Митхун Чакраборти 1950 йилнинг 16 июнида ғарбий Бангалорда
оддий оилада туғилган. Отаси телефон компаниясида ишлар, онаси эса уй бекаси
эди. Оилада Митхундан ташқари уч синглиси ҳам бўлган.
60-йилларнинг охирларида Митхун давлатга қарши оқимга
аъзо бўлиб қолади, натижада отаси уни қутқариш мақсадида Бомбейга, амакисининг
олдига жўнатишга мажбур бўлади. Митхун мактаб давридаёқ ҳаваскорлик театрига
қатнаган, киноартист бўлишни орзу қилганди. Бомбейга келгач, у орзулари амалга
ошишига умид қила бошлайди.
Ёш Митхун пардозлик буюмлари сотадиган компаниялардан бирига
ишга жойлашди. У атторлик молларини бутун мамлакат бўйлаб реклама қилар ва
сотарди. Бир куни бўлажак юлдуз Бомбейдан 160 километр наридаги
Пуна шаҳрида жойлашган кино институтининг актёрлик факультетига қабул
бошлангани ҳақидаги эълонни ўқиб қолади.
Ташқи кўриниши ва туғма истеъдоди, сўзамоллиги унинг
имтиҳонлардан ўтишига ёрдам беради. Таҳсил чоғида Митхун Дулал Гухнинг "Икки
нотаниш” фильмида эпизодик лавҳада суратга ҳам тушди. Мазкур фильмда бош
ролларни Амитабх Баччан ва Рекха ижро этаётган эди. "Икки нотаниш” катта
муваффақият қозонди, бироқ ёш актёрнинг илк чиқиши икки номдор юлдуз соясида
қолиб кетди.
Шундан сўнг Митхун "Шоҳона ов” фильмида овчи ролини ижро
этди. У ўз роли ишонарли чиқиши учун маълум вақт давомида сентал қабиласи
орасида яшаб, уларнинг ҳаётини ўрганган, ҳатто ов жараёнида қатнашган эди. 1976
йилда "Шоҳона ов” экранларга чиққач, миллий кино анжуманида "Олтин нилуфар”
мукофотига сазовор бўлди, Митхун Чакраборти эса Ҳиндистоннинг энг яхши актёри
деб топилди.
Шундан кейин Митхун рақс шоуларида қатнашадиган бўлди, унинг
саҳнадаги шериги раққоса Хелен эди. Актёр фотомодел Хелен Льокни севар, аммо
камбағаллик туфайли у билан оила қура олмасди. Бахтга кўра, янги фильмига
кастинг эълон қилган таниқли продюсер Баббар Субхаш Чакраборти номзодига
тўхталди. Чиройли ва хушбичим ёш йигитча ҳар томонлама жосус ролига мос эди.
Унинг кучли жисмоний тайёргарлик кўришига ҳам тўғри келди. Фильм "SURAKSHA”
номи билан сотувга чиқди. Унинг муваффақияти ва сотувдан тушган фоизлар сабаб,
Митхун Хелен Льокка уйланди. Лекин улар кўп ўтмай ажрашишди.
1980 йилнинг ўзида Митхун 12 та фильмда суратга тушди. Унинг актёрлик фаолияти
юксакликка бўй чўза бошлади. Ўша пайтда суперюлдуз Амитабх Баччан
автоҳалокатга учраб, кинодан четлашган, Митхун омадли лойиҳага иштирок этиш
бахтига мушарраф бўлди. Натижада "Диско раққоси” фильми уни бутун дунёга машҳур
қилди.
1982 йилда Чакраборти ҳинд кинематографиясидаги беш нафар
етакчи актёрлар рўйхатига киритилди. Кейинчалик у иккинчи марта собиқ актриса
Йогита Балига уйланди. 1986 йилда Митхун Чакраборти Ҳиндистондаги энг кўп солиқ
тўлайдиган жисмоний шахс деб топилди. У кинодан ташқари меҳмонхона индустрияси
билан ҳам шуғулланар эди.
1999 йилда Митхун Чакраборти энг кўп яъни 249 та фильмда бош
ролни ижро этган актёр сифатида рекордлар китобига киритилди. Унинг
иштирокидаги жами фильмлар 400
га яқин эди.
Чакраборти ҳозирги кунда ҳам энг бадавлат кишилардан
ҳисобланади. Унинг Намакши (Мимо), Махакшай, Ушми исмли ўғиллари ва Дишани
исмли қизи бор.
Митхун Чакраборти ўзбек ва ҳинд киноусталари томонидан суратга олинган "Овчи”
фильмда ҳам иштирок этган. У Ўзбекистонга бир неча марта ташриф буюрган.
Яқинда, яъни 28-29 май кунлари «Истиқлол» санъат саройида ўтказилиши
режалаштирилган «Санъат дўстликка чорлайди» деб номланган шоу-концерт дастурида
ҳам 62 ёшли актёрнинг меҳмон бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирги кунда Митхун Чакраборти актёрликдан ташқари, режиссёр ва продюсер
сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Manba:darakchi.uz