Кеча Фонд Форум ва "Меҳр нури” жамғармаси томонидан ўтказиб
келинаётган Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастурига аризаларни қабул
қилиш жараёни бошланди.
Фонд Форум матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу дастурга олий ўқув
юртларининг 1-3-босқич талабалари ҳужжатларни "Меҳр нури” жамғармасига
топширишлари мумкин. Бундан кўзланган мақсад тахсил олаётган иқтидорли ва
интилувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва янги марралар сари ундашдир. Аризалар
2013 йилнинг 10 июлига қадар қабул қилинади.
2012 йилгача дастурда 2- ва 3- босқич талабаларигина иштирок этишлари мумкин
эди. Дастур қамровини кенгайтириш, янада кўпроқ ёш иқтидорларни жалб этиш
мақсадида 1 курс талабалари ҳам унда иштирок этадиган бўлишди. Танловдан
муваффақиятли ўтган талабаларга бир йил мобайнида қўшимча стипендия тўланади.
Стипендия тўловини кейинги йилларга ҳам узайтириш мумкин. Бундан ташқари, улар
маҳорат дарслари ва тренингларда иштирок этишлари, Фонд Форум ва ҳамкор
ташкилотларнинг турли тадбирларида қатнашишлари мумкин.
Дастур ғолибларини аниқлашда уларнинг ўқишдаги
муваффақиятлари, жамоат ишларидаги фаоллиги, ижодий ёки илмий салоҳияти, мақсад
сари интилиши ҳамда мамлакат ривожига ҳисса қўшишга бўлган иштиёқи инобатга
олинади.
2006 йилдан бери мазкур лойиҳада 8 мингдан ортиқ талабалар иштирок этган,
уларнинг 717 дан ортиғи ғолиб бўлган. 207 нафар талабага стипендия тўлаш
муддати узайтириб берилди. Умумий ҳисобда 358 млн. сўм. ажратилган.
Manba:darakchi.uz