Кеча Гулнора Каримова ўзининг Twitter саҳифасидаги микроблогида ТВМ каналида намойиш
этиладиган "Премьера" кўрсатувини танқид қилди.
У билан фаол мулоқотга киришган фойдаланувчилар мазкур кўрсатувда намойиш
этилаётган янги клипларга муносабат билдиришга мусиқий танқидчилар сифатида
кечагина шоу-бизнесга кириб келиб, бир-иккита клип чиқарган ижодкорларнинг
таклиф қилинишини таъкидлашди. Бунинг устига таклиф қилинганларнинг аксарияти
тақдимоти бўлиб ўтган клипларнинг талабга жавоб бермаслиги ва плагиат бўлишига
қарамай уларга ижобий фикр билдиришлари айтиб ўтилди.
Мавзу юзасидан фикр билдирар экан, Гулнора Каримова ҳозирда
шоу бизнесдаги санъаткорларнинг кўпчилиги кўчирмакашлик билан шуғулланишини
ёзади. Шу ўринда у Райҳоннинг янги имижи хусусида гапириб, ундан бу тарздаги
плагиат кутмаганлигини таъкидлади.
Ўғирланган мусиқа ритми, савиясиз шеър ва клипга мусиқий танқидчилар нимага кўз
юмиб ўтаётганлигини аянч билан таъкидлаган Гулнора Каримова креатив тарафдори
эканлигини айтиб ўтди.
Твиттердаги мулоҳазаларида у шунчаки маҳоратли режиссёрлар
ҳам йўқлигига урғу берди. Шу ўринда шоу-бизнес вакилларининг шуҳрат ва енгил
пул топишга ишқибоз бўлиб қолганликларидан афсусда эканлигини баён қилди.
Дарвоқе, Гулнора Каримова Шаҳзоданинг янги Chicco клипи унга
жуда ёққанлигини таъкидлаб ўтди.
Manba:darakchi.uz