Институт талабаси 19 млн сўмлик кредитга қандолатчилик
корхонаси очди
Ёшлар ижод саройида «Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»
шиори остида ёшлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган
хизматлар ва яратилган инновацион ғоялар кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар
беради ЎзА.
Тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий
ҳаракати шаҳар кенгаши ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси
Севара Худойберганованинг оилавий тадбиркорлик асосида қандолат маҳсулотлари
ишлаб чиқариш лойиҳаси 2012 йили «Ёш тадбиркор – юртга мададкор» танловида
ғолиб деб топилган эди. Натижада ёш тадбиркорнинг бизнес-режаси учун «Ипотека»
банкдан 19 миллион сўм кредит ажратилди. Бугунги кунда оилавий корхонада ойига
10 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказилмоқда. 20
нафар ёш ишга жалб этилган.
– Келгусида корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириб,
маҳсулотларимиз турини оширишни режалаштирганмиз, – дейди С. Худойберганова. –
Биз, ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Ватанимиз
тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш фарзандлик бурчимиздир.
Кўргазмада 120 нафардан зиёд ёш тадбиркор ишлаб чиқараётган
маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари ва хизмат кўрсатиш турлари намойиш
этилди. Шу билан бирга, мазкур кўргазмада пойтахтдаги олий ўқув юртлари
талабалари томонидан амалга оширилаётган илмий изланишлар ва яратилаётган
инновацион ишланмаларга ҳам кенг ўрин берилди.
Тадбирда банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари ёшларга
тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш имкониятлари, солиқ имтиёзлари,
улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари, тадбиркорлик субъектларига бу
борада берилган имтиёзлар хусусида маълумот берди. Ёшлар пойтахтдаги корхона ва
ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиш имконига ҳам эга бўлди.
Кўргазма доирасида ёш дизайнерларнинг ижодий ишлари намойиши
ва санъаткорларнинг чиқишлари ташкил этилди.