Олий ўқув юртларига қабул қилиш тест синовларидан норози
бўлиб, бош прокуратурага кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Kun.Uz сайтининг «Huquq» газетасининг
28 март сонида Бош прокуратура бошқарма прокурори Аҳрор Арзиев маълумотларига
таяниб ҳабар беришича, уларнинг барчаси ўрганилиб, абитуриентларнинг бузилган
ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Масалан, Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро М. Кабированинг фарзанди Тошкент тиббиёт
академиясининг Фарғона филиалига кириш учун тест синови баллари нотўғри
ҳисобланганлиги ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқиш натижаси бўйича ҳақиқатан ҳам
унинг натижалари 100 баллга камайтириб ҳисоблангани аниқланди.
Қайта ҳисоблаш натижаларига кўра, у давлат гранти асосида талабалар сафига
қабул қилинди. Шу каби, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, фуқаро
Г.Абдуллаеванинг Тошкент тиббиёт академиясига давлат гранти, Ш.Муртазаеванинг
эса Тошкент давлат педагогика университетига тўлов-контракт асосида талабаликка
қабул қилиниши таъминланди.
Бундан ташқари, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг 7та, Давлат тест
марказининг эса 11та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари амалдаги қонунларга зидлиги,
уларда талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқларини чекловчи нормалар
мавжудлиги аниқланиб, келтирилган протестларга асосан бекор қилинди ва
қонунларга мувофиқлаштирилди.
Арзиевнинг ёзишича, прокуратура томонидан олим таълим муассасаси билан
талабалар ўртасида тузиладиган контракт шартномасининг қонунийлиги
ўрганилганда, битирувчи талабалар охирги ўқув йилининг июль ва август ойларида
амалда олмайдиган стипендиялари суммаси контракт тўловига асоссиз равишда
киритилгани аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан амалда бўлган тегишли Йўриқномага
ўзгартириш киритиш ҳақида протест киритилиб, қонунийлик таъминланди.