Баъзан ёшларимизнинг аллақандай тушуниксиз қўшиқларни
варанглатганча машина бошқариб кетишаётганини кўриб, ёқа ушлаймиз. "Барака
топкур, қулоқ том битганми?” дейдиган одам йўқ! Бу нима, санъатга
ошуфталикнинг замонавий кўринишими ёки мусиқий дид ва ё "бойзеблик”ни
намоён этишнинг айрича "талқини”ми?
Кимгадир булбул, кимгадир чўл бақаси ёқади, табиийки, ўзига
ёққан таронани тинглашдан ҳеч кимни маҳрум қилолмайсиз (тем более,
демократия). Ахир кимдир ўзи ёқтирган "Ҳайлайли”ни бошқаларга ҳам атайин
эшиттириши шарт эмас-ку!
Кейинги пайтларда матбуотда, радио ва телеканалларда, борингки,
кўча-куйда ҳам бугунги санъаткорларнинг ижоди, юриш-туриши ҳақида бир-бирига
зид фикрларга тез-тез дуч келяпмиз. Дарҳақиқат, кейинги йилларда шунча танқиду
танбеҳларга қарамай, маза-матрасиз қўшиқлар эски новвойхонадаги сувараклардек
урчияпти. Ўғирланган "қуроқ” мусиқа, тумтароқ сўзлар ва "ўзига хос” ижро
маҳорати ҳақида ҳам бас деганча ёзилди, айтилди.
Лекин, айбни фақат шўрлик "юлдуз”ларимиздан қидиравериш ҳам инсофдан эмас.
Тингловчиларнинг ўзи, замонавий тилда айтганда аудитория айнан ана шундай
"танқидбоп” ижод намуналарини талаб қилаётган бўлса уларда не айб? Талаб
бўлмаса, сумакчи ҳам бозорга сумак ясаб чиқмасди.
Биз "сени севаман – ай лав ю” қабилидаги қўшиқларни "болға
остига” олганимиз билан минглаб ёшлар бу "санъат намуналари”ни ёд олишган.
Бундай қўшиқларнинг ижрочилари эса улар учун кумир (бу сўзнинг ўзбекчасини
билсангиз, ёзиб юборинг!) даражасига кўтарилган.
Биз "Шашмақом”ни ҳар қанча улуғлаганимиз билан, телеканалларда тарғиб қилингани
билан фарзандимиз бошқа каналда ўзбекча "рэп”ни эшитиб ўтираверади. Нега? Бу
давр талабими ёки оилада, мактабда, кўча-куйда, ОАВда миллий мусиқа
тарғиботининг сустлигидан далолатми? Ўйлаб ўйингизга етолмайсиз. Тўғриси, етти ёшли
ўғли кеча ўзи газетада "уриб” чиққан қўшиқни баралла қўйганча, отасига пешвоз
чиққкан журналистнинг ҳолатини кўз олдингизга келтиринг!
Раҳматли бобом "Ҳожи Абдулазиз ҳофизнинг қўшиқларини болалигимдан эшитиб
келаман” дердилар. Демак, ўша пайтлар ёш болалар "Бозиргон”ни, "Самарқанд
ушшоғи”ни, "Қурбон ўлам”ни севиб тинглашган.
Катта авлод
вакиллари ҳозир ҳам Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон
Узоқов, Фаттоҳхон Мамадалиев, Орифхон Ҳотамов, Таваккал Қодиров сингари
буюк ҳофизларимиз ижросидаги қўшиқларни соғинч билан, баъзида кўзда ёш билан
тинглашади.
Биз тенгилар ҳозирги пайтда болалигимизда, ўспиринлик давримизда "мода” бўлган
қўшиқларни тингласак, беихтиёр ҳаяжонланамиз, тўлқинланамиз. Яқинда бир
синфдошимнинг машинасида ўтириб қолдим. Магнитолада "Болалар”
гуруҳининг йигирма йиллар аввал "хит” бўлган қўшиқларини
варанглатиб, эшитиб кетяпти. "Болалар, бизлар сизларга, болалар, куйлар
сизларга...!”
- Қара,
ёшлигимизда эшитардик, зўр қўшиқ-да қурғур, эшитиб маза қиласан! Ҳозирги
ашулаларни эшитгим келмайди, қара мана бу - классика-да!
Классикамиш... Хўш, ўзи классика нима? Кеча яратилган, бугун ҳам ўз аҳамиятини
йўқотмаган, эртага ҳам йўқотмайдиган асарларга шундоқ таъриф бериларди,
адашмасам. Албатта, фақат бугунги кун учун хизмат қиладиган мусиқий асарлар ҳам
кўп, жуда кўп! Уларни нари борса яна бир-икки йил эшитишар.
Мен-ку, беш-ўн йил аввал ёшларнинг оромини ўғирлаган, энди аҳён-аҳёнда қулоққа
чалиниб қоладиган "мани мушукчам, мани балиқчам” сингари "трале-вале”ларни
эртага ҳеч ким эсламай қўйса, бунга ачинмайман. Аммо, орадан яна қирқ, эллик
йил ўтиб, Комилжон Отаниёзовни, Маъмуржон Узоқовни, Ортиқ Отажоновни
эшитмай қўйишса, мана бу ҳақиқий фожиа!
Ўзингиз ўйланг, бугун фақат ёш "юлдузларимиз”нинг қўшиқларини
жазавага тушиб тинлаётган ёшларимиз ҳам бир куни келиб улғаяди,
қарийди-ку! Улар ҳам вақти келиб, ота ёки бува бўлади-ку! Наҳотки, ўшанда
соқоли кўксига тушган чоллар, оқ рўмолли момолар "Уммон” ёки "”Беном”нинг
"классик” қўшиқларини "во ажаб” деб тинглаб ўтиришса? Тавба қилдим, тавбалар
қилдим-ей!
Яна ёш "юлдузларимиз” биздан ўпкалаб юришмасин! Уларга-ку гап йўқ. Аммо,
ҳақиқий ўзбекона мусиқамиз, миллий санъатимизнинг бардавом бўлишида улар ҳам ўз
ҳиссаларини қўшишиса, ёш мухлислар ҳам фақат енгил-елпи оҳангларга муқом
қилавермай, соф миллий мусиқамиз жозибасидан ҳам баҳра олсалар... бизнингча
ёмон бўлмасди.
Manba:darakchi.uz