"LG” компаниясининг "ақлли” телевизорлари ўз эгасининг
хабарисиз у ҳақдаги шахсий маълумотларни тўплаб, ишлаб чиқарувчига
жўнатиши маълум бўлди. Бу ҳақда британиялик блогер DoctorBeet хабар беради.
"LG” телевизорига эга блогер қурилмадан кетаётган трафикни ўрганиб чиқади
ва телевизор ўзи кўрадиган телеканаллар ва қурилмага уланадиган
"флешка”даги файллар ҳақидаги маълумотларни муайян манзилларга
жўнатаётганини билиб қолади. Маълумотлар шифрланмаган тарзда узатилган.
Телеканаллар ҳақидаги хабарлар ТВ идентификатори билан биргаликда ҳар
сафар бошқа каналга ўтилган пайтда жўнатилган. "Флешка”даги файлларнинг
номлари бирор бир мантиқсиз жўнатилган: "баъзида
папкадаги барча файлларнинг номлари юборилган, баъзида эса ҳеч
нима жўнатилмаган”, - дея қайд этади
DoctorBeet. Телевизор созланмалари менюсида "Кўрилганлар тўғрисида
маълумотларни тўплаш” (Collection of watching info) банди бор. Ушбу
функция автомат тарзда ёқилган, бироқ у ўчирилган тақдирда ҳам маълумотларни
жўнатиш барибир давом этади, дейди блогер.
"LG” компаниясининг ўзи реклама берувчилар учун мўлжалланган роликда
телевизорларда "Smart Ad” функцияси борлиги ҳақида ҳикоя қилади. У
фойдаланувчи томонидан кўриладиган
сайтлар, унинг севимли телекўрсатувлари ва интернетдаги қидирув
сўровлари ҳақида маълумотларни тўплайди. Ушбу маълумотлар реклама танлаш
учун фойдаланилади.
DoctorBeet ушбу "кузатув ишлари” ҳақида компаниянинг Британиядаги кўмак
хизматига маълум қилган. У ерда блогерга унинг сўровини бош офисга
жўнатишганини маълум қилишади. Шунингдек, блогерга телевизорни сотган
компанияга мурожаат қилишни ҳам маслаҳат беришган. Уларнинг сўзларига
кўра, фойдаланувчи телевизорни харид қилаётган пайтда "шартнома қоидалари
ва шартларини қабул қилган”.