизингиз...” ё хонанданинг илк хитини
эслайлик: "Бахтли бўламан, Албатта қачондир...” Оқ либос кийди,
катта ош бериб, тўй қилди, "келинсалом” қилди...Бугун, Райҳон чин маънодаги
бахтли аёлга айланди! Бугун чин маънодаги табассум Райҳоннинг юзларига қайтган.
У олдингидай шижоатли. Райҳоннинг апрелдаги 5 кунлик концерти ҳар йилгидан-да қизиқарли
бўлишига ишонамиз. Ахир, бу – Райҳон! Бу – синовдан ўтган юлдуз!
Manba: shov-shuv.uz
|