Талаб ҳамма учун бир хилми?
Талабаликнинг гашти, сурури бошқача. Бекорга талабалик йилларини олтин даврга қиёслашмайди. У ўзида бир дунё ширин ҳаяжонларни мужассам этган: "сессия” ёпилгандаги қувонч, стипендия кечиккандаги қайғу, тонготар ўтиришлар, биринчи муҳаббат лаззати, баъзан ҳажри, баҳс-мунозарага айланиб кетувчи семинарлар, имтиҳон олди ташвишлар, гўёки жуда узоқ кутиладиган катта танафус, "буфет”да йўлингизга кўз тиккан перажкаю, сомсалар.... Аслида талабалик даври инсоннинг шахс сифатида шаклланишига беқиёс ҳисса қўшади. Ёшликнинг куч-ғайрати, шижоатини тўлалигича илм олишга бағишласа борми?... Аммо олдин иқтисод, кейин сиёсат, дейилганидек, бугунги мавзумизни талабаларни қизиқтирган иқтисодий масалаларга бағишладик.
"Контрактни нима учун тўлаймиз?”
Ҳойнаҳой тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган ҳар бир талаба шу саволнинг жавобини билишни истаса керак. Тан олинг, сиз ҳатто таҳсилнинг бир йили учун тўланадиган суммани ҳар ойда оладиган стипендиянгиз суммасига бўлиб чиқиб, "ортиқчаси-чи, у нимага ишлатиларкан?” деб ҳам ўйлагансиз. Балки бу саволга ўзингизнинг жавоб вариантларингиз ҳам бўлгандир? Келинг, сизнинг жавоб вариантларингизни ҳаққонийси билан таққослаб кўриб, ҳақиқатга қанчалик яқин бўлганингизни аниқлаймиз.
Бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирлик матбуот хизматида масалага қуйидагича изоҳ беришди:
"Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва тушган маблағларни тақсимлаш тартиби ҳақида”ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1999 йил 6 августда 795-сон билан рўйхатга олинган) нинг 17-бандида таълим учун тўлов миқдори таълим йўналишлари, мутахассисликлари, таълим шакллари бўйича алоҳида, ҳар ўқув йили учун бир талабага таълим бериш харажатларини тўла қоплаш миқдорида белгиланиши кўрсатилган.
Харажатларнинг асосий қисмини талабага ҳар ойда тўланадиган стипендия ташкил этади. Шунингдек, тўлов-контракт қиймати таркибига профессор-ўқитувчи ва ходимлар иш ҳақи ажратмалари, комунал хизматлар тўловлари ва бошқа ўқитиш билан боғлиқ харажатлар киради.”
"Нега ошганини тўлашим керак?”
—2-босқич талабасиман. Ўтган йилнинг бошида бир йиллик шартнома тўловини амалга оширдим. Аммо йилнинг иккинчи ярмида ойлик маошларининг ошиши муносабати билан мендан ҳам тўланган сумма билан ошган тўловнинг ўртасидаги фарқни қоплашни талаб қилишди. Йилнинг бошида тўловни тўлиқ бир йил учун амалга оширган бўлсам, нима учун яна ошган фарқини ҳам тўлашим керак? Масалан, табиий газ ёки электр энергияси учун тўлов олдиндан амалга оширилганда, кейинчалик тўлов суммаси ўсишининг уни олдиндан амалга оширган абонентга дахли бўлмайди-ку?
Зоҳида Рустамова, Самарқанд вилояти
—Ўқишга қабул қилинган пайтингизда олий ўқув юрти билан тузилган икки томонлама шартномангизнинг томонлар мажбурияти бандига қаранг. У ерда энг кам иш ҳақи миқдорлари ёки тарифлар ўзгарганида 1 ой муддат ичида таълим муассасасига ҳақ тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилган. Сиз шартномани имзолашдан олдин унинг шартлари билан танишиб чиққансиз. Қолаверса, "Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва тушган маблағларни тақсимлаш тартиби ҳақида”ги Низомнинг 13-бандида энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарганда ўқишнинг қолган муддати учун ҳақ тўлаш миқдори тегишли равишда ўзгартирилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳар бир ўқув йили учун тўлов битта талабага сарф-харажатларни тўлиқ қоплаш миқдорида таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича алоҳида белгиланади.
Шартнома асосида ўқиётганлар учун имтиёз борми?
Аксарият ҳолларда таҳририятимизга қўнғироқ қиладиган талабалар тўлов-контракт асосида ўқиётганларга бюджетда ўқиётганлардан фарқли ўлароқ бирор ўзига хос имкониятлар берилиш-берилмаслиги билан қизиқишади. Мана шундай мурожаатлардан бири:
"Агар талаба олий ўқув юртида тўлов-контракт асосида таҳсил олса, таълим сифатининг тўланган суммага жавоб бергулик бўлишини талаб қилишга ҳақлими? Умуман, шартнома асосида ўқийдиган талабаларга қандай имтиёзлар берилади? Ҳеч бўлмаганда ўйлаб топилган ички тартиб қоидалар (масалан, форма) борасида бироз енгиллик яратишнинг иложи йуқми?”
Зайниддин, Тошкент шаҳри
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Гулмира ШУКУРОВА:
—Аслида тартиб ҳамма учун баробар. Талаба хоҳ у тўлов-контракт асосида таҳсил олсин, хоҳ бюджет асосида, белгиланган меъёрларга амал қилишга мажбур. Зеро, олий ўқув юртидаги интизом талабаларнинг сифатли таълим олиши учун хизмат қилади. Ҳар қандай тартиб-қоида амалиётга татбиқ этилишдан олдин ўрганиб чиқилади, муҳокама қилинади сўнгра олий ўқув юрти низомига киритилади. Низомда кўрсатилган тартиб- қоидаларга барча бирдек амал қилиши шарт. Худди шунингдек, форма масаласи олий ўқув юртидаги интизомни таъминлашга хизмат қилади деб топилса, тўлов-контракт асосида ўқийдиганлар ҳам бу умумий талабдан четда қолмайди.
Талаба таълим сифатини талаб қилишга ҳақли!
Талабанинг таълим сифатини талаб қилиш ҳуқуқи ҳар бир олий ўқув юртининг низомида келтирилган бўлади. Яъни талаба таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини, танқидий фикрларини белгиланган тартибда таълим муассасаси маъмуриятига, деканат ва кафедра раҳбариятига билдиришга ва уларни кўриб чиқилишини талаб қилишга ҳақли. Қолаверса, у сифатли ва юқори савияда билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун қонун хужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланишга ҳақлидир.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2007 йил 29 декабрдаги 269-сон буйруғи билан тасдиқланган "Магистратура тўғрисида”ги Низомга кўра эса, магистратура талабалари олий таълим муассасасининг муҳим масалаларини муҳокама этиш ва ҳал қилишда бевосита иштирок этишга ҳам, олий таълим муассасаси маъмуриятининг қарорлари устидан шикоят қилишга ҳам ҳақлидирлар (VI. Талабаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари).
Бироқ шу билан бирга талаба зиммасида ҳам бир қатор мажбуриятлар борлиги белгиланган. Жумладан:
· олий таълимнинг таълим дастурлари ва ўқув режасида назарда тутилган билимларни эгаллаш;
· ўқув режасида назарда тутилган топшириқларнинг барча турларини белгиланган муддатда бажариш;
· олий таълим муассасасининг Устави, ички тартиб қоидалари ва талабалар турар жойлари қоидаларига риоя этиш.
Хулоса
Юртбошимиз бежизга "фарзандларимиз биздан кўра, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари шарт” деб таъкидламаган. Қолаверса, мамлакатимизда бунинг учун етарлича шароит ҳам яратилган. Ҳамма гап бу шароитдан тўғри ва самарали фойдалана олишда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини нафақат билиш, балки талаб ҳам қила билишда.