12 сентябрь куни Нью-Йорк мода ҳафталиги (NYFW) доирасида Нью-Йорк шаҳридаги Dimenna Мумтоз мусиқа марказида америкалик таниқли дизайнер Лорис Дираннинг (Loris Diran) "Самарқанд” деб номланган 2014 Баҳор/Ёз аёллар ва эркаклар либослари коллекцияси намойиши бўлиб ўтди.
Диран ва GULI бренди ҳамкорлигининг илк маҳсули ҳам мазкур коллекциядан ўрин олди. Лорис Диран ўзининг заргарлик буюмлари, либослари коллекциялари ва аксуссуарларида бугунги дунё модасининг замонавий тенденцияларини шарқона нафосат билан уйғунлаштира олган таниқли дизайнерлардан ҳисобланади. Диран ўзининг либослар коллекциясини GULI брендининг шарқона услубда ишланган қимматбаҳо безаклари ва чиройли аксессуарлари (клатчлар, сумкалар, ёқалар, белбоғ ва оёқ кийимлари) билан бойитди.
Муаллифнинг Ўзбекистонга қилган сафари "Самарқанд” деб номланган ушбу коллекциянинг яратилишига сабаб бўлди. Лорис Диран санъат, дизайн ва мода бўйича Марказий Осиёдаги энг катта лойиҳа Art Week Style.Uz ҳафталигида 2012 йил ўз ишларини намойиш этган эди. Айнан ўшанда дизайнерда Нью-Йорк шаҳрининг замонавий руҳи ва Шарқнинг дилларга ўзгача кайфият берувчи нафосатини ўзида уйғунлаштирган коллекция яратиш ғояси пайдо бўлганди.
Шарқ бозорларининг ўзига хос руҳи, қадимий ва маҳобатли меъморий иншоотларнинг ҳашамати Лорис Диранга ғарблик сайёҳнинг кўрган-кечирганлари, бетакрор нақшли безаклар, сатин ва ипак матолар ҳақида ҳикоя қилувчи "эртак” яратишга туртки бўлди.
"Мени нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки бу мамлакат халқининг ўз маданияти, тарихи, қадимий анъаналарига бўлган муносабати ҳам илҳомлантирди. Лекин ҳаммасидан ҳам кўпроқ мени GULI бренди ва унинг муаллифи Гулнора Каримова ҳайратда қолдирди. У ноёб заргарлик буюмларини, турли либослар, аксессуарлар ва бошқа кўплаб нарсалар яратади, қўшиқ куйлайди. Мен намойиш вақтида унинг композициясидан фойдаландим, уйда ҳам тез-тез унинг қўшиқларини тинглаб тураман. Асосийси, Гулнора Каримова қадимий анъаналарни қайта жонлантирмоқда, айнан миллий маданиятдан куч олган ҳолда иш олиб бораётган ёш дизарнерлар, рассом ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб, замонавий мода ва дизайннинг ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Мен Гулнора Каримова томонидан ташкил этилган Art Week Style.uz ҳафталигага ўз коллекциямни намойиш қилишга борганимда, тан олиб айтишим керак, бу мамлакат ҳақида кўп нарса билмасам ҳам бундай кенг масштабдаги тадбир бўлишига шубҳам йўқ эди. Carolina Herrera, Versace, Dolce&Gabbana каби дунёга машҳур брендлар у ерда ўз намойишларини ўтказишди. Бундай Art Week Тошкентда ҳар йили кузда ўтказилади. Мен ўзим учун Буюк ипак йўлидаги жуда бой маданият ва ўзига хос анъаналарга эга бўлган замонавий ва жўшқин ҳудудни кашф этдим. Ўшанда мен ўзимнинг кейинги коллекциямни Ўзбекистонга бағишлайман, деб ўйлагандим. Ўзимнинг эстетик тасаввурларимни Марказий Осиё ғоялари, газламалари ва ранглари билан уйғунлаштирган ҳолда коллекция яратиш мен учун жуда завқли кечди. GULI брендининг заргарлик буюмлари ва аксессуарлари коллекциянинг фавқулодда ажойиб чиқишига имкон яратди!”, - дейди коллекция муаллифи Лорис Диран.
NYFWда ўз ижодий изланишларини доимий равишда намойиш этиб келувчи дизайнер айнан мана шу коллекция билан яна Нью-Йорк подиумига чиқди. Охирги икки йил мобайнида Лорис Дираннинг коллекциялари истисно тарзида Италия ва Осиёда намойиш этилганди. Диран томонидан яратилган либосларни Сара Джесика Паркер, Бейонсе, Ne-Yo, Рики Мартин, Жонатан Риз Майерс, Николлетт Шеридан, София Милос, Бритни Спирс, Лив Шрайбер, Андрю МакКарти ва бошқа машҳур кишилар эгнида кўриш мумкин.