Бугун уларни кўча-куйда, жамоат жойларда кўришганда,
"Зўр-зўр Старчи”лар-ку!” дея эътироф этишади, танишади, билишади. Негаки, улар
ижод дунёсига жонли ижро билан шўнғишни бошлаганлардан. Фонограммасиз жонли
ижрони "синдираман” деган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил
этилган биринчи мусиқий телевизион реалити-шоуси "Зўр-зўр Стар” кашф этган янги
номлар ижод пиллапоялари сари кўтарилишда давом этишмоқда. Бугун ёш
юлдузлар янги қўшиқлар яратиш билан бирга каттагина концерт дастурига ҳам ҳозирлик
кўришмоқда. Ҳатто, уларнинг уч нафари клип суратга олишга ҳам муваффақ бўлишди.
Биз «Шов-шувли мусоҳаба» лойиҳасининг навбатдаги кўринишини он-лайн суҳбат
кўринишида ташкил этдик. Суҳбатдошларимиз "Зўр-зўр Стар” лойиҳаси иштирокчилари
Улуғбек Холиқов, Фируза Жумаева, Шаҳло Аҳмедовалар бўлишди!
-Бугун жамоат жойларда Сизларни кўрганлар исмингиз билан
тилга олишадими ёки "Зўр- зўр стар”чилар дейишадими? Фақат тўғрисини айтинг!
Улуғбек Холиқов: Лойиҳани бошдан аввал кўрганлар Улуғбек
Халиков дейишади. Яқиндан таниш бўлмаганлар ҳам "Зўр-зўр Стар”да қатнашган Улуғбек-ку”
деб қўйишади.
Фируза Жумаева: Илк босқичларида тарк этганим учун,
кўпчилик исмимни билмайди. Танловда иштирок этганимни билганлар, ТВ орқали
кузатганларгина таниб қолишади.
Шаҳло Аҳмедова: Аксарият "Ширин қиз”деб мурожаат қилади.
Бу албатта ёқимли, бошқалар эса исм-фамилиямни айтишади ёки "Зўр зўр стар”чи”
сифатида танишади.
-Ҳар учалангиз илк клипларингизни тасвирга олишга
киришибсизлар. Улуғбек, адашмасам, бугун илк клипни суратга олиш ишлари поёнига
етди...
Улуғбек Холиқов: Ҳозиргина клипнинг айрим қолган
элементларни тасвирга олиш жараёнидан қайтдик. Асосий суратга олиш ишлари кеча
тугаган эди. "Агарда сен кулсанг...” номли янги қўшиғимга маҳоратли клипмейкер
Ёдгор Носиров клип суратга оляпти. Мухлислар илиқ кутиб олишса, бошим осмонга
етарди.
-Шаҳло, Сиз ҳам Ёдгор билан ҳамкорлик қилаётган экансиз?
Шаҳло Аҳмедова: Ҳа, шу ойнинг охирида ёки кейинги
ойнинг илк кунларига клип суратга олишни режалаштираяпмиз. Қўшиғимга кичик
сюжетга эга бўлган ва трэксимон йўналишда клип суратга олмоқчимиз.
-Фируза, Сиз-чи, клипингизни қўлингизга олдингизми?
Фируза Жумаева: Шу кеча-кундуз клипни қўлимизга оламиз.
Аммо ўзим тайёр вариантини кўрдим. Лирик жанрдаги клип менга маъқул бўлди.
Мухлислар қандай кутиб олишлар экан, деб ҳаяжондаман. Клипим режиссёри Дилмурод
Аъзамов.
-Улуғбек, "мавзудан ташқари савол” билан юзланмоқчиман.
Айтайлик, shov-shuv.uz сайтида уч нафар Ўзбекистон халқ артистлари Зулайҳо
Бойхонова, Озодбек Назарбеков ҳамда Гулсанам Мамазоитоваларнинг ижодий
янгиликлари ҳақида бир вақтда мақола эълон қилинди. Шошилинч вақтда ҳамда фақатгина
биттасини ўқиш имконияти бўлганда биринчи қайси бирлариники билан танишардингиз?
Улуғбек Холиқов: Иложи бўлса, албатта доимгидек ҳар
учала янгиликни бошдан охирига қадар ўқиб чиқардим. Аммо сиз айтганингиздек
вазиятга тушсам, Озодбек Назарбеков ҳақидаги мақолани ўқиб чиқардим.
-Фируза, исмингизнинг маъносини биласизми?
Фируза Жумаева: Биламан! Фируза сўзининг маъноси
"юлдузлар маликаси” экан. Феруза исми эса хурсандчилик деган маънони англатади.
Шу номдаги қимматбаҳо тош ҳам бор!
-Шаҳло, Тошкентда вояга етган бўлишингизга қарамай асли
Сурхондарёда туғилгансиз. Агар бир пайт келиб, вазият Сурхон воҳасига қайтиб
ижод қилишингизни талаб қилса, қайтармидингиз?
Шаҳло Аҳмедова: (узоқ мулоҳазадан сўнг) Бунча қийин
савол бўлмаса...Йўқ, менимча қайтмасдим. Боиси, у ердан 30 кунлик чақалоқлигимда
пойтахтга келганмиз. Ҳамма танишлар ва қариндошларимиз ҳам шу ерда. Лекин
Сурхондарёга меҳмон сифатида боргим келади, яхши кўраман. Лекин бутунлай қайтолмайман,
менимча!
Парвиз ФАТТОЕВ