2013 йил 25-март куни пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонасида хонанда Шахзода иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманга ОАВ ҳамда хонанданинг мухлислари ташриф буюришди. "TARONA KONSERT" продюссерлик маркази томонидан ўтказилган анжуманда Шаҳзода бўлажак концерт дастури, ижодий фаолияти, эришилган ютуқлар ва режалар ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек тадбир давомида хонанда мухлисларининг блиц-саволларига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилди. Жумладан, турмуш ўртоғи, "Шошма" қўшиғининг Фаррух Соипов қўшиғига ўхшаш экани, соч бўёғи рекламасида тасвирга тушиши каби саволлар шулар жумласидан.
Маълум бўлишича, Шаҳзода концерт дастури кунларида ўзбек тилидаги янги албомини тақдим этади. Шунингдек тез орада рус тилидаги қўшиқлари ҳам омма эътиборига ҳавола этилади. Унинг айтишича, ҳозирда Европанинг таниқли овоз ёзиш студияларидан бири билан инглиз тилидаги албомни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда. Болқонлик машҳур продюссер ва ижрочи Кости билан ижро этган дуэти ва унга ишланган клип ҳам тайёр бўлгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, мухлислар севимли қўшиқчиларининг шахсий веб-сайти - shakhzoda.ru сайти билан ҳам танишиб олдилар. Ушбу янгиланган сайт келаси хафтада расман ишга тушади.
Тадбир сўнгида Шаҳзода мухлисларига диск ва дастхати туширилган суратларини улашди.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳзода шу йилнинг 1-7 май кунлари пойтахтимиздаги "Истиқлол" санъат саройида яккахон концерт дастурини тақдим қилади. Маълумотларга кўра, чипталарга талаб катталиги боис, ҳозирда концертни яна бир кунга узайтириш режалаштирилмоқда.