Меню
Поиск
Фотоалбом
Главная » Файлы » SHOU-BIZNES HABARLARI

Хонандалар жонли ижро этмасликлари сабабини тушунтиришди

Санъаткорларнинг халқ хизматларида жонли ижрода қўшиқ куйламаётгани ёки куйлай олмаётгани анчадан буён муҳокама қилинаётган мавзулардан бири. Даракчи.uz шу муносабат билан кўзга кўринган баъзи хонандаларга ана шундай савол билан мурожаат қилди.


"НЕГА ТЎЙЛАРДА ФОНОГРАММАДАН ФОЙДАЛАНАСИЗ?”

 

"СОЗАНДАЛАРНИ ЖОЙЛАШ ВАҚТ ОЛАДИ”

Равшан Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Бугун санъаткорларни "навбатчи” тўйларидан кўра "бирровга” борадиган хизматлари кўп. Шунинг учун санъаткор барча тўйларга ўнга яқин созандалари билан гуруҳ бўлиб юролмайди. Гуруҳ бўлиб юрилганда ҳам тўйхонада бизга навбат келганда, мусиқа ускуналаризни созлашга анча вақт сарф бўлади Бундай шароитда келган меҳмонларни куттириб кўйишимиз эса яхши эмас. Даврани биздан олдингилар келиб "қиздириб” кетса-ю, биз мусиқа асбобларини созлаб меҳмонларнинг эътиборини тортишимиз нотўғри назаримда. Умуман, ўнта созандани жойлаш анча вақт олади. "Навбатчи” тўйларда эса шахсан мен созандаларим билан бориб, деярли ҳамма қўшиқларимни  жонли ижрода куйлайман.  


"ТАЛАБ, ШАРОИТ ВА ЖОНЛИ ИЖРОНИ ТИНГЛАШНИ БИЛГАНЛАР УЧУН”

Сардор Раҳимхон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Биласизми, тўй бу ўйин-кулги бўладиган давра. Тўйга меҳмонлар мазза қилиб рақсга тушишга боради. Демак, биз хонандалар ҳам сифатли, улар тинглашга одатланган оҳангдаги қўшиқларимизни тақдим этишимиз шарт. Вазифамиз шундан иборат. Жонли куйланимизда эса доим ҳам улар тинглашга одатланган даража бўлмайди. Бир сўз билан айтганда жонли овоз билан қўшиқнинг рақсинкорлигини таъминлаш қийин. Бу билан санъаткорни айбдор қилиб бўлмайди. Ҳамма нарса тингловчиларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилишини унутмаслигимиз керак. Масалан, мен кичкина давра, концертларда, талаб, шароит ва жонли ижрони тинглашни билганларга қараб жонли ижро қиламан.

 

"ТЎЙГА СОЗАНДАЛАРСИЗ БОРАМИЗ”

Лола Аҳмедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Мен тўй ва тадбирларда фақат мусиқанинг фонограммасидан фойдаланаман. Ўзим эса жонли ижрода қўшиқ куйлайман. Тўғри, гапларимни ўқиганлар "Лолани тўлиқ фонограммада куйлаганига ҳам гувоҳ бўлганмиз, боплаб алдаяпти” дейишлари мумкин. Санъаткор ҳам иссиқ жон. Унинг ҳам тоби бўлмай қолиши мумкин. Шундай пайтларда мажбуран мини дискка мурожаат қиламан. Бундан ташқари, тўй эгаларининг талабига кўра тўйга созандаларсиз борамиз. Бизни базмга таклиф қилганларнинг талабларини бажармасликнинг иложиси йўқ.

 

"НАВБАТЧИЛИКДА” 70 ФОИЗ ЖОНЛИ КУЙЛАЙМАН”

Анвар Собиров: — "Дежур” тўйларда 70 фоиз жонли ижрода куйлайман. Нега 100 фоиз эмас? Чунки баъзи машҳур, халқ тинглагиси келган қўшиқларни аранжировкасиз куйлаб бўлмайди. Қўшиққа берилган мусиқий безакларсиз куйланса, уни тинглаётганларга ғалати эшитилиши мумкин. 30 фоиз фонограммада куйлашимга сабаб шу.  Мисол учун, кўпчиликнинг юрагидан жой олган "Жийда гули” қўшиғини битта тадбирда жонли куйлаб кўрган эдим, кўнгилдагидек чиқамади. Биринчи навбатда ижроимдан ўзим қониқмадим. Жонли мусиқа кўнглимдагидек чиқмаса, уни бошқалар яхши қабул қилишига ишонмайман.

Ҳамма бирдек жонли ижрода куйлаши учун тўйхона ва концерт залларида бизга зарур техникалар ҳам бўлиши керак. Шунингдек, "бирров”га борганимизда бизга қўшиқларимизни куйлаш учун кўп вақт ажратилмайди. Навбат катта, ҳамма биринчи хизматдан иккинчисига шошади. Оз вақт ичида созандаларни жойлаштириб бўлмайди. Бундай шароитга тўй эгаларининг ўзлари ҳам рухсат беришмайди.


"ФОНОГРАММАДАН ФОЙДАЛАНИШГА МАЖБУР БЎЛАМИЗ”

Ҳосила Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Шахсан мен жонли куйлашга шароит бор жойларда куйлайман. Баъзида чекка қишлоқларга борганимда фонограммадан фойдаланишга мажбур бўламиз. Шароит шуни тақазо этади. Мезбонларни овора қилмаслик учун вилоятларга кичик бир жамоа бўлиб борамиз. Табиийки, созандалар гуруҳи бўлмаган тўйда фонограммадан фойдаланишга мажбурмиз.


"ҲАММА ТЎЙЛАРГА СОЗАНДАЛАР БИЛАН БОРОЛМАЙМАН”

Зиёда, "Ниҳол” мукофоти совриндори: — Ҳар қандай даврага ҳам хонанда тайёргарлик билан чиқиши керак. Масалан, мен тўйга борганимдан кейин шароитга қараб, фонограммадан фойдаланиш, фойдаланмасликни аниқлайман. Агар тўйнинг бошланиш вақтига таклиф этилган бўлсам, сокин оҳангдаги қўшиқларни жонли овозда куйлайман. Тўйнинг энг "қизиғи”га борганимда эса вақт танг бўлади. Ҳамма рақсга тушиш билан овора. Фонограммада куйламасликнинг эса, ҳеч иложи йўқ. Умуман, тўй эгаларининг талабидан келиб чиқиб куйлашга одатланганмиз. Ҳамма тўйларга ҳам созандаларим билан боришнинг имкони йўқ. Чунки талаб шундай қўйилади. 


"ТИНГЛОВЧИЛАР ЭЛЕКТРОН ОВОЗГА ОДАТЛАНГАН”

Шуҳрат, «Шод» гуруҳи вакили: — Шахсан "Шод” гуруҳи ҳамма давранинг ўз шароитидан келиб чиқиб ишлайди. Кўпчилик тўйхоналарда хонандалар учун етарли имкониятлар яратилмаган. Бирида микрофон, иккинчисида овоз кучайтиргичлар бизга панд бериши мумкин. Шунинг учун ноқулай вазиятга тушиб қолмаслик мақсадида, мусиқий фонограммадан фойдаланамиз.

Бугун кўпчилик фонограммадан фойдаланаётганимизни танқид қилишади. Аммо уларга бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Бугун замон илгарлаб боряпти. Тингловчилар электрон овозни тинглашга одатланган. Шундай экан, бизлар ҳам тингловчиларнинг қизиқишидан келиб чиқишимиз лозим. Биз жонли ижрода куйлашдан қочмаймиз, аммо компютерлашган йўналишдаги қўшиқларимизни жонли ижрода яхши чиқмаслигини, бизни танқид қилаётганлар англашса яхши бўларди.


"ҲАММАСИ ТЕХНИКАГА БОҒЛИҚ!”

Шоҳруххон: — Бу саволга шундай жавоб бериш мумкин: жонли ижрода ишлашимиз учун тўйхоналардаги техникалар йўл қўймайди.Тўйхоналар катта, уларнинг акустикаси ҳам турлича. Бизнинг жонли ижродаги қўшиғимиз, айнан техниканинг носозлиги сабаб, тўйхонанинг иккинчи томонига яхши эшитилмаслиги мумкин. Бу эса бизни тинглаётганларда норозилик уйғотади. Келажакда камчиликлар бартараф этилса, биз томонимиздан йўл қўйилаётган хатолар ҳам бартараф этилишини ишонч билан айта оламан.

 

Хонандаларимизнинг гапларида ҳам жон бор. Эътирозларга сабаб бўлаётган фонограммада куйлаш муаммосини ижобий ҳал қилиш учун, аввало санъаткорларга зарур шароит яратиб бериш керак. Аммо, бу билан уларни оқламоқчи эмасмиз. Чунки санъаткорлар томонидан юқорида келтирилган сабабларга қарамай, тўйда ва бошқа халқ хизматларида фақат жонли куйлаб келаётганлар борлиги барчамизга маълум. Ажаб эмас, келажакда уларнинг сони яна-да, ортса...

 


Manba:darakchi.uz



Категория: SHOU-BIZNES HABARLARI
Просмотров: 3281 | Рейтинг: 0| Рейтинг:
Mavzuga Oid Boshqa Yangiliklar:
Реклама

Всего комментариев: 0
Элатма: Сайт ходимлари ўзларига ёқмаган изоҳларни фаоллаштирмаслик ва огоҳлантирмасдан ўчириш ҳуқуқига эга. Изоҳлар ҳақида тўлиқ маълумот мана бу манзилда (босинг)
Имя *:
Email:
Код *:

Профил

Время: 23:43
Добро Пожаловать, Mexmon

 
Новинка у нас
Самое Популярное
Самое Популярное