Шаҳзода Матчонова кутилмаганда кино оламига кириб келиб,
ҳатто ўзи кутмаган ҳолда бу соҳанинг энг талабгор вакилларидан бири бўла олган
актриса. Аксарият ролларида оғир-босиқ, бой хонадоннинг қизи ё келини образида
кўринадиган Шаҳзода сўнгги икки йил давомида кино оламидан умуман йироқлашди.
Уни топиш, нима иш билан бандлигини билишга қизиққан журналистларнинг ҳаракати
бекор кетганига гувоҳ бўлганмиз. Мана, орадан анча вақт ўтиб, актриса газетамизга
интервью берди...
- Сизни кўриб турганимиздан ҳурсандмиз. Доимгидек гўзалсиз!
- Раҳмат! Мен ҳам сизлар билан яна дийдорлашганимдан бошим
осмонда.
- Табиийки биринчи саволим бирдан кўринмай қолганингиз
сабаблари билан боғлиқ.
- (Кулади) Бугунги учрашувда бу саволни четлаб ўтмасак
керак, деган тахминим ўз исботини топди. Интервью айнан шу савол билан
бошланишини билгандим.
- Албатта-да! Кутилмаганда сизни "йўқотиб” қўйдик...
- Ижоддан узоқлашишимга бирор бир асосли сабабни кўрсатишим
қийин. Шундай бўлишини ўзим хоҳладим. Ҳар бир ижодкорда шундай давр келар
эканки, у албатта бир муддат танаффусга чиқиши шарт. Жисмонан ва руҳан
толиққанида албатта ҳамма нарсадан дам олиш кераклигини ўз мисолимда ҳис этдим.
Сўнгги вақтларда гўё механизм билан ишлайдиган кўғирчоқдай ролимни шунчаки
ўйнаб берадиган бўлиб қолгандим. Режиссёр "Йиғла” деса ёлғондан йиғлаб, "кул”
деса сохта куладиган бўлиб қолдим. Буларнинг бари жонимга текканди, ёлғиз
қолишни истадим. Қисқаси, танаффусга чиқиб, ўз устимда ишлаш, янги куч ва
ғоялар тўплаб сўнг кинога қайтишга қарор қилдим.
- Ўтган вақт давомида нималар билан банд бўлдингиз?
- Сайёҳат қилиш баробарида кўп китоб ўқидим, хорижий
фильмларни томоша қилдим. Руҳан ўзимга дам бериш билан банд эдим. Шунингдек,
ўтган вақт мобайнида атрофимдаги одамлар сонини камайтирдим. Ҳаётимни
заҳарлаётганлар билан мулоқотни тўхтатдим. Ўтган вақт ичида фақат самимий
инсонлар қуршовида бўлиш учун астойдил интилдим ва бунга эришганимдан
ҳурсандман. Қолаверса, соғлом турмуш тарзида - мунтазам спорт билан шуғуланиб,
узлуксиз равишта ўзим учун қизиқ хорижий тилларни ўргандим.
- Ўзбек киноларини ҳам кузатингизми?
- Минг афсуски, бунга имконим бўлмади.
- Ўтган икки йил ичида наҳот битта ҳам фильм кўрмадингиз?!
- Йўқ, кўрмадим...
- Гапингиздан англаш қийин эмаски, санъат соҳасидан бутунлай
узилиб қолибсиз...
- Ўзим билан ўзим ёлғиз қолишим керак, деган қароримга риоя
қилдим, холос. Аммо бугун ишонч билан айтаман, санъатни соғиндим! Янги ўзбек
фильмларини тинимсиз томоша қилгим келаверади. Соғинчимга айнан ўртадаги
танаффус сабаб бўлди.
- Истаймизми-йўқми бугун кино оламида ҳам рейтинг тушунчаси
устувор. Танаффусдан олдин ўз рейтингингизга эга эдингиз. Баридан вох кечиб, шу
вақтгача топганларингизни йўқотиб қўйишдан қўрқмадингизми?
- Рейтингимни йўқотиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмабман.
Эришганларимга режиссёрлар эмас, фильмларимга баҳо берган халқ сабабчи. Шундай
экан, рейтингимни ўз фильмларига чақирмай қўядиган режиссёр белгилаб
беролмайди. Яхши режиссёр битта актёр ва актриса билан чекланмайди. Ўзбек
киносида озгина бўлса-да, ўрним бор экан, бари яна изига тушади. Кетма-кет
фильмларда суратга тушавериб, "автомат” актриса бўлгандан кўра, кам, аммо
сифатли кинода роль ўйнаган афзал эканини англадим.
- Танаффус пайти кўпроқ нималар ҳақида ўйладингиз?
- Ҳеч нима ҳақида ўйламай, ҳаётнинг энг яхши томонларидан
лаззатланишга ҳаракат қилдим, холос. Минг афсуски, айримлар фақатгина яхши
кунимизда, юқори поғонада турганимизда биз билан бирга бўлишар экан... Ҳаётимда
қандай воқеа содир бўлишидан қатъи назар тушкунликка тушмасликка ҳаракат
қиламан. Чунки, ҳар бир воқеадан ижобий хулоса чиқаришга одатланганман. Ёмонлик
ортидан албатта яхшилик келишини унутмаслик керак!
- Ижодга қайтдингиз, режиссёрлар томонидан таклифларга
кўмилиб кетгандирсиз?
- Йил бошида учта фильмга таклиф қилишди. Аммо айрим
сабабларга кўра уларни рад этдим. Боиси яна ўша маъюс, бой хонадоннинг қизи
ролини ўйнагим келмади. Очиғи, бу каби мавзудан жуда чарчаганман. Томошабинга
кўриниб туриш учунгина яна бир хилликка рози бўлгим келмади.
- Сизнингча, ўзбек киносига нима етишмаяпти?
- Истеъдодли режиссёрлар, маҳоратли драматурглар, қобилиятли
актёрлар жуда қўп. Фақат ижодкорларимизга озгина жасорат етишмаяпти, холос.
Режиссёр ва продюсер бирор фильмни суратга олишдан аввал доим "Бундай мавзудаги
фильмга томошабин келармикин?” деган саволда тўхтаб қолишади. Негадир улар
томшабинни фақат йиғлоқи ё бачкана ҳазиллар билан тўлдирилган фильмларнигина
томоша қилади, деган фикрда. Аслида халқимиз улардан кенгроқ доирадаги
кинокартиналарни кутишяпти.
- Ўтган йили қорақалпоғистонлик киноижодкорларнинг фильмида
роль ижро этдингиз...
- Ҳа, ўтган йили Нукус шаҳрида суратга тушурилган ушбу фильм
учун "Энг яхши актриса” мукофотини қўлга киритдим. Фильмда ўзбек ва қорақалпоқ
халқларининг ўзаро дўстона муносабатлари кўрсатилган. Нукус шаҳрида
туғилганим учун айнан ўша халқнинг қизи ролини талқин этиш мен учун жуда ёқимли
бўлди.
- Ижодга қайтган экансиз, қандайдир натижаларни кутишингиз
табиий, тўғрими?
- "Юк”и бор ролларни кутяпман! Ўйлайманки, режиссёрлар ҳам
мени бошқа амплуада очиб беришдан чўчишмайди.
- Ўтган икки йил ичида шахсий ҳаётингизда нималар ўзгарди?
- Узр, шахсий ҳаётим ҳақида гапирмайман!
- Сабаб?!
- Чунки, у менинг ҳаётим! Уни омма олдида муҳокама қилишни
истамайман. Насиб қилса, турмушга чиқсам ҳам оммага ошкор этмай, оилавий тадбир
сифатида ўтказишни ният қилганман. Шахсий ҳаётимни шоу тарзида кўз-кўз қилиш
мен учун эмас! Кўпчиликнинг даврасида "Фалончининг бўйи етибди, оила қуриши
керак”, каби фикрларни кўп эшитаман. Аммо бу борада менинг қарашларим бутунлай
бошқача. Одам қачонки ўзини оилавий ҳаётга руҳан тайёр, деб билса, жиддий
қадамни қўйиши керак. Одамларнинг гап-сўзи, деб умрни гаровга қўйиб бўлмайди.
Ўзимга келсак, ҳали оилавий ҳаётга тайёр эмасман. Шунинг учун ҳам турмушга
чиқиш борасида режаларим йўқ.
Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди