Юртимизда "Китоб байрами” бошланди
Бугун Ғафур Ғулом номидаги Маданият ва истироҳат
боғида Республика "Китоб байрами” бошланди. Унинг доирасида турли
маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Тадбирлар нафақат пойтахтда, балки Қорақалпоғистон
Республикаси ва вилоят марказларида ҳам ўтказилади. Маълумотларга кўра,
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2014 йил 1 май ҳолатига 108
та нашриёт, 1750 та матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Республика
нашриётлари томонидан ҳар йили 2 минг номдан зиёд, умумий адади 40 млн.
нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда.
Республика "Китоб байрами”да юртимизда фаолият юритаётган
100 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари ўз китоб маҳсулотлари билан фаол
иштирок этмоқдалар.
Байрам кунларида иштирокчи нашриётлар томонидан сўнгги
йилларда чоп этилган 250 дан зиёд номдаги янги китобларининг тақдимотлари, Халқ
шоирлари ва ёзувчилари, ўнлаб таниқли ва ёш-истеъдодли адиб ва шоирлар ҳамда
ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар бўлиб ўтади.