Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » SHOU-BIZNES HABARLARI

“Setanho” nima sabab tarqaldi? Leyli oydinlik kiritadi!

1999 йилдан бошлаб "Афсонавий гуруҳ” номини олган собиқ "Сетора” ҳали-ҳамон мухлислар тилидан тушмайди.

Бугунги кунда гуруҳ аъзоларидан бир Лайло Галиеванинг ЛЕЙЛИ тахаллуси билан ижод қилаётганидан хабарингиз бор. Бироз танаффусдан кейин фаолиятини давом эттириб, иккита янги қўшиқ ва клип ҳам тақдим этишга улгурган хонанда билан суҳбатлашишга қарор қилдик. Унинг бугунги ҳаёти, ижодий фаолияти, оиласи ҳақидаги маълумотлар сизларга ҳам қизиқ бўлса ажабмас...

— Сиз билан учрашиб турганимиздан беҳад хурсандмиз. Таҳририятимизга ҳуш келибсиз!

— Ҳушвақт бўлинг! Таклифингиз учун сизга ташаккур!

— Бугун яна ижоддасиз...

— Орадаги танаффусдан кейин яна куйлай бошладим. Очиғи, ижодимни қайта бошлашдан аввал "нима қилсам экан? Бошқа фаолият билан шуғулланишим керакдир...” деган ўй қийнади. Аммо яқинларим, дўстларим турткиси билан, қолаверса, ички "мен”им санъатдан узоқлашишимга йўл қўймади. Нима бўлишидан қатъий назар шу соҳага ипсиз боғланганимни англаб етдим! Ижод йўлимнинг янги босқичида ҳамкорликни Жаҳонгир.уз билан бошладим. Ижодкор сифатида дидимиз, қарашларимиз жуда ўхшаш бўлгани учун бирга ишлаяпмиз. Бу ижодкор билан қисқа фурсат ичида янги альбомни деярли тайёрлаб бўлдик.

— ТВда намойиш этилаётган иккита клипингиз ҳам нима сабаб чет элда суратга олинган?

— Ўзаро келишган ҳолда шу қарорга келгандик. Юртимда клип олишга исталган вақтда улгуришим мумкин. Аммо Парижда клип суратга олиш имконияти эса доим ҳам бўлавермайди. Биз бор имкониятдан тўла фойдаланишга ҳаракат қилдик. Клип режиссёри ҳам Жаҳонгирнинг ўзи.

— Яқиндагина собиқ "Сетора” гуруҳининг 16 ёшини байрам сифатида нишонладинглар. Содиқ мухлисларингиз билан учрашув ҳаяжонли бўлса керак?

— Фан клуб аъзолари ташшаббуси билан ўтказилган мазкур кеча ҳар биримизнинг ҳаётимизда алоҳида ёрқин воқеа сифатида сақланиб қолишига ишонаман. 16 ёшлик тўйимизга мухлисларимизнинг бизга тайёрлаган "сюрприз”ларидан очиғи, ўзимизнинг ҳам ҳайратимиз ошди. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, гуруҳимизнинг фан клубидек фаол мухлислар бўлмаса керак. Биз бир оиладек бўлиб кетганимиз учун ҳам уларни фан клуб аъзолари эмас, дўстларимиз, дейишга одатланганмиз. Яна бир карра анъанавий тарзда ҳар йили 1 мартда ўтказладиган "Сетора”чилар кечаси” учун дўстларимизга ўзимизнинг чуқур миннадорчилигимизни билдирамиз!

— Кечада гуруҳнинг фақат иккита аъзоси иштирок этди. Нега Феруза келмади?!

— Минг афсуски, учрашувда мен ва Камилла иккимизгина қатнаша олдик. Феруза чет эл сафарида эди. Аммо у хаёлан бўлса-да, биз билан бирга эди. Феруза билан интернет орқали ҳар куни гаплашиб турамиз. Тадбирда иштирок этмагани учун нотўғри хаёлларга боришнинг ҳожати йўқ!

— Билишимизча, Феруза айни вақтда хориж ресторанларида қўшиқ куйлаш билан банд экан. Унинг бундай фаолиятига қандай муносабат билдирасиз?

— Очиғи, бугунги куннинг барча хонандалари ресторанларда қўшиқ куйлайди. Фақат ресторанларнинг аксарияти Ўзбекистонда "тўйхона” номи билан аталади, холос. Феруза дунёнинг бошқа четида куйласа, биз бу ерда у каби ишлаяпмиз. Бугунги кун хонандаларининг асосий даромади ҳам айнан шу орқали-ку! Шу ўринда яна бир қизиқ маълумотни айтиб ўтишим керак. Тез кунларда Феруза ажойиб ижодий янгилигини тақдим этади. Умуман ҳеч ким кутмаган янги лойиҳа билан ижодида каттагина "портилаш”ни амалга оширади. Мен эса унинг яқин инсони сифатида уни доим қўллаб-қувватлаб тураман.

— Камилла хориждаги ўқишини тамомлашга улгургандир?

— Ҳа, ўқишни тугатди, ҳозир Тошкентда. Аммо яна таълим олишни давом эттирмоқчи. Тез кунларда яна хорижга жўнаб кетади.

— Собиқ "Сетора”нинг илк таркиби ўзгармаганида, унинг тақдири бугун қандай бўларди?

— Бу саволингизга жавобни ичимдан келаётган сўзлар оқими билан ҳам тўлиқ тушунтириб беролмасам керак. Лекин аниқ биламанки, агар таркиб ўзгармай ишлаганимизда, ҳаммаси бугунгидан анча яхши бўларди. Бугун қайта "Сетора” гуруҳи сифатида қайта иш бошласак, халқ учун, қолаверса, ўзимизга ҳам бу кутилмаган "сенсация” бўлар эди.

— Нега "Се*танҳо” да биргаликда ишлолмадинглар?

— "Сетора”дан кейин изсиз йўқолиб кетишимиз мумкин эмасди. "Се*танҳо” эса уч йил мобайнида ижод қилди. Биз учта алоҳида шахсмиз. Ҳаммамиз ҳаётимизни бироз ўзгартиришимиз, кунимизни доимги нарсалар билан банд қилиб эмас, янгича ҳаёт билан яшаб кўришимиз керак эди. Шу сабабдан мен уйда оилам билан шуғуландим. Камилла эса бутун умр орзу қилганидек, ўзини билимга бағишлади. Феруза ҳам ўзи истаган ишлар билан шуғуланди. Қисқаси, ижодий танаффус қилишга қарор қилдик. Аммо бу — уч дугонанинг муносабати бузилди, дегани эмас. Минг афсуски, биз ҳақимизда асосан ана шундай ёқимсиз гап-сўзлар тарқалди.

— Ўша пайтлардаги машҳурлик "чўққи”ларини ҳозир ҳам соғинасизми?

— Албатта! Соғинмаслик, қумсамасликнинг иложи йўқ. Ўтган даврни нафақат биз, балки бизнинг яқинлар, дўстларимиз ҳам кўп эслаб туришади.

— "Сетора”нинг ўша пайтдаги машҳурлигини рақобатдошларнинг камлиги белгилаб берган, деган фикрларга қўшиласизми?

— Бунда бир рамзийлик бор. Биз керакли вақтда, керакли жойда бўла олдик, холос. Буни илк ютуғимиз бўлса керак. Ҳаммага ҳам ана шундай омадни тилаб қоламан!

— 2010 йилги интервьюнингизда "Тез кунларда "Сетора”нинг биринчи таркибидан ҳақиқий "сюрприз”ни кутиб олишингиз мумкин”, дегандингиз. Орадан тўрт йил ўтди ҳамки, совғадан хабар йўқ...

— (Кулиб) Рости, ҳали ҳам шу гапни такрорлашим мумкин. Аммо қандай "сюрприз” эканлигини ўзим ҳам билмайман. Ўзимиз ҳам қандайдир мўжизани кутяпмиз, шекилли.   

— Юқорида айтганингиздек, хонандаларнинг асосий пул топиш манбаи халқ хизматлари бўлиб қолган. Бугунги шоу бизнесни эса мўмайгина ҳаражатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сизнинг репертуарингиздаги қўшиқларингизда "тўйбоб” қўшиқлар йўқ. Сир бўлмаса, ижодингизга маблағни қаердан топасиз?

— Пул топиш учун фақат "тўйбоп” қўшиқ куйлаш шарт эмас! Ҳар бир санъаткорнинг ўзига яраша мавқеи бор. У ана шу даражасидан келиб чиқиб, ижод қилиши керак. Маблағ учун ярашса-ярашмаса тўйларга чиқавериш тўғри келмайди. Ижодкор биринчи навбатда ўзининг роҳати, касбига бўлган меҳри учун ишлаши керак. Албатта гапингизга юз фоиз қўшиламан. Бугун ҳар бир нарса ўз қийматига эга. Мен эса ҳозирча тўйларга чиқаётганим йўқ. Ҳомий масаласида эса сизга аниқ жавоб айтолмайман. Реклама борасида яхшиямки, дўстларим, танишларим бор. Қайсидир маънода, ижодимни хурмат қилганидан ҳозирча ёрдам беришяпти. Уларнинг барчасига ўз минадорчилигимни билдираман!

— Яккахон ижодий фаолиятингизни кузатадиган бўлсак жуда кўп танаффус қилгансиз...

— Биринчи навбатда — аёл ва онаман! Фарзандимнинг тарбиясига масъулман. Бундан ташқари, ўтган вақт давомида чет эл сафарларида кўп бора бўлдим. Шу сабаб ижодимни танаффусларсиз олиб боришга имкониятим бўлмади.

— Шахсий "фронт”га ҳам ўтсак...

— Қандай савол беришингизни биламан (кулади). Саволдан аввал жавоб бериб қўя қолай. Қайта турмушга чиққаним йўқ... Оқ отдаги шаҳзодани ҳам кутмаяпман. Чунки, шаҳзодалар ўрта асрлардагина бўлган (кулади). Қачондир дилимга яқин, иродали, идеалимга яқин (чунки тўлиқ идеал одам бўлмайди) одамни учратсам, балки турмушга чиқарман...

— Ўғлингиз ҳам катта бола бўлиб қолгандир?

— Ўғлим Амир 11 ёшда, 5 синфда ўқияпти. Тил ва спортга қизиқиши баланд.

— Санъатга муносабати қандай?

— Эшитиш қоблияти кучли, лекин санъатга қизиқмайди. Аслида бундан ўзим ҳам хурсандман. Уни санъат соҳасини эгалашини мен ҳам, дадаси ҳам истамаймиз.

— Фарзандингиз сиз билан яшайди, шундайми?

— Ҳа, аммо дадаси билан ҳар кун мулоқотда бўлиб, тез-тез кўришиб туришади. Ягона оила тушунчаси қандай экан, деган савол туғилишига имкон бермаймиз.  

— Она сифатида қаттиққўлмисиз?

— Қаттиққўлиқ билан кўнгилчанликни бир маромда олиб боришга ҳаракат қиламан. Аммо яқинларимнинг айтишича, кўпроқ қаттиққўл она эканман. Бу ҳам тўғри, чунки ўғил болани доим назоратда ушлаш керак.

— Режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Кетма-кет дилга яқин қўшиқларимни ёзиш билан бандман. Тез кунларда катта экранга чиқиши кутилаётган янги кинокартинага саундтрек куйладим. Энг қизиғи, бугунги кун шоу бизнесига ўзимни қайта мослаштиряпман, десам ҳато бўлмайди. Сабаби, бу соҳадан мени анчагина ҳабарим бўлса ҳам, бугун ҳамма нарса ўзгача тус олганига гувоҳ бўляпман. Қисқаси, санъатнинг янги аъзоси сифатида қайтадан яна иш ўрганиш билан бандман.

Хулоса ўрнида...

— Бугунги суҳбат кимгадир қизиқ, кимларгадир умуман ёқмас. Аммо мен бугунги ҳаётим ва фаолиятим ҳақида бор гапларни оддий, турли бўрттирмаларсиз гапирдим.

—3-4 йил аввалги учрашувимизда сизни қандайдир муаммо қийнаётганини ва тушкунликда эканингизни сезиш қийин эмасди... Аммо хомуш ҳолатингиз сабабини ўша пайт гапиришни истамагандингиз...

— У сабаблар ҳусусида ҳозир ҳам гапиришни хоҳламайман. Эслашни истамаганимдан эмас, хотирлаб тураман. Балки ўша пайт мен учун қаттиқ зарбадек туйилган воқеа, бугун оддийлиги билан хотирага кирган. Инсон ҳаётда ҳамма нарсани оддийлик, хотиржамлик билан енгиб ўтса, у албатта яхшилик билан якунланади. Бунда эса унга яқин инсонларининг кўмаги албатта ас қотади.

Бир сўз билан...

— Айрилиқ...

— Мен учун ҳаётимдаги энг оғир айрилик вояга етказган бувимнинг вафоти бўлган.

— Танишув...

— 1985 йил 7 ёшимда "Сетора” қизлари Феруза ва Камилла билан танишганим ҳаётимдаги энг ёқимли хотираларни эслатади.

— Бефарқлик...

— Одамларнинг ёмон гаплари-ю, ҳатто интернет сайтларида ёзиб қолдирадиган изоҳларига бефарқлик билан қарайман. Ўзимга ёмон гапларни яқинлаштиргим келмайди.

— Хафагарчилик...

— Жуда тез хафа бўламан. Бироқ буни тез унутадиган одатим ҳам бор. Икки оғиз яхши гап кўнглимни юмшатади.

  Ғолиблик....

— Оналик бахтига эришганим! Ҳаётдаги қўлга киритган энг катта ютуғим ҳам ана шу. Насиб бўлса, яна она бўлиш ниятим бор.

— Қувонч...

— Ҳаётимнинг ҳар бир дақиқаси тинч, осуда ўтаётганидан қувонаман аслида...


Алия СУЛАЙМОНОВА суҳбатлашди



Категория: SHOU-BIZNES HABARLARI
Просмотров: 4881 | Рейтинг: 0| Рейтинг: Setanho, Leyli
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 02:59
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное