Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » Exclusive Intervyu

Маҳмуд Намозов: “Сурхон”нинг бугунги кунига ачинаман!”

Санъатда олтин ўрталик тушунчаси бор. Бу рўйхатга ҳамма ҳам киравермайди. Чунки ўз мавқеини бир неча йиллар давомида бир маромда ушлаб туриш осон иш эмас. Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовни худди ана шу рўйхатга киритиш мумкин. У ортиқча машҳурликни талаб қилмайди. Зўрма-зўраки ижод йўлидан юрмайди. Аксинча, ойда-йилда бир қўшиқ чиқаради. Ҳамма ҳамкасблари сингариэмас, ҳеч ким жазм қилмаган йўналишда намоён бўлади. "Кўза” қўшиғини исбот тариқасида келтириш мумкин. Англаганингиздек, бугунги суҳбатдошимиз фольклор санъатининг таниқли вакили Маҳмуд НАМОЗОВ...


— Маҳмуд ака, "Ижодингизда нима янгиликлар?” деган навбатчи саволларни четга суриб турайлик-да, суҳбатни ҳаммани қизиқтирадиган, жиддий саволлардан бошласак.


— Бажонидил. Шундоқ ҳам журналистларимизнинг бир хил саволларидан чарчаганман.



— Сўнгги вақтларда интернетдаги ижтимоий тармоқларда жуда фаолсиз. Ё бу саҳифалардан сизнинг номингиз билан бошқа одам фойдаланадими?



— Ростини айтсам, фақат www.facebook.com тармоғида борман, холос. Қолганларига вақтим етмайди.


— Кўпчилик "Маҳмуд Намозов интернетга кириб соатлаб ўтириш у ёқда турсин, ҳатто уни ишлатишни ҳам билмаса керак”, деб ўйлаши турган гап.


— Бу фикрингизни рад этмайман. Шу вақтгача "Менга компьютер нимага керак, ёнимдаги ёрдамчилар ҳамма ишни ўзлари бажариб қўйишади-ку!” деган фикрда эдим. Афсуски, янглишган эканман. Ҳозир компьютерни билмасангиз, қайсидир маънода телефонни ҳам ишлата олмайсиз. Шунинг учун ўрганишга, ижтимоий тармоқларга кириб, мухлисларим билан фикр алмашишга қарор қилдим. Ҳозир ўзим фойдаланадиган ижтимоий тармоқда Маҳмуд Намозов фан-клуби ташкил этилиб, унга дунёнинг турли мамлакатларидан 17 минг мухлис аъзо бўлишган. Бу фан-клубда нафақат мен ҳақимда, балки миллий санъатимизга улкан ҳисса қўшган бошқа санъаткорлар, шоир, ёзувчилар ҳақида ажойиб мақолалар чоп этилади. Хуллас, интернет билан зерикмайсиз. Аммо жуда кўп вақтимни ўғирлагани сабабли, ҳар битта одамга жавоб қайтаришга вақтим етмайди.


— У ерда жойлаштирган суратларингизда жуда ёш кўринасиз. Ё атайлаб ёш кўринишга ҳаракат қиласизми?


— Йўқ, ёшини яшириб, борган сари йигит бўлишга интиладиган эркаклардан эмасман. Сочимизга оқ тушиб, кексаяпмизми, бундан саросимага тушмаслигимиз, аксинча қувонишимиз керак. Ахир бу кунларга ҳам етмаганлар оз эмас.


— Нега сочингизни бўяйсиз?

— (Кулиб) Ким айтди, сочини бўяйди, деб. Бу маълумотни биринчи бор эшитишим. Шукр, сочим шу ёшимда ҳам қоп-қора. Лекин сочимга оқ тушганда ҳам уни сунъий йўл билан қорайтирмайман. Инсон аввало қалбан пок, одамларга яхшиликни тилаб яшайдиган, ҳасадни эмас, ҳавасни хуш кўрадиган бўлса, албатта ёшариб юраверади.



— Маҳмуд Намозовни сўнги пайтларда ТВда ҳам, концерт дастурларида ҳам учратмаяпмиз. Гўёки, сизнинг ижодингиз фақат тўй бўлиб қолгандек?



— Йўқ, адашасиз. Кўпчилик яхши билади, мен ўзимни тўйларга ураверадиган хонанда эмасман. Агар истасам ҳар куни телевизорга чиқиб, ҳар ой янги клип тақдим этишим мумкин. Лекин ўшанда "Бунча кўп чиқаверасиз, бўлди-да!” деган гап бўлади. Шунинг учун ора-орада етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган мухлисларга маъқул келадиган қўшиқлар тайёрлаб, оммага ҳавола этишни маъқул кўраман.



— Сизнинг ёшингиздаги кўпчилик санъаткорлар ойда бир йиғилиб, гурунглашиб туришларидан хабаримиз бор. Ҳатто қўл телефони орқали ижтимоий тармоқлардан бирида Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Ҳосила Раҳимова ва қатор таниқли санъаткорларимиз гуруҳ ташкил қилиб, ҳар дақиқада суҳбатлашиб туришади. Аммо на ўша гуруҳда ва на йиғинларда сизни учратмаймиз. Ҳатто ҳамкасбларингизнинг концертларига ҳам бормайсиз?



— Нега? Бориб тураман.



— Хўш, 2013 йилда кимнинг концертига бордингиз? Сизни "Эътироф” тақдимот маросимидан ташқари, бошқа концерт дастурда кўрмадик.


— Тўғри, ўтган йили концертларга бормадим. (Ўйланиб) Кўпчилик санъаткорлар концерт дастурларига таклиф қилишади. Гапингиз рост, ишларим кўплиги туфайли концертларига бора олмаяпман. Энди ўйлаб қарасам, одамлар шунга ҳам эътибор бераркан. Демак, ўзимнинг шу қозонда қайнаётганимни билдириб туриш учун бундай давраларга бориб туришим керак экан.


— Ҳар йили катта байрам тадбирларида иштирок этган санъаткорлар байрамдан сўнг бир дастурхон атрофига тўпланишни одат қилишган. Бу йил хонанда Зиёда ва Малика Эгамбердиева ҳаммани бир пиёла чойга таклиф қилди. Лекин у ерда ҳам кўринмадингиз. Ё улар билан муносабатларингиз яхши эмасми?



— Йўқ. Ҳаммаси билан жуда яхши муносабатдамиз. Ўша ўтиришга мени ҳам таклиф қилишганди. Лекин ўша куни режалаштирган бошқа ишларим борлиги учун бора олмадим. Очиғини айтсам, менга бундай давраларда ўтириш унчалик қизиқ эмас.



— Нима учун? У ердаги "суҳбат”лардан қочасизми?!



— (Кулиб) Сиз мени ёмон қистовга оляпсиз-да. Бир ишни бажараётганимда ўзимни гўё ҳеч нарсага улгурмаётгандек ҳис қиламан. Шунинг учун бундай тадбирларга боришни ҳам йиғиштириб қўйганман.



— Сўнгги вақтларда ижодингиздаги сустлик нимадан далолат?


— Мен ижодимни суст, деб айтолмайман. Чунки янгидан-янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Масалан, Наврўз байрамига фольклор йўналишда жуда катта чиқиш тайёрладик. Бундан ташқари, Самарқанд-Бухоро йўналишида 15 та қўшиқни ёзиб тугатдим. Биласизми, шунинг ўзи кишидан қанча меҳнат талаб қилади. Самарқанд-Бухоро йўналиши — жуда қадимий ва оғир йўналиш. Бу йўналишда қўшиқ куйлашдан аввал устозлар ижодини ўрганиш талаб этилади. Шахсан менинг бу борада хато қилишга ҳаққим йўқ!



— Маҳмуд Намозов қайси қўшиқларида ўз "мен”ини кўради?


— (Ўйланиб) 2012 йил лицензиям муддати тугатилиб, ижодимда бироз узилишлар бўлди. Ўшанда қаттиқ тушкунликка тушгандим. Бўлди, санъатимнинг охирги нуқтасига етиб келдим, шекилли, деган фикрда эдим. Яратганнинг ўзи менга куч бериб, ҳар қандай ёмон фикрларни онгимдан чиқариб ташлаб, ижод қилишга ундади. Орадан кўп ўтмай лицензиямни қайтариб беришди. Ва "2012 йил феврал” номли янги мусиқий альбом чиқардим. Бу альбомдаги қўшиқларни эшитиб кўрсангиз, нима демоқчи бўлганимни, ҳаётда бор топганларим-у йўқотларимни, Маҳмуд Намозов қалбан қандай инсон эканини билиб оласиз. Альбомни "2012 йил феврал” деб номлашимга сабаб, айни ўша дамда лицензиям муддати тугатилиб, қаттиқ тушкунликка тушганим бўлди.



— "Нола” гуруҳи ажралганида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулла Шомағрупов кўп нарса йўқотмади, мавқеини ушлаб қолди. "Сато” гуруҳи эса ажралиш арафасида турганидан хабарингиз бор. Кўпчиликнинг фикрича "Сато” ажралса, Тоир Қўзиев ютқазмайди. "Сурхон” гуруҳи ажралганидан ҳам сиз кўп нарса ютқазмадингиз. Аксинча, гуруҳ аввалги мавқеини ушлаб қола олмади.



— Бу мавзуга ортиқча тўхталиш тарафдори эмасман. Ваҳоланки, уларни таҳлил қилишга, керак бўлса танқид қилишга икки юз фоиз ҳаққим бор. Лекин бу марднинг иши эмас. Юқоридаги мисолларни жуда тўғри келтирдингиз. Биласизми, қачондир менинг ўғлим ва сиз қўшиқ айтсангиз, ўғлимнинг танилиб кетишига нисбатан кафолат кучлироқ бўлади. Чунки унинг ортида Маҳмуд Намозовдек отаси турибди. Бу мисолни бежиз келтираётганим йўқ. "Сурхон” гуруҳига ижодни ўшандай ушлаб туришга эллик фоиз кафолат бериб, ўзим нолдан бошлайман, деб чиқиб кетгандим. Аммо йигитлар гуруҳнинг олдинги мавқеини ушлаб туришни эплай олишмади. Хуллас, бу мавзуга ортиқча тўхталиб, кимнидир хафа қилиб қўйгим келмайди. Нима бўлса ҳам омадларини берсин.



— Гуруҳнинг бугунги фаолиятига қараб, нималарни ўйлайсиз?



— (Ўйланиб) ачинаман... Бу гуруҳнинг шу даражага етишига оз меҳнат қилмагандик.



— Ўтган йили бир тадбирда худди аввалгидек "Сурхон” гуруҳи таркибида чиқдингиз. Айни ўша дамда юрагингиздан нималар ўтди?



— Ҳеч нарса. Одам ўзи егиси келмаган овқатни зўрлаб едиришса қандай аҳволга тушади? Мен худди шундай бўлдим.



— Фольклор йўналишда ижод қилаётган санъаткорларимиздан бирортаси қандайдир янгилик қилмагунича, ҳамма қўл қовуштириб ўтирадиган бўлиб қолган. Сиз "Кўза афсонаси”ни куйлаб чиққанингиздан кейин Ҳосила Раҳимова ҳам шу йўналишдаги "Роксана” номли қўшиқни ҳавола этди. Лекин "Кўза”чалик оммалашмади. Умуман олганда бугунги ҳамкасбларингизнинг фольклорйўналишидаги ижодига қандай баҳо берасиз?



— Кимнидир яхши, кимнидир ёмон, дейиш фикридан йироқман. Лекин сиз айтган гапларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Яқинда бир шогирдим "Маҳмуд ака, бир қўшиқ ёзган эдим, эшитиб кўрсангиз. Клип ҳам олдирдим”, деб ёнимга келди. Сазасини ўлдирмай қўшиқни эшитиб, клипини томоша қилдим. Қўшиқ охирига етмасдан ҳалиги йигитдан  "Бу қўшиқни ким ёзди?” деб сўрадим. Ахир сен менинг йўналишимда ижод қилиб, "Ниҳол” мукофотини олгандинг-ку, туркча йўналишда қўшиқ айтишни ким қўйибди, сенга деб койиб бердим. Ҳалиги йигит шунчалар соддами билмадим, ҳатто "Клипингга қанча пул сарфладинг” десам, "Ҳозир дадамдан сўраб кўрай?” дейди. Демоқчи бўлганим, биз бу йўналишда анча йўлни босиб ўтдик. Шунинг учун навбат шогирдларнинг қўлидан тутиб, тўғри йўлни кўрсатишга. Қандай куйлашидан қатъи назар, ўзбеклиги билиниб турсин. Мана, масалан, Муниса Ризаевани ўз йўлида янгилик яратди, дейишади. Ваҳоланки, бу "йўл” аввал ҳам бор эди. Ўша биз бир пайтлар айтган замонавий ва этно қўшиқларнинг янгича услуби, холос. Аммо бу қиз айни шу йўналишда эътибор топдими, омадини берсин. Сардор Мамадалиев ҳам жуда катта санъат соҳиби бўлмаса-да, ўз йўналишини топган хонанда. Унинг ҳам ижоди ўзига яраша.



— Бугун сочига ҳатто оқ оралашга улгурмаган Маҳмуд Намозов икки набиранинг бобоси. Хўш, бобо бўлиш қандай экан?



— Бунга ортиқча таъриф бериб ўтирмайман. Чунки доно ота-боболаримиз энг содда, энг кўркам, энг ёқимли таърифни айтиб кетишган. Нима ҳам дердим "Данагидан мағзи ширин-да!”



Қамариддин ШАЙХОВ тайёрлади.

Фотомухбир: Равшан ШОКИРОВ.



Категория: Exclusive Intervyu
Просмотров: 4224 | Рейтинг: 0| Рейтинг: Маҳмуд Намозов, Сурхон
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 17:04
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное